Линклар

Бухородаги ҳарбий машқлар аҳоли орасида ваҳима уйғотди


Расмийларга кўра, Бухорда шу кунларда аксил-террор машқлар ўтказилмоқда.

Расмийларга кўра, Бухорда шу кунларда аксил-террор машқлар ўтказилмоқда.

Бухорода аҳолини огоҳлантирмасдан ўтказилаётган ҳарбий машқлар одамлар орасида шаҳарда террорчилар бош кўтаргани ҳақидаги ваҳимали гап-сўзларнинг тарқалишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги расмийлари Бухорода ҳарбий машқлар ўтазилаётганини тасдиқлаб, хавотирга ўрин йўқлигини айтишмоқда.



Пайшанба куни бухороликлар шаҳарда зирҳли ҳарбий машиналар ва автомат билан қуролланган камуфляждаги аскарларни кўриб, хайрон қолишди.

Бухоролик Шоҳрух исмли талабанинг Озодликка айтишича, шаҳарда террорчилар бош кўтаргани ҳақида хабарлар тарқалган.

- Кўчага чиққани қўрқяпмиз. Ҳамма ерда кулранг камуфляжда, бошига шлем кийган автоматлар билан қуролланган аскарлар, БТРлар. Шаҳарга кираверишда ҳарбийлар блок-постлар ўрнатиб, одамларни текширяпти. Нима бўлганини айтишмаяпти. Шаҳарда террорчиларни ушлашяпти, деган гап-сўзлар юрибди,- дейди Шоҳрух.

Айримлар эса Бухорода ҳарбийлар пайдо бўлишини Украинадаги ҳодисалар билан боғламоқда.

- Бу учения (машқ-таҳр.) экан. Украинадаги каби воқеалар бўлса, қуролли кучларимиз қандай қилиб ҳаракат қилиш бўйича машқ ўтказаётган экан, шунақа гаплар ҳам юрибди,- дейди бухоролик такси ҳайдовчиларидан бири.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги расмийлари Бухоро ва Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида шу кунларда терроризм ва экстремизм тахдидларини бартараф этиш бўйича ҳарбий машқлар ўтказилаётганини тасдиқлашди.

- Учения ўтказяпмиз, ҳеч қанақа хавотирга ўрин йўқ, ҳамма ёқ тинч,- деди Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг исмини айтмаган расмийси.

Лекин, вазирлик ва Бухоро вилояти ҳокимлиги шаҳарда ҳарбий машқлар ўтказилиши ҳақида аҳолини олдиндан огоҳлантирмаган.

Бухоролик журналист Гуласал Камолованинг Озодликка айтишича, одамлар орасида гап-сўз кўпайиб кетганининг сабаби маҳаллий телевидение, газеталар орқали аҳолига ҳарбий машқлар ўтказилиши ҳақида маълум қилинмаганидир.

- Бизда доим шу, одамларни огоҳлантиришмайди. Бунинг оқибатида миш-мишлар тарқалади. Кимдир президент келар эмиш, дейди, бошқалар террорчилар шаҳарда бош кўтарибди, дейди. Одамларга айтишса бўладику, “бу учения, хавотир олманглар”, деб. Ҳуллас ҳамма ҳайрон,- дейди бухоролик журналист.

Бухоро вилоятидаги оммавий ахборот воситалари ҳам ҳарбий машқлар ўтказилишидан бехабар қолишган.

- Бизга бу ҳақда ҳеч нарса айтишмади. Айтишса, хабар берган бўлар эдик,- дейди Бухородаги “Коинот“ телеканалининг ходими.

Аввалроқ, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари, жумладан Наманган, Фарғона ва Жиззаҳ вилоятларида ҳам ҳеч бир огоҳлантирувсиз аксил-террор машқларининг ўтказилиши аҳоли орасида турли миш-мишларни келтириб чиқарган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG