Линклар

Ҳуқуқ фаоли Худойназаров оғир аҳволда Сангородга келтирилди


Абдурасул Худойназаров.

Абдурасул Худойназаров.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг Навоий вилояти Қизилтепа посёлкасидаги 64/46-муассасасида жазо муддатини ўтаётган Ўзбекистон инсон ҳууқлари “Эзгулик” жамияти Тошкент вилоят бўлими фаоли Абдурасул Худойназаров шу йилнинг 18 апрелида оғир аҳволда пойтахтдаги махсуслаштирилган 64/18-сонли муассасага (Сангород) келтирилди.


Бу ҳақда “Озодлик”ка ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Гулчеҳра Туронова маълум қилди.

- Ўткир сурункали туберкулёз (ўпка сили) ташхиси билан муассасага олиб келинган эримнинг аҳволи жиддий. Менга ёзган сўнгги мактубида туберкулёз юқтириб олгани, бундан жуда ҳам қийналаётгани хусусида ёзгандилар. Шундан бери ГУИНга бир неча марта мурожаат қилганимизга қарамай, уларнинг олдига киритишмаяпти. Сўнгги мактубида аҳволининг оғирлиги, жазо муддатини охиригача ўтай олмаслигини ёзган, - дейди Гулчеҳра Туронова.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти бугун шу муносабат билан тарқатган баёнотида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ЖИЭББ маъмуриятига мурожаат қилиб, ҳуқуқ ҳимоячиси билан учрашув талаб қилганини баён қилган.

Шунингдек, эзгуликчилар ҳамкасблари тақдиридан хавотир билдириб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини ҳуқуқ ҳиоячисини муддатидан аввал озодликка чиқаришга чақирган.

- Афсуски, мурожаатларимизнинг аксари бесамар кетмоқда. Айниқса, Абдурасул Худойназаров масаласи биз учун долзарб. Чунки турмага соппа-соғ кириб, унинг ўпка сили туфайли оғир аҳволга тушиб қолиши аянчлидир. Бошқа дўстларимиз қаторида Худойназаровни ҳам озод қилиш талабимизнинг қондирилишидан умидвормиз, - дейди “Эзгулик” фаоли Абдураҳмон Ташанов Озодлик билан суҳбатда.

Ҳуқуқ фаолининг рафиқаси Гулчеҳра Туроновага кўра, ўтган йилнинг октябрь ойида Тошкент вилоятидаги 64/21-сонли колониядан Навоийга кўчирилган Абдурасул Худойназаровнинг жазо муддатига қўшиб берилгани ҳақидаги маълумотлар нотўғри бўлиб чиқди. Агар бундан буён унга жазо муддати қўшиб берилмаса ёки унинг соғлиғи жазо муддатини ўташига қодир бўлса, ҳуқуқ фаоли 2015 йилнинг 21 январида озодликка чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, Абдурасул Худойназаров Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик), 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 227-модда (Ҳужжатларни сохталаштириш) айблари билан 2006 йилнинг 26 июнида ҳибсга олинган ва 2006 йилнинг 12 январида 9,6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

2008 йилнинг 12 июнида ҳуқуқ фаоли жазо карцерига ташланган, унга нисбатан шафқатсиз қийноқлар қўлланилган. Оқибатда ўша йилнинг 1 сенятбрь куни ўз жонига қасд қилган ва бахтли тасодиф туфайлигина ўлим чангалидан қутулиб қолган. Абдурасул Худойназаровга нисбатан амнистия актлари қўлланилмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG