Линклар

logo-print
Ногирон фарзанд тарбия қилаётган оналарга бундан буён меҳнат стажи ёзилмайди. Бу тартиб Ўзбекистон ҳукуматининг шу йил 13 май куни қабул қилинган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига киритилган ўзгартиш ва тўлиқлашларида ўз аксини топган.

Аввалги тартибга мувофиқ, 8 ёшгача ногирон боласига қараган онага иш стажи ёзиларди.

Шунингдек, Андижон воқеаларига 9 йил тўлган куни қабул қилинган ҳукумат қарорига кўра, фарзанди 3 ёшга киргунча меҳнат таътилида бўлган оналарнинг таътилдаги даври ҳам иш стажига киритилмайдиган бўлди.

Бундан ташқари, бундан буён олий ўқув юртларининг кундузги бўлимида, аспирантурада, докторантурада ўқиган ёки клиник ординатурада бўлган кишиларнинг ҳам ўқиш ёки тадқиқот даври иш стажига ёзилмайди.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, эндиликда I гуруҳ ногирони ёки 80 ёшга кирган қария парвариши билан машғул бўлган кишилар ҳар 12 ойда бу ҳақда ҳужжат расмийлаштиришлари лозим бўлади. Расмийлаштирилган бу ҳужжатлар I гуруҳ ногирони ёки қариянинг пенсия ҳужжатларига тикилади ҳамда парвариш билан шуғулланаётган одамга пенсия тайин қилишда бу йилларни иш стажига киритиш учун асос бўлади.

Ўзбекистон хорижига доимий яшаш учун чиқиб кетаётган шахсларга, агар шахсини тасдиқловчи ҳужжатда “Доимий яшаш жойида рўйхатдан чиқарилди” деган қайд бўлган тақдирда, ариза асосида пенсия бериш тўхталиши мумкин.

Агар нафақахўр суиистеъмол сабабли (нотўғри маълумотлар акс этган ҳужжатларни тақдим этиш ва ш.к.) унга пенсия кўпроқ тўлаб юборилгани натижасида давлат олдида қарздор бўлиб қолган бўлса, унга пенсия ҳужжатлари бу зарар тўла қопланганидан кейингина берилади.

Ҳукумат қароридан бундан бошқа ўзгаришлар ҳам акс этган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG