Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:50

“Газпром” Ўзбекистон билан Ўшга газ беришни келиша олмаяпти


Бу ҳақда Қирғизистон Бош вазири Жўўмарт Ўтурбаев Бишкекдаги телеканаллардан бирида қилган чиқишида билдирди. Унга кўра, бир ойдан бери расмий Тошкент билан Ўшга газ таъминотини қайта тиклаш масаласида олиб борилаётган музокаралар ҳеч қандай натижа бермаётир.

Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ беришни бир ой олдин тўхтатган эди. Расмий маълумотларга кўра, бунга “Қирғизгаз” ширкатининг 10 апрель куни “Газпром”га сотилгани сабаб бўлган.

Қирғизистон Бош вазири Бишкекдаги НТС телеканалига берган интервьюсида газ таъминоти масаласида Ўзбекистон Бош вазирига расман мурожаат қилгани, лекин бу борада жавоб олмаганини билдирди. Шунингдек, Жўўмарт Ўтўрбаев “Газпром” ширкатининг расмий Тошкент билан олиб бораётган музокаралари ҳам натижасиз якунланаётганини билдирди.

-Биз шу кунгача Ўзбекистондан бирорта тушунтириш олганимиз йўқ. Мен ўзим Ўзбекистон ҳукумат раҳбарига газ таъминотини қайта тиклашни илтимос қилиб мурожаат қилдим. Жавоб бўлмади. Хатто, шундай қудратли “Газпром” ҳам бу масалага ечим топа олмаяпти. Биз “Газпром” орқали таъсир қилиб ҳам Ўзбекистондан жавоб ололмаяпмиз, -деди Жўўмарт Ўтўрбаев.

10 апрель куни “Қирғизгаз”ни Россияга сотилиши юзасидан шартнома имзоланганидан тўрт кун ўтиб, яъни 14 апрель куни Қирғизистоннинг энг йирик шаҳарларидан бири бўлган Ўш аҳолиси газсиз қолган эди. Расмийларнинг айтишича, Ўзбекистон билан тузилган шартномада “агар “Қирғизгаз”нинг эгаси ўзгарса, у ҳолда газ таъминоти тўхтатилади”, деб қайд этилгани бунга сабаб бўлган.

Қирғизистон парламенти депутатлари “Қирғизгаз”ни “Газпром”га сотиш жараёнида Ўзбекистон омилини ҳисобга олмаган қирғиз ҳукуматини кескин танқид қилишда давом этмоқда.

-Биз “Қирғизгаз”ни сотиш бўйича шартномани тасдиқлаётганимизда, ҳукумат “газ таъминотида ҳеч қандай узилишлар бўлмайди”, деб ишонтирган эди. Бироқ ҳаёт бошқа нарсани кўрсатиб турибди. Демак, бу шартномани парламентга тақдим этган ҳукумат аъзоларини жавобгарликка тортиш шарт, -деди парламентнинг энергетика қўмитаси раиси Кўжўбек Риспаев.

Россиянинг “Газпром” ширкати Ўзбекистонда бир қатор газ конларини ўзлаштириб келади. “Газпром” мана шу конлардан қазиб олинган газни “Ўзбектрансгаз” орқали Қирғизистонга сотишни режалаган. Бироқ бу масала Ўзбекистон томони билан ўз вақтида келишиб олинмагани туфайли Ўшга газ берилиши яна бир неча ойларга чўзилиб кетиши мумкинлиги айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG