Линклар

logo-print
OzodMikrofonга Москва вилоятидан боғланган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Қодиржон 13 майда "Спартак" клуби фанатининг ҳамюрти томонидан ўлдирилгани ҳақидаги шов-шувдан сўнг ўзбеклар ишини йўқота бошлаганини айтди. Унга кўра, аксар ўзбеклар хавфсизлигидан қўрқиб, 3-4 кун ишга қатнамагани сабаб иш берувчилар томонидан қувилмоқда.

Москва вилоятининг Пушкино шаҳарчасида йиллардан буён ишлаётганини айтган ўзбекистонлик 43 яшар меҳнат муҳожири - Қодиржон 14 майдан бошлаб ишга чиқамагани учун ишидан айрилганини айтди.

13 май куни 22 яшар футбол фанати Леонид Сафьянников ўзбекистонлик муҳожир томонидан калтаклаб ўлдирилгани ҳақидаги хабар ортидан Пушкинода кўтарилган погромдан қочган Қодиржон бир неча юртдоши билан шаҳарчани тарк этганича, ортга қайтолмаётганини айтмоқда.

- Бировларнинг квартираларида яшаб юрибмиз. Иш берувчига телефон қилсам: "Тамом, сен ишдан бўшатилгансан!" деди. Ишдан айрилдик. Бугунларга келиб фанатлар анча тинчиб қолди, деб турсак энди ФМС текширув бошлабди, - дейди Москва вилоятида юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

Унинг хавотирича, сўнгги бир неча кун ичида баъзи ҳамюртлари билан алоқа узилиб қолган.

- Бир Набижон ака, деган шофёр акамиз бор эди. Бозорда савдо ҳам қиларди, 14 май куни тонгдан бери алоқа узилган. Кеча унинг машинасини ёндириб юборишибди, деган гапни эшитганимдан бери тинчим йўқолди. Бунақа тополмай қолаётган юртдошларимиз бўляпти, - дейди Қодиржон.

Қуйида Қодиржон билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.



Озодликнинг Москва вилояти бўйича Тергов қўмитасидан олган маълумотига кўра, 13 май куни кечки соат 19:30 ларда “Пушкино” темир йўл бекати ёнидаги бозорчада “BMW” машинасини нотўғри парковка қилган 23 яшар Леонид Сафьянников ва “ВАЗ-2104” машинасидаги икки нафар муҳожир ўртасида жанжал чиққан.

Тўрт йил давомида бокс билан шуғулланиб келган Сафьянников машинасидан чиқиб ўзбекларга ташланган, бироқ ўзи зарбадан боши билан асфальтга йиқилган ва ҳушидан кетган. Энсаси билан ерга урилиб қаттиқ зарба еган Леонид Сафьянников Пушкино марказий шифохонасида жон берган.

Леонид Сафьянниковни беҳостан ўлдирганликда айбланаётган Жаҳонгир Аҳмедов шошилинч Ўзбекистонни тарк этгани хабар қилинган эди. Аммо, орадан бир ярим кун ўтиб Аҳмедов Москвага қайтди ва аэропортдаёқ ҳибсга олинди.

Ўзбекистон фуқароси Жаҳонгир Аҳмедовга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 111-моддаси 4-қисми (ўлимга сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш), 166-моддаси 1-қисми (ўғирлаш ниятисиз автомобилни эгаллаб олиш) ва 167-моддаси 1-қисми (бировнинг мулкига шикаст етказиш) асосида жиноий иш очилгани маълум қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG