Линклар

logo-print

Ўзбекистонда таниқли академик Эргаш Фозилов 81 ёшида вафот этди. Тошкент аэропортида чангютгичдан кумуш чиқди. Қуёш энергияси битта оилага 7 миллион сўмга тушади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Наманган вилоятида чақалоқфурушлар гуруҳи қўлга олинди”

Наманган вилояти Учқўрғон тумани марказий шифохонасининг тўрт нафар ходими чақалоқфурушликда айбланиб қўлга олинди (“Даракчи”, 15 май).

Гўдак савдосида айбланган шифокорларнинг номи ошкор этилмаган. Аммо улар акушер-гинеколог, фельдшер ва доя вазифасида ишлагани маълум қилинган.
Жиноий гуруҳ чақалоқларни 1100-1600 АҚШ долларига пуллаган. Ушбу жиноий гуруҳ ўнга яқин гўдакни сотган. Газета хабарида тиббиётчиларга тайинланган жазо борасида маълумот берилмаган.

“Ўзбекистонда таниқли академик вафот этди”

Ўзбек тилшунослиги соҳасидаги йирик олим, академик Эргаш Фозилов 81 ёшида Тошкентда вафот этди (“Ўзбекистон овози”, 15 май).

Шу муносабат билан матбуотда Ўзбекистон Президенти бошчилигидаги етакчилар номидан таъзия эълон қилинган.

“Эргаш Фозилов биринчилардан бўлиб ўзбек тилининг тарихий ривожи, лексикологияси ва лексикографияси ҳамда грамматикасини ўрганди. У Алишер Навоий асарлари тилини тадқиқ этиб, “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” ва “Эски ўзбек тили” луғатларини нашр эттирди”, дейилади таъзияномада.

Таниқли олим 40 йиллик фаолияти давомида раҳбар лавозимларда ҳам хизмат қилган.

“Прокуратура ҳаром ўлган моллар учун ҳисоб сўради”

Қашқадарё вилоятида чорва сонини кўпайтириш, наслчилик ишларини яхшилаш ва ем-хашак захирасини мустаҳкамлаш бўйича қатор камчиликлар аниқланди (“Ҳуқуқ”, 15 май).

Вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Бахтиёр Исматовга кўра, 2013 йилнинг ўзида 6879 та мол мажбурий сўйилган, 865 таси ҳаром ўлишига йўл қўйилган. Бу рақамлар асосан Нишон, Ғузор, Деҳқонобод ва Чироқ туманлари ҳиссасига тўғри келган.

Молларнинг мажбурий сўйилиши ва ҳаром ўлишига озуқа етишмаслиги, чорва молларини сақлаш биноларининг талаб даражасида эмаслиги, ветеринария хизматидаги жиддий нуқсонлар сабаб бўлган.

Хабарда айтилитшича, чорва масаласига эътиборсиз қараган вилоят ҳокимлиги бош мутахассиси М.Сайфиевга интизомий жазо берилган.

“Қуёш энергияси битта оилага 7 миллион сўмга тушади”

Ўзбекистон шароитида битта оила қуёш энергияси батареясини ўрнатиш учун ўртача 7 миллион сўм сарфлаши лозим (“Оила даврасида”, 15 май).

Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-Қуёш илмий бирлашмаси вакили Исроил Йўлдошев маълум қилади. Мазкур батерея сутка давомида 2 дона телевизор, битта музлатгич, 6 та лампочка учун электр етказиб бериш қувватига эга.

Батарея кундузи қуёш нурини йиғиб, кечаси ундан электр энергияси ишлаб чиқаради. Айни пайтда Ўзбекистонда қуёш батареясини ўрнатиш бўйича 10 га яқин кичик корхона фаолият юритмоқда.

Мутахассис Йўлдошев арзон, аммо сифати паст батареялардан фойдаланмасликни маслаҳат берган.

“34 ёшли йигит падаркушлик қилди”

Наманган вилояти Норин туманида падаркушлик жинояти қайд этилди (“Диёнат”, 15 май).

34 ёшли Элёрбек Турдалиев 65 ёшли қайнотаси М. Абдураҳмоновни ўлдирди. Маълум бщлишича, доимий калтаклаб, ҳақоратлаб келгани сабабли хотини Турдалиев билан ажрашган. Суд ажримига мувофиқ Турдалиев икки боласи учун алимент тўлаган.

Бошига тушган қийинчиликларга қайнотасини айбдор деб билган Турдалиев маст ҳолатда унинг уйига бостириб бориб, алиментдан воз кечишни талаб қилган. Сўнг бемор ва кучсиз қайнотаси жонига қасд қилган.

Норин тумани Мирсултончек маҳалласида яшаган Элёрбек Турдалиев жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти суди ҳукми билан 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Судланувчига зиммасига марҳумнинг оиласи фойдасига 2,1 миллион сўм маънавий зарар тўлаш мажбурияти ҳам юкланган.

“Журналист икки уринишда ҳоким қабулига кира олмади”

“Новий век” газетаси мухбири Саид Камолов Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани ҳокими қабулига икки уринишда кира олмади. Бу ҳақда журналист газетанинг 15 май сонида хабар беради.

Газета мухбири турли баҳоналар билан туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Дўстмуҳаммедов ҳузурига ҳам қўйилмаган. Маълум бўлишича, журналист раҳбарлар билан Қорасув-1 даҳасидаги йўллар аянчли аҳволда эканига қарамай, 10 йилдан буён таъмирланмаётгани масаласида гаплашмоқчи бўлган.

Газета хабарида айтилишича, Қорасув-1 йўлларини таъмирлашга ажратилган пуллар бошқа маҳаллага ишлатилган. “Новий век” мухбири ҳоким ва унинг ўринбосари матбуот вакили билан учрашувдан қочгани давлат ҳокимиятининг очиқлиги тўғрисидаги янги қонунга зид эканини таъкидлаган.

“Сирдарёлик рецидивист аёл саккизинчи бор киссавурликда айбланиб суд қилинди”

Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар суди фуқаро Муқаддас Шариповани ўғриликда айбдор деб топиб 8 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилди (“Адолат кўзгуси”, 15 май).

Шарипова Гулистондаги “Қўқон бозори”да киссавурлик қилаётганида қўлга олинган. Газета хабарида айтилишича, икки фарзанднинг онаси бўлган 28 ёшли аёл ҳозирга қадар етти марта ўғриликда айбланиб маҳкамага тортилган. Бу эса Шарипованинг саккизинчи маротаба суд қилиниши.

“Тошкент аэропортида чангютгичдан кумуш чиқди”

Тошкент аэропортида тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига оид антиқа қонунбузарлик фош қилинди (“XXI аср”, 15 май).

Истанбул-Тошкент йўналишида учиб келган фуқаро Э. Мариповнинг юки текширилганда унга тегишли янги чангютгичга 14 килограмм кумушдан тайёрланган заргарлик буюмлари яширилгани аниқланган.

Шу йўналишда парвоз қилган Д.Сидиқжонованинг чўнтагидан эса божхона баённомасидан қайд этилмаган 2,5 миллион сўмлик тақинчоқлар топилган. Божхона идораси жорий йилнинг 4 ойида 1,122 миллиард сўмлик, 24,4 килограмм тилла ва заргарлик буюмларини ушлаб қолгани ҳақида хабар берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG