Линклар

logo-print

Германиядаги консуллик 2 минг ўзбекистонликни фуқароликдан чиқариши мумкин


Кўринг¸ ҳавас қилинг гражданиман мен улуғ ўзбеклар мамлакатининг...

Кўринг¸ ҳавас қилинг гражданиман мен улуғ ўзбеклар мамлакатининг...

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси фуқаролигини йўқотиши мумкин бўлган 2 мингга яқин ўзбекистонликнинг исм-фамилиясини эълон қилди. Берлиндаги консуллик вакилининг таъкидича, Ўзбекистонда доимий пропискадан чиқиб, йиллар давомида хорижда яшаётган фуқаролар ўзбек консулликларида қайддан ўтмаса, улар Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилиши мумкин.


Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси Бош консуллиги Ўзбекистонда доимий пропискадан чиқиб хорижга кетган, аммо йиллар давомида консуллик рўйхатида турмаган 2 мингга яқин ўзбекистонликдан консулликка мурожаат қилишни сўрамоқда.

Куни кеча консуллик расмий сайтида бу фуқароларнинг исм-фамилияси, туғилган йили ва миллати акс этган рўйхат эълон қилинди. Рўйхатда номи тилга олинган шахслардан Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш ë чиқмаслик ниятидан Бош Германиядаги консулни хабардор қилиш сўралди.

Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида ишлайдиган Озодлик манбасига кўра¸ бу рўйхатда исми келтирилганлардан бирортаси ҳали фуқароликдан чиқарилмаган:

"Улар ҳали фуқароликдан чиқарилмади. Аммо, рўйхатдагилар фуқароликдан чиқарилишига асос бўладиган ҳуқуқбузарликни содир қилишди, яъни улар беш йилдан кўп муддатда консулликда қайддан ўтишмади. Уларни фуқароликдан чиқариш бўйича фармон ҳали йўқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони чиққан кундан бошлаб, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги йўқотилади", деди мухбир билан микрофонсиз суҳбатда Озодлик манбаси.

Бу мулозим айни тартиб "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида" 1992 йил 2 июлда қабул қилинган қонун асосида жорий этилганини ёдга солди.

Ушбу қонуннинг йигирма биринчи моддаси иккинчи бандида қайд этилишича, Ўзбекистонда доимий пропискадан чиқиб чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқароси беш йил давомида узрли сабабларсиз консуллик қайдидан ўтмаса, бу ҳолат уни фуқароликдан чиқариш учун асос бўлиши мумкин.

Манбанинг айтишича¸ бу тартиб Ўзбекистонда доимий пропискадан чиқмасдан, чет элда юрган фуқароларга тегишли эмас.

"Агар Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистонда доимий пропискаси бўлган ҳолда чет элда юрса, унга нисбатан "чет элда вақтинча юрган", деган ибора қўлланади. Консулхона сайтидаги рўйхатга кирганлар Ўзбекистонда пропискадан бутунлай чиқиб кетишган ва пировардида консулликда қайддан ўтишмаган. Қонунга кўра¸ чет элда доимий яшовчи шахс беш йил давомида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаса уни бу асосда фуқароликдан чиқариш мумкин"¸ дея билдирди Озодликнинг элчихонадаги манбаси.


Юз билан юзлашиб тўқсонга тўқнашганлар рўйхати

Ўзбекистоннинг Германиядаги консулхонаси эълон қилган фуқаролигини йўқотиши мумкин бўлган шахслар рўйхатида ëши бир жойга бориб қолган ва эҳтимол, аллақачон бандаликни бажо келтирган шахслар номига дуч келиш мумкин.
Ўзбек паспорти ҳар икки йилда бир марта узайтирилади

Ўзбек паспорти ҳар икки йилда бир марта узайтирилади

Рўйхатга кирган 142 кишининг ëши тўқсондан ошган бўлса, 30 кишининг ëши юздан ошган. Масалан, рўйхатга кирган Нинелла Кравченко 109 ëшда. Рўйхатдаги 408 кишининг ëши саксонга етган. Тўқсон ëшгача бўлганлар сони эса 496 нафар.

Фуқаролигини йўқотиши мумкин бўлганлар рўйхатига кирганларнинг 600 нафари рус, 325 нафари татар, 248 нафари яҳудий ва 193 нафари ўзбек экани ëзилган. Шунингдек рўйхатда 40 нафар корейс, 39 нафар тожик миллатига мансуб кишилар ҳам бор.


Ўзбекистон фуқаролигидан қачон ва қандай чиқилади?

Бугун бу саволга ҳам Ўзбекистон ичкариси, ҳам ташқарисида жавоб излаëтганлар кўпайиб бормоқда.

Ўзбекистон қўшфуқароликни тан олмайдиган давлат бўлгани учун¸ бошқа давлат фуқаролигини олишга қарор қилган ўзбекистонликлар Ўзбекистон паспортидан воз кечиши лозим бўлади.


Фуқароликка кириш ҳам, чиқиш ҳам Президент ваколатида

“Ўзбекистон Республикаси Фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга кўра¸ бу масала президент масъулиятидадир.

- Фуқароликни қабул қилиш ва ундан чиқиш тартиблари алоҳида қонун нормаларида қайд этилган. Ариза ëзилади. Фуқароликка қабул қилиш давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилишини ҳисобга оладиган бўлсак, фуқароликдан чиқиш масалалари ҳам ўша тартибда ариза бериб ўзи яшаб турган жойдаги ички ишлар органлари томонидан керакли идорага етказилади. У ерда кўриб чиқиб бу масалани ҳал қилиш мумкин. Фуқаро бошқа давлат ҳудудида бўладиган бўлса, ўша ердаги элчихоналарга аризалар бериб фуқароликдан чиқиш масаласини қўяди аризасида¸ дейди фуқароликдан чиқиш масаласининг ҳуқуқий жиҳатига ойдинлик киритган эди тошкентлик адвокат Гулнора Эшонхонова Озодлик билан ўтган суҳбатлардан бирида.

“Ўзбекистон Республикаси Фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 30-моддасига кўра¸ Ўзбекистон фуқаросининг фуқароликдан чиқиш тўғрисидаги аризасини қондириш-қондирмаслик президент ваколатига берилган бўлса-да¸ айни қонуннинг 38-моддаси бундай аризаларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон президенти ҳузурида Фуқаролик масалалари бўйича қўмита таъсис қилишни кўзда тутади. Президент номига ëзиладиган аризалар билан дастлабки босқичда ана шу қўмита ишлайди ва сўровларнинг “сарагини саракка¸ пучагини пучакка” ажратади.

Қонунга кўра, фуқароликдан чиқиш учун Ўзбекистон фуқароси ўзи рўйхатдан ўтган район Ички ишлар бўлимининг тегишли мутасаддиларига¸ хорижда эса¸ Ўзбекистон элчихонасининг консуллик бўлимига мурожаат қилади.


Бу жараëн йилларга чўзилиши мумкин....

Хориж давлатида доимий яшаш ҳуқуқини олиб¸ бу давлат фуқаролигини олишга ҳақли бўлган ўзбекистонликлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Норасмий манбаларга кўра¸ саккиз миллионга яқин ўзбекистонлик ҳозирда хорижда ишламоқда ва уларнинг кўпи¸ узоқ йиллик меҳнат баробарида ўзлари ишлаëтган юртларда ҳуқуқий мақомни ҳам қўлга киритмоқдалар.

Бундайлар¸ агар янги фуқаролик истиқболи Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечишни талаб қилмаса (масалан¸ АҚШ¸ Британия каби давлатларда қўш фуқаролик тақиқланмаган – таҳр)¸ бундай ҳолда ҳам Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечмаган ҳолда¸ иккинчи давлат фуқаролигини қабул қилмоқдалар. Зотан¸ уларнинг аксари ота-онаси¸ мол-мулки қолган Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечишни истамайдилар. Бундай ҳолда уларни хориж фуқароси сифатида Ўзбекистонга кириш визаси ололмай¸ яқинларининг тўйу маъракасига бора олмай қолишлик истиқболи энг кўп қўрқитади. Қолаверса¸ Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечишга расман ариза бериш билан Тошкентдаги сони кўп қора рўйхатларга қўшилиш эҳтимоли ҳам уларнинг бундай ариза ëзишга журъат қилишига қўймайди.
Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси

Аммо энг қийин томони¸ деган эди узоқ йиллардан бери Британияда яшаëтган ўзбекистонлик мустақил журналист Шоҳида Ëқуб¸ Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш ҳақидаги аризанинг ҳеч қачон қондирилмаслигидир.

- Масалан¸ мен биламан Ўзбекистон ватандошлигидан воз кечиш ниятида бўлган одамлар ариза берганлар. Уч йил, беш йил ўтаяпти. Ҳеч қанақа жавоб келмаяпти. Ўзбекистон ичида битта юрист билан гаплашганимда “Қанақа процедура бор?” деб сўрадим. Менга “Ўзбекистон ватандошлигидан воз кечишнинг ҳеч иложи йўқ. 10 йил бўлади кутасиз, ҳеч қанақа жавоб келмайди. Ўзбекистон ватандошлигидан воз кечишнинг умуман имкони бўлмайди” деб айтишган¸ дейди бу масала билан бевосита шуғулланган журналист Шоҳида Ëқуб.


Фуқароликдан чиққанлар ҳам бор....

Шундайлардан бири асли тошкентлик Тимур. Аввалига АҚШ Green Cardини ютиб¸ бу мамлакатда ўринлашган Тимур¸ Америка паспортини олганидан сўнг¸ 2007 йилда расмий ариза билан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига расмий ариза билан мурожаат қилган. Узоқ давом этган қоғозбозликлардан сўнг¸ икки йил ўтиб унинг аризаси қондирилган ва почта орқали унга Ўзбекистон президенти қарори билан Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилгани ëзилган расмий хабарнома келган.

- Аммо мен билан бирга ариза топширган 73 яшар онамнинг аризаси ҳамон қондирилгани йўқ. Элчихона ходимлари қачон телефон қилсам¸ “Кутинг¸ кўриб чиқилаяпти”¸ деб жавоб беради. Очиғи¸ аризанинг асосий вақтини чой ичиб¸ гап сотиш билан ўтказадиган элчихона ходимларидан ўтиб¸ Тошкентга етиб борганига ҳам ишонмай қўйдим¸ дейди онаси йиллардан бери Ўзбекистон фуқаролигидан чиқолмай юрган Тимур Озодлик билан суҳбатда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG