Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:15

Тошкентда НАТО ваколатхонаси очилди (ЭКСКЛЮЗИВ ИНТЕРВЬЮ)


НАТОнинг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили Жеймс Аппатурай.
НАТОнинг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили Жеймс Аппатурай.

16 май куни Тошкетда НАТОнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича ваколатхонасининг расман очилди. Шимолий Альянснинг Тошкентда ваколатхона очаётгани Украина шарқида россияпараст айирмачилар исёни боис НАТО билан Россия ўртасидаги муносабатлар таранглашган пайтга тўғри келмоқда.



Тошкентда ваколатхонани расман очиб берган НАТОнинг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили Жеймс Аппатурай Озодликка берган эксклюзив интервьюсида, Тошкентдаги ваколатхона дипломатик миссия доирасида ташкилотнинг Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга доир фаолиятни амалга оширади, дея билдирди.

- Бугун Тошкентда расман очилган ваколтахона, аслида норасмий тарзда бир неча ойдан бери ишлаб келаётган эди. Унинг миссияси, асосан, уч жиҳатдан иборат бўлади. Биринчиси, НАТОни нафақат ўзбекистонда, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам тамсил қилиш, чунки уларнинг барчаси бизнинг ҳамкорларимиздир. Бу мамлакатларга НАТО ҳақида ахборот бериш, улар билан ҳамкорликни амалга ошириш, уларнинг ҳар бири билан ҳамкорлик дастуримиз бор ва бу ердаги вакилим бу фаолиятни амалга оширишда ёрдам беради. Иккинчи жиҳати, асосан, Ўзбекистонга тааллуқлидир, бу ҳам бўлса, Афғонистндаги Халқаро хавфсизлик ёрдами кучлари учун юкларнинг транзит қилиниши силлиқ амалга оширилишини таъминлашдир. Транзит қилишда ёрдам таклиф қилган Ўзбекистон расмийлари билан Тошкентдаги вакилимиз доимий контактда бўлади. У шунингдек, транзитга алоқадор бошқа мамлакатлар билан ҳам алоқа қилиш учун масъул бўлади. Ва ниҳоят вакилимиз Марказий Осиёдаги жараёнларни кузатиб бориб, бизни, яъни Брюсселда ўтирганларни, хавфсизлик вазиятини яхши тушуна олишимиз учун хабардор қилиб боради, бу ҳам биз учун муҳим аҳамият касб қилади.

Ўзбекистонга сафар қилаётган Жэймс Аппатурай ваколатхона очилиш маросимида қатнашишдан ташқари Ўзбекистон ҳукумати вакиллари, жумладан Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Мудофаа вазири Қобул Бердиев ва бошқалар билан учрашди.


Аппатурайнинг айтишича, Тошкентдаги ваколатхонанинг очилиши НАТО билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши ва Шимолий Альянснинг Марказий Осиёдаги ҳозирлигининг кучайишини англатади. НАТО ваколатхонаси Афғонистонда халқаро коалиция қўшинларининг олиб чиқилишидан кейин ҳам сақлаб қолиш режаларимиз бор, дея давом этади Аппатурай.

- Ўзбекистон билан муносабатларимиз мустаҳкамланиши, менимча, табиий ҳолдир. Чунки бу ердаги вакилимиз Тошкентдаги ҳамкорларимиз билан кундалик равишда мулоқотда бўлади. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатларидаги фаолиятимиз ҳам кучаяди. Бу Марказий Осиёдаги илк ваколатхонамиз эмас, бундан аввал қозоқ ҳамкорларимиз ҳам бизга мезбонлик қилишган ва энди идорамизни бу ерга кўчирдик. Келгусида балки яна минтақадаги бошқа мамлакатга ҳам кўчиб ўтишимиз мумкин... Албатта, Афғонистондан қўшинлар олиб чиқилганидан кейин ҳам ваколатхонамиз сақланиб қолади. Ваколатхонамиз узоқ муддатда қолади бу ерда. Чунки НАТО Афғонистонда миссия бошлашдан аввал ҳам Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилган, Афғонистонда НАТОнинг бирорта аскари қолмаганидан кейин ҳам ҳамкор бўлиб қоламиз деган умиддаман. Ўзаро сиёсий ва амалий алоқаларимиз сақланиб қолади. Албатта, ҳозир бу муносабатларда Афғонистон муҳим масала ҳисобланади, лекин НАТОнинг у ердаги миссияси тугашидан кейин ҳам ҳамкорлик ва дўстлигимиз сақланиб қолади, дея умид қиламиз, дейди Аппатурай.

НАТО ва АҚШ 2014 йил охирига қадар Афғонистондан жанговар қўшинларни олиб чиқишда Ўзбекистон ҳудудидан транзит сифатида фойдаланишга умид қилмоқда.

Аппатруайнинг айтишича, Ўзбекистон ҳудуди орқали қўшинларни олиб чиқиш борасида якуни келишувга эришилганича йўқ, лекин бу транзит йўлаги орқали аскарлар ва жанговар қуролларни олиб чиқиш ҳақида гап кетмаётгани аниқ.

- Ўзбекистон орқали аскарларни олиб чиқишга доир режаларимиз йўқ. Марказий Осиёдаги беш давлатдан тўрттаси билан транзит келишувларимиз борлиги рост. Транзит келишуви деганда хусусий ширкатлар, хусусан Ўзбекистон расмийлари билан келишган ҳолда юкларни транзит қилишади, бунда ҳам жанговар бўлмаган юкларни олиб ўтиш ҳақида гап кетмоқда. Яъни кийим-кечак, озиқ-овқат олиб ўтилади. Ўқ-дори ва қуроллар каби юклар Ўзбекистон орқали олиб ўтилмайди. Гап фақатгина хусусий ширкатлар билан Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз ўртасидаги хусусий шартномаларнинг амалга оширилиши ҳақида кетмоқда.

НАТО билан Ўзбекистон ўртасида алоқалар 1991 йилда ўрнатилган. Икки томон ўртасидаги муносабатларнинг чўққиси 2001 йилда АҚШнинг Афғонистон истилоси бошланган пайтда Ўзбекистонда Америка ҳарбий базаси очилган пайтга тўғри келади.

2005 йил Андижон воқеалари ортидан АҚШ базаси ёпилган ва муносабатларда қийинчиликлар кузатилган. Шу билан бирга НАТОга аъзо Германиянинг Термиздаги ҳаво базаси фаолияти тўхтамаган.

Кейинги 3-4 йил давомида НАТО Тошкент билан муносабатларни сезиларли яхшилашга муваффақ бўлди.

Жеймс Аппатурай НАТОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва демократияга доир вазиятнинг яхшиланиши устида ҳам иш олиб боради, дея таъкидлади.

- Бу масалани кўтарганингиз учун раҳмат. Бугун идоранинг очилиш маросимида қилган чиқишимда, жумладан Тинчлик учун ҳамкорлик келишувини имзолаган барча мамлакатлар демократия ва инсон ҳуқуқлари борасида мажбуриятларни ўз зиммасига олганини эслатдим. НАТО бу мамлакатларнинг барчаси билан мазкур мажбуриятларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини ҳам эслатдим. Марказий Осиё мамлакатлари ҳақида гапирганимизда, уларга турли соҳаларни, хусусан мудофаа тизимларини демкоратик тамойилларга асосланган ҳолда модернизациялашда ёрдам беришимиз мумкин. Албатта, НАТО инсон ҳуқуқлари ташкилоти эмас, лекин НАТО ваколати доирасида бу қадриятларни рағбатлантиришда ёрдам кўрсатишга тайёрмиз. Жумладан, Ўзбекистон Тинчлик учун ҳамкорлик келишуви доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришида ёрдам кўрстаишга тайёрмиз.

Шимолий Альянснинг Тошкентда ваколатхона очаётгани Украина шарқида россияпараст айирмачилар исёни боис НАТО билан Россия ўртасидаги муносабатлар таранглашган пайтга тўғри келмоқда.

Аппатруайнинг айтишича, бу мутлақо тасодифдир ва НАТОнинг Марказий Осиёдаги ҳозирлиги ошаётгани борасида Россияда билдирилаётган эътирозлар ўринсиздир.

- Мен Россиядаги бу каби эътирозларни кузатганим йўқ ва Россияни бу ердаги режаларимизда хабардор қилишга эҳтиёж ҳам кўрмайман. Лекин Россия бу режаларимизда яхши хабардор бўлган, биз буни сир сақлаганимиз йўқ. Бундан ташқари Брюсселда ҳам россиялик ҳамкасбларимидан бунга оид эътирозни эшитганим йўқ. Шу кунларда Россия нимадан ҳафа бўлиб қолишини олдиндан айтиш қийин, лекин Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлигимиз Совуқ уруш тугаган пайтда бошланган, бу ҳамкорликда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ ва ўзгармай қолади. Шунинг учун Россиянинг хавотирланишига асос йўқ, менимча, деди НАТОнинг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича махсус вакили Жэймс Аппатурай.

Россия Марказий Осиёда НАТОнинг нуфузи ошишига қарши қарши чиқиб келади. Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Россия етакчилигидаги Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзодир. Ўзбекистон 2012 йилда КХШТдан чиқиб кетган эди.

Шунингдек Тожкистон билан Қирғизистон ҳудудларида Россия ҳарбий базалари мавжуд.

XS
SM
MD
LG