Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:15

ОИТСга чалинганлар Ўзбекистонда сартарошлик қилолмайди


Ўзбекистон Sоғлиқни сақлаш вазири ОИТС ва ОИТВга чалинган беморлар учун касбий тақиқ рўйхатини тасдиқлади.


Олдин ҳам мавжуд бўлган ва янгиланган бу рўйхатга кўра, бундай хасталикка чалинган беморларнинг тўққизта касб билан шуғулланиши тақиқланди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақиқига кўра¸ ОИТС ва ОИТВга чалинган беморлар қон қуйиш ва қон олиш билан боғлиқ ишларни амалга ошириши мумкин эмас. Шунингдек, уларнинг беморларни эмлаши ва бошқа тиббий процедуралар билан шуғулланиши ҳам тақиқланган.

ОИТС ва ОИТВга чалинган беморлар косметик ва пластик амалиëтлар¸ тиш даволаш, туғруқ қабул қилишда доялик қилиш, аборт ва гинекологик процедураларни бажариши мумкин эмас.

Шунингдек, сартарошлик, сирға тақиш учун қулоқ тешиш (пирсинг), тирноқ пардози (маникюр ва педикюр) ҳамда танага тату тасвирлари тушириш билан боғлиқ касб-ҳунарлар билан шуғулланиш ҳам мазкур хасталикка чалинган беморлар учун маън қилинди.

Айни пайтда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ОИТС ча ОИТВга чалинган беморлар учун илгари тақиқланган баъзи касбларни тақиқ рўйхатидан чиқарди. Бундан буëн бу хасталикка чалинганлар ташхис, массаж ва доришуносликка оид касблар билан шуғулланишлари мумкин.

Олдинги рўйхатда бу касблар билан шуғулланишга ОИТС ча ОИТВга чалинган беморлар учун тақиқ бор эди.

Уйланадиган ўзбекистонлик ОИТСга қарши кўрикдан ўтиши шарт

Ўтган йили 24 сентябрь куни кучга кирган “Одам иммун тақчиллиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши кураш тўғрисида”ги қонунга кўра, уйланадиган ўзбекистонлик ОИТСга қарши кўрикдан ўтиши шарт.

Одам иммун тақчиллиги синдромига (ОИТС) қарши кураш марказлари шифокорларига кўра, бу касалликка чалиниш ҳолатлари, айниқса, меҳнат мигрантлари орасида кўпроқ кузатилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўтган йилнинг 7 июнида қабул қилган, Сенат 22 августда маъқуллаган ОИТСга қарши қонун 5 боб ва 28 моддадан иборат бўлиб, унинг муқаддимасида мазкур ҳужжатнинг “касаллик тарқалишига қарши кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиши” белгилаб қўйилган.

Қонунда ОИТВ инфекциясининг тарқалишига қарши курашнинг асосий йўналишлари сифатида бу курашнинг яхлит тизими фаолиятини таъминлаш, ОИТВга чалинганларни бепул махсус даволаш ва уларни ижтимоий ҳимоялаш, ОИТВ тарқалишининг олдини олиш чораларини амалга ошириш каби қатор йўналишлар белгилаб қўйилган.

Қонуннинг 15-моддасида ОИТВга қарши махсус тиббий кўрикдан мажбурий тарзда ўтказиладиганлар санаб ўтилган.

Қон ва бошқа биологик суюқликлар донорлари, ёши 50 гача бўлган никоҳга кираётганлар, ҳомиладор аёллар, наркотик моддаларни инъекция йўли билан қабул қиладиганлар, ОИТВга чалинган онадан туғилган болалар, қон ва биологик суюқликлар ҳамда одамнинг бошқа органлари билан ишловчи тиббиёт ходимлари, жинсий алоқада бўлган шеригида ОИТВ аниқланган шахслар ОИТВга қарши кўрикдан ўтишга мажбур эканлиги қонунда белгилаб қўйилган.
XS
SM
MD
LG