Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:45

9 йил олдин қонга ботган Андижонда “Биз – буюк юрт фарзандлари” фестивали бўлди


Андижон воқеаларига тўққиз йил тўлиши арафасида вилоятда “Биз – буюк юрт фарзандлари” фестивали бошланди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати 12-13 май кунлари ташкил қилган тадбирда андижонлик ва тошкентлик санъаткорлар ижросида концертлар берилди. 14 май куни байрамнинг якуний қисми Андижон шаҳрида бўлади. 13 май воқеасини андижонликлар унутгани йўқ, бироқ бу тарихни ёдга олиш, у ҳақда гапириш Андижонда ман қилинган.


Андижон воқеаларининг тўққиз йиллиги ҳам Андижонда расман хотирланмади.

Аксинча, қонли воқеаларнинг 9 йиллиги олдидан Ўзбекистондаги "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Андижон вилояти бўлими томонидан туманларда "Биз - буюк юрт фарзандлари" фестивали уюштирилди. Фестивал доирасида 12-13 май кунлари туманларда концерт дастурлари бўлиб ўтди.

Фестивалнинг якуний катта концерт дастури 14 май куни Андижон шаҳрида бўлиб ўтади.

Шу тариқа, байрамона тадбирлар бағрига чўмган Андижонга боғланган Озодлик мухбири улардан: "13 май кунги қонли воқеаларни хотирлайсизми?" деб сўради.

- Ҳаааа, 13 майми? Энди одамларнинг ёдида бору, ҳеч қаерда айтилмагандан кейин эсдан ҳам чиқиб кетар экан. Шунга ҳам тўққиз йил бўлибдими, а? Буни қаранг-а, вақтни ўтишини, - дейди андижонлик 53 ёшли Муҳаммаджон ака.

Марҳаматлик Миркомил аканинг айтишича, ҳар йили 13 май куни одамларни чалғитиш учун шунга ўхшаш кўнгилочар тадбирлар ўйлаб топилади:

- Ҳозирча Андижон воқеаси тўғрисида ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Ҳар йили шу куни ёшларнинг қандайдир бир байрамларини ўтказишади. Андижондан, Тошкентдан артистларни олиб келишиб концерт беряпти. Хуллас, гўёки 9 йил олдин бу кунда Андижонда ҳеч нарса бўлмагандай, - деди Миркомил ака.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман бўлимларидан бирининг исми сир қолишини сўраган раҳбарига кўра, бундай тадбирлар ёшларнинг вақтини унумли ўтказиш ва уларнинг турли диний оқимларга кириб кетиши олдини олишга қаратилган:

- Биз бу тадбирларда таълим муассаларидаги ва маҳаллаларимиздаги уюшмаган ёшларни қамраб оламиз. Турли хил акциялар ўтказамиз. Хуллас, ёшлар мазза қилишяпти, - деган мулозим Озодлик мухбирининг “2005 йил 13 май кунини ҳеч эслайсизларми?” деган саволига жавоб бермади.

Андижонлик пенсионер Садирохун Сўпиевнинг айтишича, андижонликлар учун 13 май воқеаларини эслашнинг ўзиёқ хавфли бўлиб қолган:

- 13 майни бизнинг миллат эсламайди, эслаганда ҳам жуда кам одам эслайди. Ўша воқеада ўлганларнинг қариндошлари, қўни қўшнилари, шу куни майдонда бўлганлар шунақа бўлган, деб ўзиларича эслайди. Лекин бошқа одамлар буни эсга ҳам олмайди. Нимага десангиз, бу тарихий воқеа бўлгани билан бугунги кунда бир нарса деб гапириб қўйсангиз дарров маломат тоши сиз томон ёғила бошлайди ва ишингизни ҳал қилиб қўйишлари мумкин. Одамлар шундан чўчиб қолган, - деди Садирохун Сўпиев.

2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий муаммолардан нолиган минглаб аҳоли тинч норозилик намойишига йиғилган ва кейинчалик майдонни қуршаб олган ҳарбийлар билан отишмада намойишчилар отиб ташланган эди.

Расмий Тошкент ҳисобича 187 киши, мустақил манбалар ҳисобича мингга яқин одам ўлдирилган.

Бобур майдонидаги қонли фожиадан кейин халқаро жамоатчилик мустақил текширув ўтказишни талаб қилган, бироқ расмий Тошкент рад этган.

Шу таҳлит, юзлаб одам қирғинбарот қилинган 13 май фожиаси йиллар оша сиру синоатларга кўмилганича қолмоқда.

XS
SM
MD
LG