Линклар

Ўзбекистон элчихонаси нега ўз фуқаросини ҳимоя қилмади?


Айбсизлик презумпциясига зид тарзда Жаҳонгир Аҳмедов қотил дея айтилмоқда.

Айбсизлик презумпциясига зид тарзда Жаҳонгир Аҳмедов қотил дея айтилмоқда.

Озодликнинг Қурултой эшиттириши иштирокчилари Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари тарафидан қотилликда айбланган Ўзбекистон фуқароси Жаҳонгир Аҳмедовнинг Ўзбекистондан Россияга қайтгани атрофида юзага чиққан саволларни муҳокама қилишди.


Россиядаги ўзбек муҳожир ëшлари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилот вакили Мақсуд Абдужабборовнинг Озодликка айтишича, Жаҳонгир Аҳмедовнинг Ўзбекистондан қайтариб олиб келинишида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси фаол иштирок этган:

- Элчихона вакиллари Россия ИИВ ходимларига Жаҳонгир Аҳмедовнинг Ўзбекистондаги манзилларини беришган. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатига оид учқичнинг йўловчилар рўйхатини олиб беришга ëрдам беришган. Улар Ўзбекистон фуқаросига эмас¸ балки Ўзбекистон фуқаросини таъқиб қилаëтган Россия ИИВ зобитларига ëрдам беришган,- дейди Озодликнинг Қурултой эшиттиришида қатнашган Мақсуд Абдужабборов.

Россиядаги ўзбек муҳожирларининг “Ватандош” ташкилоти фаоли Барот Усмоновнинг айтишича¸ Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ўз фуқароларини ҳимоя қилмайди:

- Бу холат Жаҳонгир Аҳмедовнинг қайтарилиши воқеасида яққол кўринди. Айбсизлик презумпциясига зид тарзда Россия матбуоти Аҳмедовни қотил деб турган бир пайтда Ўзбекистон элчихонаси уларга эътироз билдирмаяпти¸- дейди суҳбатдош.

Усмоновнинг айтишича¸ Жаҳонгир Аҳмедовнинг Россияга қайтиб келиши учун унинг Россия ва Ўзбекистонда яшовчи яқинларига босим ўтказилган:

- Жаҳонгир ўзи таксичи бўлган¸ унинг онаси чебурек пишириб сотиб юрган. Унинг онаси ва бошқа қариндошларини бир ярим сутка қамаб қўйишган. Ҳудди ўрта асрдаги каби гаровга олиб босим қилишган. Бу Россиядаги ҳуқуқий процедурага зид. Бундай холатда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиши лозим эди. Аммо бундай қилмади¸- дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон фуқароси Жаҳонгир Аҳмедовга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 111-моддаси 4-қисми (ўлимга сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш), 166-моддаси 1-қисми (ўғирлаш ниятисиз автомобилни эгаллаб олиш) ва 167-моддаси 1-қисми (бировнинг мулкига шикаст етказиш) асосида жиноий иш очилгани маълум.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG