Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:05

Украина шарқидаги референдумлар: Саволлар кўп, жавоблар йўқ


Украина шарқида референдум деб аталган тадбир автоматли кишилар назоратида ўтди.
Украина шарқида референдум деб аталган тадбир автоматли кишилар назоратида ўтди.

Шарқий Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларидаги россияпараст айирмачилар 11 май куни ўтказилган референдумларда муваффақиятга эришганларини иддао қилмоқда. Лекин ҳозирча референдум деб аталган тадбирлар, асосан, шубҳа ва саволларни туғдирмоқда холос.

Маълум фактлар:

-- Иккала минтақанинг де-факто сайлов комиссиялари сайловчиларнинг аксари – Донецкда 89 фоиз, Луганскда эса, 96 фоиз – минатақаларнинг ўзини ўзи бошқариш тизимига ўтиши учун овоз берганини иддао қилмоқда.

-- Киев ва Ғарбдаги аксар давлатлар, жумладан Қўшма Штатлар, сайловни ноқонуний дея рад қилди.

-- Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Москва “халқ иродасини ҳурмат қилади”, дея баёнот бериб, Киев, Донецк ва Луганск ўртасида “маданиятли” тарзда музокаралар ўтказилишига чақирди.
-- Сайловлар зўравонликсиз бўлмади. Донецк вилоятининг Красноармейск шаҳрида камида бир киши ўлдирилгани ҳақида хабар қилинди.

Номаълум фактлар:

-- Аслида неча киши овоз бергани ноаниқ қолмоқда. Айирмачилар иккала минтақада сайловчилар давомати камида 70 фоизни ташкил қилганини иддао қилмоқда. Донецк ва Луганск вилоятларидаги аҳоли сони тахминан 6,5 миллион одамни, яъни Украина жами аҳолисининг 15 фоизини ташкил қилади. Лекин шу пайтгача, бу вилоятлардаги сайловчилар сонига доир аниқ рақамлар йўқ. Бундан ташқари, овоз бериш участкаларида ходимлар етишмагани шароитида юз минглаб овоз варақалари қай тарзда тезгина ҳисобга олингани ва саналгани хусусида аниқ изоҳ ҳам берилгани йўқ. Украина муваққат президенти Олександр Турчиновнинг айтишича, сайловчилар давомати Луганскда 24 фоиз, Донецкда 32 фоизни ташкил қилганини таъкидламоқда. Лекин барибир, бунга оид аниқ рақамлар йўқ.

Асосли шубҳалар:

-- Референдум деб аталган бу тадбирлар ҳаддан ортиқ осонлик билан уюштирилди. Тайёргарлик ишларига бир ойдан камроқ вақт кетди ва, айирмачиларга кўра, атиги 1700 АҚШ доллари сарфланди.

-- Кўринмас сайловчилар? Айирмачилар ва россияпараст журналистлар сайлов участкалари олдида одамлар турнақатор бўлиб турганини хабар қилган бўлса-да, Луганск ва Донецкдаги бошқа журналистлар давомат ўта паст бўлганига доир хабарларни бериб борди ва бунга доир ҳужжатларни тақдим қилди. Хусусан, кўплаб сайлов участкалари кун давомида бўм-бўшлигича қолди. Бошқа жойларда айирмачилар овоз бергани келганларни эплай олмай қолди. Аҳолиси 500 мингга тенг Мариуполь шаҳрида атиги 8та сайлов участкаси очилди. Оқибатда участкалар эшиклари олдида оломон тўпланиб кетди ва сайлов қутилари кўчаларга олиб чиқилиб, бюллетенлар тегишли назоратсиз қутиларга ташланди.

-- Босим остидаги сайловолди тарғиботи. Барча йирик сайлов участкаларини ниқоб таққан ва автоматлар билан қуролланган одамлар қўриқлаб турди. Уларнинг кўпчилиги қўлларида қуроллари билан овоз берди. Сайлов участкаларининг баъзиларида овоз бериш учун махсус ёпиқ хоначалар ташкил қилинмагани учун сайловчиларга яширин овоз бериш имкони берилмади. Камида бир ҳолатда сайловчилардан бири “йўқ”, деб овоз берди, лекин хавфсизлик нуқтаи назарида журналистларга “ҳа”, деб овоз берганини билдирди.

-- Натижаларни қалбакилаштириш. Украина қонунларига кўра, ҳар бир сайлов участкасида комиссия аъзолари 9 кишидан иборат бўлиши керак. Кўплаб участкаларда атиги учтадан ходим овоз бериш жараёнини таъминлаб турди. Шулар ҳам ундан аввал сайлов комиссиясида ишлаш тажрибасига эга эмасликларини очиқчасига тан олди. Баъзи сайлов округларида сайловчилар рўйхатларининг ўзи йўқ эди ва бу бир сайловчининг бир неча мартадан овоз бериши ва шу каби бошқа турдаги қалбакилаштиришларга йўл очиб берди. Сайловчилардан камида биттаси бир нечта паспорт билан сайлов варақаларини ушлаб тургани суратга туширилди. У оиласи номидан овоз беришга “изн олганини” иддао қилди.

-- Қалбакилаштирилган сайлов варақалари. Референдум арафасида Украина хавфсизлик кучлари Донецк шаҳри яқинида қуролланган кишилар минган машинани тўхтатиб, ичида 100 мингга яқин сайлов варақасини топди. Бу варақаларнинг ҳаммасида “ҳа” жавоби белгиланган эди. Баъзи журналистлар “йўқ”, деган жавоб белгилнган варақалар айирмачилар тарафидан йўқ қилингани тўғрисида хабар берди. Луганскдаги айирмачилар матбуот вакили Васил Никитин Украина Миллий гвардияси 15 минг дона варақани ўғирлагани боис қўшимча варақалар чоп қилишга мажбур бўлганларини иддао қилди.

-- Салйоволди сўровлари референдум натижаларнинг аксини кўрсатди. 8 май куни, Pew Research Center тадқиқот маркази эълон қилган сўров натижаларига кўра, шарқий-украиналикларнинг 70 фоизи Украина бирлигини ёқлаб фикр билдирган. Минтақанинг ажраб чиқиши ғоясини сўровда қатнашганларнинг 18 фоизигина қўллаб-қувватлаган. Ҳатто Украина шарқидаги русийзабон аҳолининг орасидаги сўровда ҳам уларнинг 58 фоизи давлат бирлиги тарафдори эканини кўрсатди. 27 фоизи мустақиллик тарафдори экани маълум бўлди.

-- Алаҳсирашми? Украина Хавфсизлик хизмати ўтган ҳафта Россияда таниқли ульрамиллатчи Александр Баркашов билан Донбассдаги айирмачилар етакчиси Дмитрий Бойцов ўртасида бўлиб ўтган телефон суҳбати ёзилган аудиони эълон қилди. Аудио тасмада Бойцов Россиянинг ҳарбий ёрдамисиз, референдумни ўзлари истаган тарзда уюштиришнинг имкони йўқлигидан хавотир билдиради. Бунга жавобан, Баркашов “Сен, истаган нарсангни ёзгин. 99 фоиз овоз берди, деб ёз! Айланиб, қоғозларни тўплармидинг?” дея буйруқ беради.


Ҳақиқий натижалар қандай бўлгани ноаниқ қолади:

-- Холис шоҳидлар деярли йўқ. Овоз бериш жараёнини халқаро ташкилотлар кузатмади, ҳатто Россиядан ҳам ҳеч ким келмади. Кўплаб журналистлар таъқиб қилингани, ҳатто калтакланганидан шикоят қилди. Баъзи ҳолатларда фотомухбирлар сайлов участкаларига киритлмади.

Бугун шарқий Украина аҳолиси бераётган саволлар:

-- Улар нима учун овоз бердилар? Овоз бериш варақаларида сайловчилардан “ўзини ўзи бошқариш” тизими ҳақида фикрлари сўралди. Лекин, Озодлик билан суҳбатлашган шарқий-украиналик сайловчилар бунинг маъносини турлича тушунишлари аниқланди. Уларнинг баъзилари “ўзини ўзи бошқариш” деганда Россияга қўшилишни тушунишларини билдиришди. Бошқалари Украина таркибида қолиш, лекин кенгроқ мухторият берилиши, дея талқин қилди. (Дарвоқе, Қрим аннексия қилиниши олдидан ҳам кенгроқ мухторият ҳақида гап борган эди.) Яна баъзи сайловчилар Украинадан ҳам, Россиядан ҳам мустақил бўлиш масаласи халқ овозига қўйилмоқда, деб ўйлашларини айтди.

-- Энди нима бўлади? Ўзларини айирмачи, деб эълон қилган гуруҳлар турли, бир-бирига зид режаларни эълон қилмоқда. Булар жумласида: ҳукумат ва ҳарбий тузилмаларни яратиш; “ягона” ёки “федератив” Украина таркибида қолиш; Украина қўшинларини “хорижий” кучлари сифатида минтақдан чиқариб юбориш; яна бир референдум ўтказиб, Россияга қўшилиш масаласини халқ муҳокамасига олиб чиқиш кабилар бор. Айирмачиларнинг баъзилари Киев ҳукуматини Донецк ва Луганс вилоятларидаги украинпараст туманларни “аннексия” қилишга уринаётганликда айбламоқда.

-- Ундан кейин нима бўлади? Узоқ муддатдаги эҳтимолий воқеалар ривожи борасида берилаётган тахминларга кўра, бу минтақалар параллел равишда Украина ва айирмачилар томонидан бошқариладиган музлатилган можаро минтақасига айланиши мумкин. Бошқа тахминларга кўра, Москва Украина ҳдудудига гўёки тинчликпарвар кучлари билан бостириб кириш мақсадида у ерда янги зўравонликларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG