Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:30

Аl: Қийноқлар кенг тарқалган кўринишлигича қолмоқда


Халқаро Амнистия ташкилоти БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси қабул қилинганидан буён орадан ўттиз йил ўтганига қарамай, қийноқ дунёнинг кўп жойларида кенг тарқалган кўринишлигича қолаётгани ҳақида баёнот берди. Мазкур баёнотда Ўзбекистондаги қийноқларга оид вазият ҳақида ҳам тўхталинган.


Халқаро Амнистиянинг (Amnesty International) 13 май куни ёйинланган баёнотида ташкилот “Қийноқларга чек қўяйлик” деган ном билан қийноқ ва аёвсиз муносабатнинг бошқа турларига қарши кураш бўйича глобал кампания бошлаши ҳақида таъкидланади.

Amnesty International ташкилотига кўра, дунёдаги кўплаб ҳукуматлар қийноқларни қонунлар билан тақиқлаш баробарида уларни амалда қўллашдан тийилмай, иккиюзламачилик сиёсати юритмоқда.

Ўз кампанияси доирасида Халқаро Амнистия Ўзбекистондаги қийноқлар билан боғлиқ вазиятга ҳам алоҳида эътибор қаратади. AI вакиллари эътирофича, бу мамлакатда қийноқлар аввалда бўлгани каби кенг тарқалган, бироқ қийноқ қўлловчилар жавобгарликка тортилмаяпти.

Халқаро майдонда фаол бўлган ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда судлар кўпинча қийноқлар остида олинган иқрорномаларга асосан ҳукм чиқаришини, қийноқдан шикоят қилиш жиддий босимларга, шу жумладан, таъқиб, қўрқитиш ва янада аёвсизроқ қийноқларга сабаб бўлиши мумкинлигини қайд этадилар.

Халқаро Амнистия вакиллари ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари кенг кўламда фойдаланадиган қийноқ усуллари орасида калтаклаш, бўғиш ва зўрлаш кабиларни келтирадилар.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастури директори Жон Далхайзен ҳозирги пайтда Марказий Осиё минтақасида қийноқлар бўйича вазият дурустроқ бўлган бирорта ҳам мамлакат йўқлигини айтади.

Далхайзен Марказий Осиё мамлакатларини “қийноқ қўллаганлик учун жазосизлик машруълашган, қийноқлар бўйича тадқиқотлар жуда кам ўтказилган, бори ҳам мустақил ва асосли бўлмаган ҳамда сиёсий истеблишменти қийноқ муаммосини бартараф этиш учун ўз эли дардига қулоқ тутмайдиган давлатлар” ўлароқ таърифлайди.

БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1984 йилдан буён жаҳондаги 155 мамлакат ратификация қилган. Шулардан 142 тасида Amnesty International ташкилоти ўз тадқиқотларини олиб боради.

Ўзбекистон Халқаро Амнистиянинг фаолияти чеклаб қўйилган кам сонли мамлакатлардан биридир.

Amnesty International ташкилоти қийноқларга қарши глобал кампания бошлаши ҳақида эълон қилиши Андижон қатлиомига 9 йил тўлган кунга тўғри келди.

2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеаларда, расмий маълумотларга кўра, 187 киши ҳалок бўлган. Мустақил манбалар эса фожеа қурбонлари сони бундан бир неча ўн баробар кўп бўлганини таъкидлайдилар.

Мазкур воқеалардан кейин турли оғир жиноятларда айбланган юзлаб андижонликлар қамалган. Бу маҳкумлардан айримлари қамоқда қийноқдан жон бергани ҳам маълум.

XS
SM
MD
LG