Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:33

Украина шарқидаги референдум, деб аталган тадбир бўҳронни янада кескинлаштирди


Ukraine -- A member of a local election commission takes a ballot after all ballots were taken from a ballot box as the commission start counting votes of today's referendum on the status of Luhansk, May 11, 2014
Ukraine -- A member of a local election commission takes a ballot after all ballots were taken from a ballot box as the commission start counting votes of today's referendum on the status of Luhansk, May 11, 2014

Украина шарқида россияпараст айирмачилар уюштирган референдум мамлакатдаги бўҳронни янада чуқурлаштириб, томонлар ўртасидаги бўлинишни кескинлаштирди. Россия буни "халқ иродаси", дея атамоқда. Украина ҳукумати ва Ғарб давлатлари эса "қонун кучига эга бўлмаган" "мунофиқлик" дея, тадбир натижалари тан олинмаслигини айтмоқда.

Украина шарқида россияпараст айирмачилар уюштирган референдум мамлакатдаги бўҳронни янада чуқурлаштириб, томонлар ўртасидаги бўлинишни кескинлаштирди. Россия буни "халқ иродаси", дея атамоқда. Украина ҳукумати ва Ғарб давлатлари эса "қонун кучига эга бўлмаган" "мунофиқлик" дея, тадбир натижалари тан олинмаслигини айтмоқда.

Москва Украина ҳукумати мамлакат шарқидаги айирмачилар билан рефрендум натижалари бўйича музокара қилиши керак демоқда.

Кремль 12 май куни эълон қилган баёнотда Донецк ва Луганск вилоятларида ўтказилган референдумда билдирилган “халқ иродасини” ҳурмат қилиши таъкидланади.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина бўҳронини ҳал қилиш бўйича музокараларга айирмачиларни қўшмасдан “ҳеч нарсага эришиб бўлмайди”, дея баён қилди.

- Биз Донецк ва Луганск вилоятларида халқ билдирган иродани ҳурмат қиламиз. Овоз бериш натижаларининг маданиятли тарзда, зўравонликларни такрорламаган ҳолда, Киев, Донецк ва Луганск вилоятлари вакиллари ўртасидаги музокаралар орқали амалга тадбиқ қилинишига умид қиламиз,- деди Лавров.

Шарқий Украинадаги россияпараст айирмачилар етакчилари рефередумда овоз берганларнинг аксар кўпчилиги мустақиллик учун овоз берганини иддао қилди.

Ўзини Донецк Халқ Республикаси деб эълон қилган минтақа етакчиси Денис Пушилин 12 май куни Россия-24 телеканалига телефон орқали берган интервьюсида референдум, деб аталаётган тадбирда минтақа мустақилликни қўлга киритганини иддао қилди.

- Овоз бериш натижаларига кўра, биз суверенитетга эришдик. Бундан эътиборан ўз манфаатларимиз ҳамда сиёсий ва иқтисодий фойдамизга қараб иш тутамиз,- деди айирмачилар етакчиси.

Донецкдаги россияпараст исёнчилар иддаосига кўра, Донецкдаги сайловчиларнинг 89,7 фоизи “ҳа”, дея овоз берган, давомат эса 75 фоизни ташкил қилган. Дастлабки натижалар сайлов тугашидан икки соат ўтар-ўтмас эълон қилинди.

11 май куни Луганск вилоятида ҳам референдум, деб аталаётган тадбир ташкил қилинди ва айирмачилар сайловчиларнинг 96 фоизи минтақанинг мустақиллиги учун “ҳа”, деб овоз берганини иддао қилмоқда. Ўзини Луганск сайлов комиссияси раисининг ўринбосари деб эълон қилган Олександр Малихинга кўра, сайловчилар давомати 81 фоизни ташкил қилган.

Бирорта халқаро ташкилот кузатмаган референдумни Украина ҳукумати ва кўплаб Ғарб давлатлари ноқонуний дея атаб, натижаларини тан олмасликларини билдирди.

Овоз бериш жараёнини ёритган агентликлар кўплаб қонунбузарликлар, жумладан одамлар бир неча бор овоз бергани, ёш болаларнинг сайлов бюллетенларни қутига ташлаганига доир хабарларни берди.

Шунга қарамасдан, Москва овоз бериш натижалари “маданиятли тарзда амалга тадбиқ қилиниши” лозим, демоқда.

Ғарб сиёсатчилари 11 май куни россияпараст айирмачилар уюштирган тадбирни танқид остига олди.

Швеция Ташқи ишлар вазири Карл Билдт ўз Twitter саҳифасида “Украина шарқида ўтказилган сохта референдумнинг натижалари ҳам сохта бўлиши аниқ. Бунда қанча одам қатнашгани ҳам катта шубҳа остида”, дея муносабат билдирди.

Франция Президенти Франсуа Олланд референдум натижаларини “қонун кучига эмас”, дея эълон қилди.

АҚШ Давлат департаменти референдумни Украинада “бўлиниш ва тартибсизликларни янада авж олдиришга қаратилган ҳаракат”, дея баҳолади.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги рефередумни Москва томонидан уюштирилган “жиноий мунофиқлик”, дея атади. Вазирлик баёнотида овоз бериш “Кремль томонидан уюштирилди, ташкил қилинди ва молияланди”, дея таъкидланади.

Танқидларга қарамасдан Донецк айирмачилари етакчиси Денис Пушилин кейинги қадам Донецк вилоятида ҳукумат ва ҳарбий тузилмаларни яратиш бўлади, дея эълон қилди.

Ўзини Донецк вилоятининг “халқ губернатори” деб эълон қилган Павел Губарев Россия телеканалига берган интервьюсида референдумлар Украина шарқида “Новороссия” номли янги мамлакатни яратиш йўлидаги биринчи қадам, дея иддао қилди.

Луганск вилоятидаги россияпараст йирмачилар вилоят ҳудудида 25 май кунига белгиланган Украина президенти сайловининг ўтказилишга йўл қўймасликларини айтмоқда.

Ўзини Жануби-шарқ армияси матбуот вакили деб эълон қилган Васил Микитин Луганск шаҳрида 12 май куни қилган чиқишида, минтақа “Луганск Халқ Республикаси”, деб эълон қилингани боис 25 май кунги Украина президент сайлови минтақада ўтказилмайди, дея таъкидлади.

Украина шарқида Киев расмийлари томонидан эълон қилинган аксилтеррор амалиёти давом этаётгани фонида 12 май куни ҳам таранглик сақланиб қолди.

Айни пайтда, бугун Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Украина бўҳронини муҳокама қилгани Брюсселда учрашмоқда. Европа Кенгаши аъзолари Россия ширкатларига қарши санкцияларни кучайтириш масаласини кўриб чиқади.

Кун тартибидаги асосий масалалардан бири Украина бўҳронига ҳисса қўшаётган ширкатларнинг активларини музлатишни осонлаштирувчи механизмларни ишлаб чиқишдир.

Айни пайтда Европа Кенгаши раиси Ҳерман Ван Ромпей бугун Украинага сафар қилиб, 25 майга белгиланган президент сайлови олдидан мамлакатда барқарорлик ўрнатиш масаласини Киев расмийлари билан муҳокама қилади.
XS
SM
MD
LG