Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:19

HRW: Андижондаги оммавий қирғин бўйича иш ёпилган эмас


Андижон қатлиомининг 9 йиллиги муносабати билан чиқарган баёнотида Хьюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов АҚШ ва Европа Иттифоқи Андижон қирғини бўйича мустақил тергов ўтказилишига эришиш учун Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиши кераклигини таъкидлади.


2005 йилнинг 13 май куни Андижонда ўзбек ҳукумат кучлари намойишга чиққан оломонни огоҳлантиришсиз ўққа тутиши оқибатида юзлаб одам нобуд бўлганди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳодисаларда исломий жангариларни айблаб, бу юзадан мустақил тергов ўтказиш талабларини рад қилиб келади.

Хьюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердловнинг таъкидича, Андижон воқеаларидан буён ўтган тўққиз йил ичида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи янада ёмонлашган.

- Андижон қатлиоми ҳеч қачон унутилмайди. Андижондаги хунрезлик ҳодиса гувоҳларининг хотирасига ўрнашган. Бу воқеани ҳукумат аҳолидан яширишга уриниб келаётганига қарамай, 13 май қатлиоми мамлакат аҳолиси онгида оғриқли из қолдирди, - дейди Свердлов.

Андижондаги қирғиндан сўнг Ўзбекистон ҳукумати фуқаровий жамият фаоллари ҳамда ҳуқуқ ҳимоячилари билан бирга Андижон қирғини шоҳидларини таъқиб этиб, халқаро ташкилотлар ҳамда мустақил журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилиб келмоқда.

- Айрим андижонлик қочқинлар ҳозир гапиришга қўрқаяпти, гапириб қўйса Ўзбекистондаги яқинлари қийноққа солиниши мумкин. Гапираётган андижонликлар ҳам бор. Бир неча кун олдин Ҳусанбой Рўзиев исмли андижонлик қочқин юзлаб намойишчиларнинг ўлими юзасидан БМТга мурожаат этишини айтди. Яъни, Ўзбекистон ҳукуматини Андижон бўйича жавобгарликка тортиш ва адолатни тиклашга уринаётганлар бор, - дейди Свердлов.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ҳамда Қийноқларга қарши қўмитаси ходимларининг Андижон воқеалари бўйича тергов ўтказишига Тошкент ҳануз рухсат бермай келмоқда.

Стив Свердловнинг таъкидича, АҚШ ва Европа Иттифоқи Андижон қирғини бўйича тергов ўтказилишига эришиш учун Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиши керак.

- Ғарблик мулозимлар Ўзбекистонга ташрифлари чоғида бу масалани мунтазам кўтаришлари керак. Яқинда, АҚШ Давлат котибининг муовини Улиям Бернс ҳам Тошкентга борганида Андижон масаласини мухокама қилиш ва ўзбек ҳукуматини Андижон бўйича тергов ўтказишга чақириш имконига эга эди. Бизнингча ғарб ҳукуматлари Ўзбекистонни тўққиз йил авалги мудҳиш воқеалар бўйича терговга кўндириш ва бу мамлакатдаги қийноқларга чек қўйиш учун барча имконларни ишга солиши керак, - дейди Хьюман Райтс Уотч тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Андижон қирғини гувоҳларини таъқиб қилиш тўхтатмади

Хьюман Райтч Уотч ташкилоти 2010 йилда Австралиядан қайтиши билан 10 йилга қамалган Андижон ҳодисаларининг гувоҳи Дилором Абдуқодированинг қамоқ муддати яқинда ёпиқ маҳкама билан узайтирилганини ўрганди. Тўрт йилдан буён қамоқхонада қолаётган Абдуқодирова қамоқхона қоидасини бузган, деган айблов билан унга саккиз йиллик муддат қўшиб берилган.

Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячи Ғанихон Маматхоновнинг жазо муддати 2014 йилнинг март ойида тугаши билан унга яна беш йил қўшиб берилди. Бошқа ҳуқуқ фаоллари қатори Маматхонов ҳам Андижондаги ҳодисалар ортидан қамалганди. 2009 йилда қамоққа ташланган 61 ёшли ҳуқуқ фаоли 4,5 йиллик қамоқ муддатини ўтаб, 10 март куни озодликка чиқиши лозим эди.

Ўзбекистонлик яна бир ҳуқуқ фаоли Исроилжон Холдоровнинг қамоқ муддати 2012 йилда "қамоқхона нозири буйруғини бажаришдан бош тортган" айблов билан уч йилга узайтирилди.Андижондаги оммавий қабрлар ҳақида оммавий ахборот воситаларига хабар берган ҳуқуқ фаоли Исроилжон Холдоров 2007 йилнинг феврал ойида олти йилга қамалган эди.

1999 йилда қамалган андижонликларнинг йўлбошчиси Акром Йўлдошевнинг қаерда эканини яқинлари билишмайди. Йўлдошев Андижон шаҳрида ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиб, кўпчиликни иш билан таъминлаш фаолиятига раҳбарлик қилган.

"2009 йилдан буён унинг на ўлик на тирик эканини биламиз", деб айтган Йўлдошевнинг ўғли Хьюман Райтс Уотч ташкилотига.

Йўлдошев 1999 йилги 16 февралда содир бўлган туркум портлашлардан кейин 17 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Андижон воқеалари бўйича АҚШ элчихонаси баёнот берди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий сайтида чоп этилган баёнот матнида шундай дейилади:

"Бугун Америка Қўшма Штатлари бундан тўққиз йил аввал Андижонда содир бўлган воқеаларни ёдга олади ҳамда ўша фожиа вақтида ва унинг натижасида азият чеккан кишиларга чуқур ҳамдардлик изҳор этади. Қўшма Штатлар келгусида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун энг яхши восита сифатида муросага келиш, ҳисоб бериш ва барча фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақиради".

2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеаларда, расмий маълумотларга кўра, 187 киши ҳалок бўлган.

Мустақил манбалар эса фожеа қурбонлари сони бундан бир неча ўн баробар кўп бўлганини таъкидлайди.

Бобур майдонидаги қонли фожеадан кейин халқаро жамоатчилик ўзбек расмийларидан Андижон воқеалари бўйича мустақил текширув ўтказишни талаб қилган, бироқ бу талаб расмий Тошкент томонидан рад этилган.

XS
SM
MD
LG