Линклар

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 9 май куни Тошкентда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилган тадбирда илк бор Украинадаги ҳодисаларга муносабат билдирди. Каримов Украинадаги бўҳрон тинч йўл билан бартараф этилиши кераклигини таъкидлади.

9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан журналистларга суҳбат берган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов: "Айрим жойларда қон тўкилаётгани барчамизни ташвишга солмасдан қўймайди",- деди.

- Айрим жойларда қон тўкилаётгани, низо ва адоватлар авж олаётгани, фашизм деган бало яна бош кўтараётгани, миллатчилик, шовинизм каби хавфли офатлар майдонга чиқаётгани, бир сўз билан айтганда, вазият тобора кескинлашиб, хавф-хатарлар ортиб бораётгани барчамизни ташвишга солмасдан қўймайди, - деди Каримов.

Ўзбекистон Президенти журналистлар билан учрашув чоғида Украинда юзага келган бўҳрон тинч йўл билан ҳал қилиниши кераклигини таъкидлади:

- Қарама-қаршиликларни ўз вақтида тўхтатиш керак. Бирор нарса йўқки, тинч йўл билан ҳал қилиб бўлмаса. Бунда сиёсий ирода зарур. Украин ва руслар доим бир-бирлари билан дўст бўлган. Тинчликда яшаб келган. Руслар украинга, украинлар русга уйланган, - деди Каримов.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг март ойидаги баёнотида ҳам Украинада юзага келган зиддиятни халқаро ҳуқуқ доирасида тинч йўл билан ҳал қилиш лозимлиги таъкидланганди.

Лекин Ўзбекистондаги расмий матбуотда Украина ҳодисаларига муносабат ҳануз кўринмайди. Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Украинадаги воқеаларни Россия каналлари орқали кузатаётганликларини айтишади.

Айни пайтда Украинадаги айирмачиларнинг рамзига айланган "Георгий ленталари" Тошкентда пайдо бўлди.

Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 69 йиллиги муносабати билан Тошкентда 33 минг дона "Георгий лентаси" тарқатилган.

Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди. Элчихона 21 апрелдан 8 майгача Ўзбекистонда “Георгий лентаcи” тадбирини ўтказган эди.

Элчихона расмийлари Ўзбекистонда "Георгий ленталари"га катта қизиқиш бўлганини иддао қилишмоқда.

"Бу тадбир ғалаба кунининг 69 йиллигига бағишлангани айтилаётган бўлса-да, “Георгий ленталари” Кремль пропагандасининг рамзи ўлароқ Украина шарқидаги айрмачилар томонидан ишлатилаётгани маълум", демоқда кузатувчилар.

Сўнгги ойларда "Георгий ленталари" Украинадаги айирмачиларнинг рамзига айланиб улгурди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG