Линклар

Бугун Брюсселда НАТО Бош котибининг Украина шарқидаги вазият юзасидан баёнот бериши кутилмоқда


НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен бугун Брюсселда бўладиган матбуот анжуманида Украина масаласида чиқиш қилиши кутилмоқда.

НАТО раҳбарияти Қрим ярим оролининг Россия томонидан аннексия қилинишини қоралаган ва Москвани Украина шарқидаги бўҳронга қарши чора кўрмаганликда айблаган.

Украина шарқидаги бир неча шаҳарларда ҳукумат идораларининг россияпараст гуруҳлар томонидан эгаллаб олиниши давом этмоқда.

Луганскда якшанба куни қуролланган гуруҳ вилоят Ички ишлар бошқармаси биносини эгаллаб олди. Гуруҳ етакчиси Юрий Ивакин ўзини “Луганск халқ республикаси”нинг “ички ишлар вазири” деб эълон қилди.

Шу куннинг ўзида Интерфакс агентлиги ҳам “Жанубий-шарқ бирлашган армияси” россияпараст ҳарбий ташкилотининг маълумотига таянган ҳолда “Луганск халқ республикаси”нинг “халқ губернатори” деб аталаётган Валерий Болотов Ивакинни ички ишлар вазири этиб тайинлагани ҳақида хабар тарқатди.

Украина Ички ишлар вазирлиги қон тўкилиши ва оммавий тартибсизликларга йўл қўймаслик учун вазирликнинг Луганск вилоятидаги бош бошқармаси аппаратини Старобельск шаҳрига кўчиришга қарор қилинганини билдирди.
XS
SM
MD
LG