Линклар

logo-print

Роғун можароси яна ўзбек-тожик айтишувига сабаб бўлди


Душанбеда анжуманида ўзбеклар билан тожиклар яна Роғун ГЭСига алоқадор масала устида тортишиб қолди.

Душанбеда анжуманида ўзбеклар билан тожиклар яна Роғун ГЭСига алоқадор масала устида тортишиб қолди.

Душанбе шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ўтказилган давра суҳбатида Ўзбекистон ва Тожикистон вакиллари ўртасида даҳанаки жанг чиқди.


Тожикистон пойтахтида 14 май куни бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида транспорт соҳасидаги интеграциялашувга бағишланган анжуманда Тошкент билан Душанбе делегациялари яна Роғун ГЭСига алоқадор масала устида тортишиб қолди.

Тожикистоннинг йирик тўғонлар қуриш бўйича халқаро комиссияси котиби Ҳомиджон Орифов Ўзбекистонни ГЭС қурилиши учун мўлжалланган ускуналарнинг ўз ҳудуди орқали транзит қилинишига йўл қўймаётганликда айблади. "Натижада Роғун гидроиншоотини қуриш харажатлари бир неча баробарга қимматга тушмоқда" деб ëзғирди Тошкентни тожик мулозими.

“ШҲТнинг минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги ўрни: муаммо ва истиқболлар” номли анжуманда гапирган Орифов, жумладан бундай деди:

- Роғундаги агрегатлардан бирини таъмирлашимиз керак бўлиб қолди ва турбинани самолётда олиб келишимизга тўғри келди. Натижада, турбина нархи олтинга тенг бўлиб чиқди. Айни пайтда, уни темир йўли орқали олиб келиш анча арзонроқ тушган бўларди. Лекин Ўзбекистон бунга имкон бермаяпти. Биз ҳозир Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида гаплашиб ётибмиз. Бу қанақа ҳамкорлик бўлди? Агар ШҲТ бу муаммони ҳал қила олмас экан, нима ҳақда гаплашаяпмиз ўзи? Бас шундай экан, бу ташкилотнинг нима кераги бор? деди Тожикистон мулозими.

Орифов қўшни давлат Тожикистонни сурункали тарзда транспорт блокадасида ушлаб туриш орқали Роғун ГЭСи қурилишига тўғаноқ бўлмоқда, дея гина қилди. Тожикистон учун юкларни олиб ўтишнинг ягона йўли Қирғизистон бўлиб қолмоқда, дея қўшимча қилди у.

Тожикистон вакили шунингдек, мамлакат жанубидаги Ғалаба-Амузанг темир йўл участкаси нега ҳамон тикланмагани тўғрисида сўраб, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар совуқлашишига ҳисса қўшиб келаётган яна бир масалани кўтарди.

2011 йилнинг ноябрида Ғалаба-Амузанг темир йўл участкасининг Ўзбекистон ҳудудидаги қисмида портлаш содир бўлиши ортидан темир йўл полотноси Ўзбекистон томонидан олиб ташланганича қайта ташлангани йўқ.

Натижада, Ўзбекистон ҳудуди орқали Тожикистонга юк вагонларининг транзити қийинлашган.

Бу эътирозларга жавобан анжуманда иштирок этган Тошкент вакили Ўктам Носиров, давлатлар орасида транспорт қатнови яхшиланишидан Ўзбекистон бошқалардан кўра кўпроқ манфаатдор, чунки бу мамлакат денгизга чиқиш учун иккита чегарани кесиб ўтадиган дунёдаги икки мамлакатнинг бири дея жавоб қайтарди:

- 2012 йилда қабул қилинган Ўзбекистон ташқи сиёсати стратегиясида қўшни мамлакатлар билан транспорт соҳасида ҳамкорликни кучайтириш устувор масала ҳсиобланади. Лекин сиз ҳозир кўтараётган темир йўл участкаси масаласида жавоб беришга тайёр эмасман. Лекин сизга ваъда қиламан, бу масалага ойдинлик киритиб, анжуман давомида сизни хабардор қиламан, деди Ўзбекистон вакили.

Роғун гидроиншоотига доир лойиҳа Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларга совуқчилик солаётган баҳсларнинг асосий манбасидир.

Ўзбекистон кейинги йилларда ўз ҳудуди орқали Тожикистонга кетаётган юкларни ўтказишда қийинчиликлар яратаётгани ҳам айнан Роғун устидаги тортишувлар билан боғлиқлиги айтилади.

Ғалаба-Амузанг темир йўлидаги портлаш ортидан Ўзбекистон ҳудудида 400га яқин юк вагони бир неча ой давомида қолиб кетгани Тожикистон жанубида аҳолини қийин аҳволга солиб қўйган эди.

“ШҲТнинг минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги ўрни: муаммо ва истиқболлар” номли икки кунлик анжуман иши пайшанба куни якунланди.

ШҲТга Ўзбекистон билан Тожикистондан ташқари, Россия, Хитой, Қирғизистон ва Қозоғистон аъзо.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG