Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:48

ЕИ Россия расмийлари ва ширкатларига қарши санкция рўйхатини кенгайтирди


Германия ТИ вазири Ф.У. Штанмайер (ч) ва Украина Бош вазири А.Яценюк, Киев ш., 2014 йил 13 май.
Германия ТИ вазири Ф.У. Штанмайер (ч) ва Украина Бош вазири А.Яценюк, Киев ш., 2014 йил 13 май.
Европа Иттифоқи рус амалдорлари ва ширкатларига қарши санкция рўйхатини кенгайтириб, унга яна 13 та амалдор ва икки ширкат номиини киритди. Бу чора Украина шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятларида Россия тарафдори бўлган айирмачилар Украинадан мустақиллик эълон қилгани ҳамда донецклик айирмачилари Россияга қўшилиш илтимоси билан Москвага мурожаат қилгани ортидан кўрилди. Айни пайтда Киевга ташриф буюрган Германия Ташқи ишлар вазири Украина шарқидаги беқарор вазиятга чек қўйиш Киев эмас, Москвага боғлиқ эканини айтди.


Украина шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятларида Россия тарафдори бўлган айирмачилар Украинадан мустақиллик эълон қилгани ва донецклик айирмачилар Россияга қўшилиш илтимоси билан Москвага мурожаат этгани ортидан Европа Иттифоқи рус амалдорлари ва ширкатларига қарши санкцияларни кучайтирди.

Донецклик айирмачиларнинг Москвага мурожаатини исёнчилар лидери Денис Пушилин 12 май куни ўтказилган матбуот анжуманида ўқиб эшиттирди.

Баъзилари Европа Иттифоқининг қора рўйхатига киритилган айирмачиларнинг лидерлари якшанба куни ўтказилган референдумда давомат юқори бўлгани ва овоз беришда иштирок этганларнинг аксарияти Киевдан мустақил бўлишни ёқлаб овоз берганини таъкидламоқда.

Шунингдек, улар 25 май куни мазкур минтақаларда Украина президентлигига сайловлар ўтказилмаслигини қайд этдилар.

Европа Иттифоқининг янги санкциялари 13 шахсга ҳамда Қримда жойлашган иккита ширкатга таллуқли. Ҳозирча янги рўйхатдаги номлар жамоатчиликка ошкор қилингани йўқ.

Бу билан Европа Иттифоқига кириши таъқиқланган ва Европа банкларидаги маблағлари музлатиб қўйилган Россия, Шарқий Украина ва Қримлик расмийлар сони 61 кишига етди.

13 май куни Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Уолтер Штанмайер Киевда Украина Бош вазири Арсений Яценюк билан музокара ўтказди.

Штанмайер Яценюк билан мулоқот чоғида яқинлашиб келаётган президентлик сайлови масаласини муҳокама қилинганини айтди.

- Мен, аввал муҳокама қилганимиз каби, 25 майга белгиланган президентлик сайлови муҳим рол ўйнайди деган якдил фикрда эканимизни айтмоқчиман. Бугун биз овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган ҳаммага шароит яратиш масаласини муҳокама қилдик, - деди Штанмайер.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон Украинада 25 майга белгиланган президентлик сайловга путур етказиш йўлидаги ҳар қандай уриниш санкцияларнинг янада кучайтирилишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Украина шарқидаги вазият ҳақида сўзлаган Яценюк, беқарор вазиятга чек қўйиш Киев ҳукуматига эмас балки, Москвага боғлиқ эканини айтди.

- Украинада беқарор вазиятни ҳал қилишнинг калити Киевда эмас балки, Москвада, дея баён қилди Украина Бош вазири.

Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар якшанба куни Донецк ва Луганск вилоятида ўтказилган мунозарали референдумда 90 фоизга яқин салойвчи минтақанинг мустақиллиги учун овоз берганини иддао қилди.

Украина ҳукумати ва Ғарб давлатлари айирмачилар ташкил қилган рефередумни ноқонуний деб, унинг натижалари тан олинмаслигини таъкидлаган.
XS
SM
MD
LG