Линклар

Қрим татарлари ватанидан депортация қилинганининг 70 йиллиги хотирланди


Қрим татарлари етакчиси М.Жамилев, Киев.ш., 2014 йил 18 май.

Қрим татарлари етакчиси М.Жамилев, Киев.ш., 2014 йил 18 май.


Қрим татарлари СССР йўлбошчиси Иосиф Сталиннинг буйруғига мувофиқ 1944 йили ўз ватанлари Қрим ярим оролидан депортация қилинганининг 70 йиллигини ёдга олди. Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ҳукумати оммавий тадбирлар ўтказишни тақиқлагини боис хотирлаш маросими Қрим пойтахти Симферополь яқинидаги масжидда бўлиб ўтди. Хотира маросимлари Киев, Москва ва бошқа шаҳарларда ҳам ўтказилди.

18 май куни эрталаб Симферополь шаҳридаги темир йўл вокзали яқинида уюштирилган хотира маросимига юз нафардан кам одам келди.

Ҳар йили ўтказиладиган шу каби тадбирларда минглаб қрим татарлари иштирок этган.

Бироқ Қрим татарлари йиғини - Мажлис 18 май куни Симферополь марказида хотира маросими ўтказишни бекор қилиб, тадбирларни диний марказлар ва бошқа жойларда ўтказишга чақирди.

Маросимлар ўтказилмаслигига жорий йил март ойида Россияга аннексия қилган Қрим ярим ороли раҳбарияти 6 июнга қадар бу ерда оммавий тадбирлар ўтказишга тақиқ жорий этгани сабаб бўлди.

Қрим ҳукумати раҳбари Сергей Аксёнов тақиқни Украина жанубий-шарқидаги вазиятнинг қалтислиги билан изоҳлади.

Қрим татарлари Мажлиси раиси Рефат Чубаров ҳукумат қарорини “ғайриинсоний акт”, деб атади.

Совет давридан ҳозирга қадар Қрим татарлари миллий ҳаракати етакчиси бўлиб келаëтган Мустафо Жамилев 18 май куни Украина пойтахти Киевда журналистларга бу йил Қримда Совет Иттифоқи давридагидек вазият ҳукм сураётганини айтди.

- Бу йил худди советлар давридагидек воқеалар рўй бермоқда. Сана муносабати билан ўтказилиши режаланган ҳамма тадбирлар бекор қилинди, - деди Мустафо Жамилев.

Россия ҳукумати 22 апрель куни Мустафо Жамилевнинг 2019 йилгача Қрим ярим оролига киришини тақиқлаган.

Якшанба куни Киевда ўтказилган намойишда чиқиш қилган Мустафо Жамилев Қрим яна озод бўлади, дея баёнот берди.

- Тадбирнинг ҳамма иштирокчилари Қрим босқинчилардан озод бўлади ва ватанимиз, буюк Украинанинг ажралмас қисми бўлиб қолиши муқаррарлигига чин дилдан ишонадилар, - дея баёнот берди Мустафо Жамилев.

17 май куни Россия президенти Владимир Путин Сочи шаҳрида қрим татарлари вакиллари билан учрашиб, Россия уларнинг ҳаётини яхшилашини айтди. Бироқ Путин қрим татарлари ўз келажаклари Россия билан бирга эканини қабул қилишлари кераклигини қўшимча қилди.

Вашингтонда АҚШ Давлат котиби Жон Керри “Россиянинг Қримни босиб олгани ва ноқонуний аннексия қилиш уриниши эски яраларни янгилади”, деди.

Жон Керри Қўшма Штатлар “қрим татарлари ҳозирда дуч келаётган янги таҳдидга қарши улар билан бирга эканини ва 1944 йилги фожиани қайғу билан хотирлашини” таъкидлади.

1944 йил май ойида СССР йўлбошчиси Иосиф Сталиннинг буйруғига мувофиқ қарийб 200 минг нафар қрим татари бир кечада юк вагонларига ортилиб¸ олис юртларга олиб кетилган эди.

Маълумотларга кўра¸ Сталиннинг қаҳрига учраган қрим татарларининг 151 минг 136 нафари Ўзбекистонга жўнатилган.

Сталин буйруғи асосида бадарға қилинган қрим татарлари 1989 йилда СССРнинг охирги раҳбари Михаил Горбачëвнинг рухсати билан тарихий ватанларига қайтишга муваффақ бўлдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG