Линклар

logo-print

“Евровидение”да соқолдор хоним ғолиб чиқди


“Евровидение-2014” қўшиқ танлови ғолиби Кончита Вурст.

“Евровидение-2014” қўшиқ танлови ғолиби Кончита Вурст.

Кончита Вурст тахаллуси билан танилган австриялик Томас Нойвирт “Евровидение-2014” қўшиқ танловининг финал босқичида ғалаба қозонди. “Феникс янглиғ ҳаётга қайтаман” (Rise Like a Phoenix) қўшиғини ижро этган хонанда овоз бериш натижаларига кўра 290 балл жамғариб, рақибларини анча ортда қолдириб кетди.


Трансвестит Кончита Вурстнинг зафари Европадаги толерантлиликнинг рамзи ўлароқ баҳоланмоқда.

“Евровидение-2014” танловида иккинчи ўрин Ҳолландиядан бўлган The Common Linnets гуруҳига (238 балл) насиб этди. Учинчи ўринни эса швециялик Санна Нильсен (218 балл) эгаллади.

Украиналик қўшиқчи Мария Яремчук.

Украиналик қўшиқчи Мария Яремчук.

Ҳозир ҳар жабҳада бир-бировини доғда қолдиришга уринаётган Украина ва Россия вакилларининг “Евровидение”даги баҳсида украиналик қўшиқчи Мария Яремчукнинг қўли баланд келди. 113 балл жамғарган ва олтинчи ўринни эгаллаган Яремчук 89 балл йиққан ва еттинчи ўринни эгаллаган опа-сингил Мария ва Анастасия Толмачеваларни ортда қолдирди.
Россия вакиллалари опа-сингил Толмачевалар.

Россия вакиллалари опа-сингил Толмачевалар.


Овоз бериш чоғида россиялик томошабинлар энг кўп Арманистон вакилига овоз беришди. Россиялик томошабинлар меҳрини қозонган қўшиқчилар ичида иккинчи ўринни белоруссиялик, учинчи ўринни австриялик, тўртинчи ўринни украиналик қўшиқчи эгаллаган. Энг кўп овозни Польша вакилига берган украиналиклар эса иккинчи ўринда арманистонлик, учинчи ўринда эса россиялик хонандаларни қўллаб, овоз берди.

10 май куни ўтказилган “Евровидение” финалида Украина, Белоруссия, Озарбайжон, Исландия, Норвегия, Руминия, Арманистон, Черногория, Польша, Греция, Австрия, Германия, Швеция, Франция, Россия, Италия, Словения, Финляндия, Испания, Швейцария, Венгрия, Мальта, Дания, Ҳолландия, Сан-Марино ва Буюк Британия вакиллари ўзаро куч синашди.

“Евровидение” қўшиқ танлови 1956 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинади. Сўнгги баҳсда вакили ғолиб бўлган мамлакат танловга мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритади. Ўтган йили Дания вакили ғолиб бўлгани сабабли бу йил “Евровидение” Копенгагенда ўтказилди.

Данияга мезбонлик ҳуқуқини ўтган йили Швециянинг Мальмё шаҳрида бўлиб ўтган “Евровидение” қўшиқ танловида ғолиб чиққан Эммили де Форест олиб берганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG