Линклар

logo-print

Шу йилнинг 14 май куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида янгийўллик олти аёл устидан ҳукм ўқилди. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-моддаси 1-банди (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш) бўйича айбланиб, шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум қилинган бу муслималар ҳибсхонада қийноққа тутилган.


Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов маълум қилди:

- У ерда ўнга яқин аёл ноқонуний ҳибсга олиниб, кейин босим қилиб, қийноққа учратиб, улардан Мирзаева Ўғилойга қарши кўрсатма беришни талаб қилишган. Натижада бу аёллар мажбур бўлган бу ишни қилишга. Шунинг учун буларнинг судини олдин ўтказиб, судда ҳаммасига уч йилдан шартли ҳукм ўқилган. Яъни улар уйида бўлади, лекин ҳар ҳафтадами, ўн кунда бориб, қўл қўйиб туриши керак ички ишлар бошқармасида, - дейди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаоли Икромовга кўра, бу аёллар ўтган йилнинг декабрь ва шу йилнинг январь ойларида ҳибсхонада ушлаб турилганларида уларга нисбатан турли қийноқлар қўлланилган.

Суръат Икромов янгийўллик аёллар диний ташкилотларга алоқадорлик айби билан ҳозир қамоқ жазосини ўтаётган яқинларининг аҳволи ҳақида халқаро жамоатчиликка маълумот берганларининг бадалини ўтаяпти, деган фикрда.

Улардан энг фаоли бўлган Ўғилой Мирзаевага Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) ва 244-моддасининг 2-банди (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича айблов эълон қилинган.

Чоршанба куни суди бошланган Мирзаева ҳам, Суръат Икромовнинг ишонишича, ҳеч қандай асоссиз, сохта айбловлар билан судланмоқда.

- Ҳеч қанақа асос йўқ. Айтаяпман-ку, буларнинг яқинларидан кўпи қамоқда. Энди булар ўша ёққа (яъни қамоқхонага – таҳр.) боришади, кейин интервью беришади. Буларни қўрқитиб қўйиш мақсадида бўлаяпти-да бу. Ўзи бу (яъни Ўғилой Мирзаева – таҳр.) ҳеч қанақа оқимниям тушунмайди... Лекин намозхонлиги тўғри, буни айтиш керак, буларнинг ҳаммаси намозхон, - дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари янгийўллик аёлларга қўйилаётган айбловларнинг уйдирма эканига бу муслималарнинг бир вақтнинг ўзида ҳам Ҳизбут-Таҳрир, ҳам ваҳҳобийлик оқимига алоқадорликда айбланаётганини мисол ўлароқ келтиради.

- Ё ички ишлардагилар буларнинг (яъни оқимларнинг – таҳр.) фарқини тушунмайди, ё атайлаб қиладими... Шунинг ўзидан маълум бўладики, буларнинг ҳаммаси сохталаштирилган. Сохталаштирилмаган бўлганида тергов органлари буларнинг фарқини тушунган бўларди. Чунки ваҳҳобийлик билан Ҳизбут-Таҳрир умуман бошқа-бошқа оқимлар. Масалан, тергов органлари буни тушуниши керак эди. Бу тергов органларининг саводсизлигини кўрсатаяпти, - деган Суръат Икромов бунинг янгийўллик аёллардан босим остида иқрорномалар олинганидан дарак эканини таъкидлайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG