Линклар

2010 йилги Ўш воқеаларидан сўнг биринчи марта Ўш шаҳрида ўзбек ёшлари Қувноқлар ва зукколар танловини ўтказди. Бу ишда уларга Ўшда миллатлараро ишончни қайта тиклаш йўналишида фаолият юритаётган “Интимак” телерадио ширкати кўмак кўрсатди.

Ўш воқеаларидан 4 йил бўлган бўлса-да, Ўзбекистон билан чегаралар очилмагани боис у ердан ўзбек эстрада қўшиқчилари ва қизиқчиларининг Ўшга келиши деярли кузатилмайди. Шу сабабли маҳаллий қўшиқчилар ва ёшлар томонидан сўнги икки йилдан буён ўтказиб келинаётган хар қандай кўнгилочар дастурлар ўшлик ўзбеклар томонидан илиқ кутиб олинади. Бугун Ўшдаги Бобур академик драма театрида бўлиб ўтган ўзбек ёшларининг Қувноқлар ва зукколар фестивали ҳам ана шулар жумласидандир.

Ўшлик ўзбек ёшларидан иборат 4 гуруҳда Қувноқлар ва зукколар ўйинига қизиқувчи 30га яқин ўзбек ўғил- қизлари бор.

- Қизиқарли саҳна кўринишларимиз кўп. Ўзимиз ҳам репетиция жараёнида кулавериб ҳолдан тойдик. Кўпчилигимиз, шу жумладан, биз ҳам катта саҳналарни кўрмаганмиз. Биринчи маротаба саҳнага чиқишимиз, Оллоҳ юзимизни ёруғ қилса барчаси яхши бўлади, -дейди 20 ёшли Қувноқлар ва зукколар фестивали иштирокчиси Ботир Носиров тадбир бошланишидан аввал Озодликка берган суҳбатида.


Ўзбек ёшларининг чиқишлари ва саҳна кўринишларининг тайёрланишига 2010 йил Ўш воқеаларидан сўнг миллатлараро муносабатларни тиклашга харакат қилиб келаётган “Интимак” жамоат телерадиокомпанияси ходимлари кўмаклашди. Сўнги бир ой давомида гоҳ театр саҳнасида, гоҳ телерадиокомпания биносида ўтказилган тайёргарлик ишларига телекомпаниянинг ходимлари режиссёрлик қилмоқда.


- Ўзбек ёшлар иложи борича астойдил ҳаракат қилишди. Булар проффессионал ёки бирон жойда махсус билим олган ёшлар эмас, одий уста ёки чевар болалардир. Бизнинг репетиция жараёнимизда ҳам турли қийинчиликлар бўлди. Масалан, тайёргарлик кўриш учун махсус жойлар йўқлиги сабабли ёшларимиз чойхона ва бошқа ерларда репетиция қилишига тўғри келди. Мен ўзбек миллий маданий марказларимиз шу каби ишларни ўз зиммасига олса,ўзбек ёшлари йиғилиши мумкин бўлган жойларни ташкил қилса яхши бўлар эди деган фикрдаман, - дейди телевидиния ходими Даврон Насибхонов.

Мазкур Қувноқлар ва зукколар фестивалида Ўш мэрияси Ёшлар қўмитаси ҳомийлиги остида Манас Ота ҳудудий кенгашининг Қувноқлар ва зукколар гуруҳи ҳам меҳмон сифатида иштирок этди. Мэрия вакиллари бундай тадбирлар турли миллат ёшларнинг дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади деган фикрда. Расмийлар ўзбек ёшлари Қувноқлар ва зукколар ўйинларида Қирғизистон лигаларига ҳам чиқиши мумкин деган умиддалар:

- Ўзбек миллатидаги ёшлар Қувноқлар ва зукколар томошаларида иштирок этишмас эди. Бу ерда ўзгачалиги ўзбек йигитларигина эмас, қизлари ҳам Қувноқлар ва зукколарга фаол қатнашаётганидадир. Бундан ташқари гуруҳларда ҳам ўзбек,қирғиз, тожик, уйғур ёшлари иштирок этаётганидадир, -дейди Ўш мэрияси вакили, Ўшдаги Манас Ота ҳудудий кенгаши раисаси Нурила Исаева.

Айтиш жоизки, мазкур тадбирда иштирок этаётган Қувноқлар ва зукколар гуруҳлари асосан Интимак жамоат телерадиокомпанияси томонидан тузилган ҳамда ўзбек ёшларидан тузилган фан клублари аъзоларидан ташкил топган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG