Линклар

9 май куни Москвада ўзбек жамоаси вакиллари томонидан “Номаълум солдат қабри” ёдгорлигига гулчамбар қўйилди. “Ватандош” жамоаси вакиллари Улуғ Ватан Уруши йилларида халок бўлганлар ҳақига дуо ва тиловатлар қилди. Москвада 9 май куни немис фашизми устидан қозонилган Ғалабанинг 69 йиллиги нишонланди.


9 май Ғалаба куни Москванинг Қизил Майдонига йиғилган ўзбеклар “Номаълум солдат қабри” ёдгорлигига уруш йиллари нобуд бўлган ўзбекистонликлар хотирасига гул ва гулчамбарлар олиб келди.

“Ватандош” Минтақалараро ўзбеклар жамияти аъзолари Хотира олови ёнида ўзбекистонлик ва умуман мусулмон жангчи-аскарлар хотирасига "Қуръон" тиловат қилиб, дуолар ўқиди.

Ўзбекистонда Хотира ва қардлаш куни, деб эълон қилинган кунда Қизил майдонда Афғонистон ветеранлари биродарлиги номидан “Ватандош” фаоли, 1979 йилда Афғонистонга биринчилар қаторида кириб борган Мусулмон батальони жангчиси Бахтиёр Алимовни “Совет қўшинларининг Афғонистондан чиқарилиши 25 йиллиги” медали билан тақдирлади.

Шунингдек, “Ватандош” жамоаси вакиллари Москванинг Преображенское қабристонидаги биродарлик қабрини ҳам зиёрат қилди. Қабр зиёратига Россиянинг “Яблоко” партияси ва унинг раҳбари Сергей Митрохин, “Ватандош” фаоллари Усмон Баратов, Бахтиёр Алимов ва бошқалар иштирок этди.

Петербургдаги ўзбеклар жамияти фаоллари 10 минг кишилик “Боқий полк” акциясида иштирок этди. Шаҳарнинг Невская кўчаси бўйлаб ўтган юришда ҳар бир шахс Иккинчи Жаҳон урушида халок бўлган яқинларининг портретларини кўтариб ўтди.

Уруш бошланиши олдидан Ўзбекистонда 6 миллион аҳоли истиқомат қилган. Улардан 1,5 миллиони фронтга чақирилган. 420 минг ўзбкистонлик йигит-қизлар урушда халок бўлган, 640 минг аскар жароҳатланган.

Уруш йиллари кўрсатган жасорати ва мардлиги учун тақдирланган 282-та Совет Иттифоқи Қахрамонидан 38 нафари ўзбекистонлик эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG