Линклар

Каттақўрғон тумани ҳокими жавобгарликка тортилди


Шу йилнинг 16 май куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокими Пирмат Ўсаров халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ишдан олиниб, Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан жавобгарликка тортилди.

Ҳокимликдаги Озодлик манбасига кўра, собиқ ҳоким мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги ва совуққонликда айбланмоқда.

“Пирмат Ўсаровни Бош вазирнинг одами дейишарди, аммо уни ишдан олишдан бошқа чора қолмади. Туманда шу одамнинг дастидан қамалмаган бирорта раҳбар қолмади ҳисоб, лекин бу одамнинг иши билан вилоят СНБ бошлиғининг ўзи шахсан шуғулланмагунича ишдан олиб бўлмади. Ўзиям туя ютса билдирмасди, туманни бутунлай қолоқлик ботқоғига киритиб юборди”, дейди Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчаси оқсоқолларидан бири.

Каттақўрғон тумани ҳокимлигининг собиқ вакилига кўра, Пирмат Ўсаровнинг 9 йиллик раҳбарлик фаолияти даврида унинг ўринбосарлари Нуриддин Шаропов икки марта совуққонлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган. Туман ҳокими ўринбосари Инобат Дониёрова пора билан қўлга олиниб, амнистия туфайли жазодан озод этилган. Туман ҳокими ўринбосари Неъмат Расулов эса мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва мансаб сохтакорлигида айбланиб, жазони ўтаб чиққан.

Шунингдек, ҳокимлик аппарати вакили Бердиёр Ибрагимов “Фуқароларнинг мурожаатлари борасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик”да айбдор, деб топилган.

Ҳокимликнинг канцелария бўлими мудири Шаҳобиддин Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 208-моддаси (Ҳокимият ҳаракатсизлиги) билан судланган.

Туман ҳокимлиги бош ҳисобчиси 5 йилга қамалган, туман “Маҳалла” жамғармаси раиси Мухтор Тоҳиров фирибгарлик жинояти билан қўлга олинган. Ана шу ҳолатлар ҳам ҳокимнинг ишдан кетишига сабаб ўлароқ кўринмоқда.

Туман ҳокимлигининг навбатчилик қисми Пирмат Ўсаровнинг ишдан олингани ва унинг ўрнига ҳоким ўринбосари Шерали Йўлдошевнинг "ҳоким вазифасини бажарувчи" этиб тайинланганини тасдиқлади, аммо Ўсаровга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан изоҳ бермади.
XS
SM
MD
LG