Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:35

"Профессор" бўлсанг ўзингга, пулини тўла!


Муҳташам тоғлар орасидаги Ангрен шаҳрида жойлашган педагогика олийгоҳи ҳақида бундан 7 йил олдин ҳеч қандай тасаввурим йўқ эди. Мактабни тугатгач, мен Тошкент шаҳрига, оз эмас-кўп эмас, нақ саккиз синфдошим Ангрен педагогика олийгоҳига (ТВДПИ) ўқишга кирди. Шундан кейин менинг Ангрен ва ТВДПИ ҳақидаги тасаввурларим шаклланди.


Чунки дўстларим билан учрашиш учун кўп марта Ангренга борганман. Шундай учрашувларда бўладиган баъзи суҳбатлар эса мени ҳайратга соларди.

"Кеча икки пара дарсга киролмадим, 6 минг сўм беришим керак энди", дейди ўртоғим. Ҳайратланиб савол назари билан ўртоғимга қарайман. У эса изоҳ беради: "Бир пара дарс қолдирсанг, 3 минг сўм тўлайсан".

Энг қизиғи, мазкур ўқув даргоҳида тиришиб ўқиганнинг фойдаси йўқ экан, чунки барибир барча фанлар учун 100 фоиз ҳамма талабадан пул йиғиларкан. Бу гаплар бироз эриш туюлди. Тақдир тақазосини қарангки, кўп ўтмай, иккита институтда омадини бой берган синглим ТВДПИга ўқишга киришга қарор қилди. Ва омади бор экан (ёки йўқ экан) - 2010 йилда талаба бўлди.

Аввало бир нарсани айтиб ўтишим керак, синглим ўз фани бўйича олимпиадалар ғолиби, ўқитувчилардан доим мақтов эшитиб келган. Тиришқоқ эканлигини билганим учун ҳеч қандай пулсиз, сессияларни ўзи ёпишига ишонардим. Аммо биринчи семестрдаёқ ҳафсалам пир бўлди.

Уддабурон ўқитувчилар синглим ёзиб борган мустақил ишларни, рефератларни қабул қилмас, ҳар бир мустақил ишга қўйилган ставка бўйича пул талаб қилишарди.

Тиним билмай дарсларни ўзлаштиргани ҳам фойда бермади: сессия маҳали олинадиган баҳо учун пул берилмаса, иложи йўқ экан. "Профессор" бўлсанг ўзингга, пулини тўла!!!

Синглим ўзига ишонгани учун, пул беришдан бош тортиб, ўқитувчисидан хоҳлаган саволини бериб, имтиҳон олишни талаб қилди. Ўқитувчи эса бутун гуруҳни қолдириш билан таҳдид қилди. Шундан кейин курсдошлари тарафидан ҳам сиқувга олинган синглим тақдирга тан берди.

Энг қизиғи, уларнинг соҳасига умуман алоқаси бўлмаган қўшимча фан 3 баҳо учун 30 000 сўм сўраган (2012 йил). Чидолмаган талабалар замдекан олдига киришга қарор қилган. Замдекан ўша ўқитувчини ишдан ҳайдаган, деб ўйлаётгандирсиз... Унчаликмас, "Иложи борича арзонлаштиришга ҳаракат қиламиз..." деган, аммо арзонлаштириш ҳам қўлидан келмаган.

Тишни тишга босиб тўрт йилни ўтказдик. Синглим ҳозирда институтда қолган охирги талабалардан бири. Сессия яқинлашган сари юрагимни қўрқув босмоқда. Чунки яқиндагина диплом ҳимояси учун ҳаммадан мажбурий 500 минг сўмдан, мустақил ишлари учун 50 минг сўмдан йиғиб олишди. Энди сессияга пул топишимиз керак...

Мазкур институтни тугатган педагоглар қандай қилиб болаларга дарс бериши мумкин, ҳайронман. Порахўрлик авж олган жирканч муҳитда ўқитувчи шаклланиши мумкинми? Наҳотки уларни тартибга чақирадиган бирор ташкилот бўлмаса?
Порадан безган муштарий
XS
SM
MD
LG