Линклар

Украиналик олигарх россияпараст айирмачиларга қарши "тинч норозилик" ўтказишга чақирди


Ринат Аҳметов.

Ринат Аҳметов.

Украинадаги энг бой шахс ҳисобланган Ринат Аҳметов мамлакат шарқидаги Россия тарафдори бўлган исёнчиларга қарши тинч норозилик акцияси ўтказишга чақирди.

Душанба куни телевидение орқали чиқишида Аҳметов “қўрқув ва террор билан яшаш одамларнинг жонига тегди”, деди.

Аҳметов Украина шарқидаги шаҳарларда ҳукумат биноларини эгаллаб олган Кремл тарафдори бўлган айирмачиларнинг хатти-ҳаракатлари “геноцид”га олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Мол-мулки 12 миллиард АҚШ долларига тенг экани айтиладиган Ринат Аҳметов Украина шарқида жойлашган Донбас минтақасидаги қатор ишлаб чиқариш корхоналарининг соҳибидир.

У ўзига қарашли металлургия заводларини 20 май куни айирмачиликка қарши “тинч норозилик акцияси”га қўшилишга чақирди.

Сешанба куни БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича идораси Украинада бўҳрон бошланганидан бери камида 10 минг одам ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлганини билдирди.

Айни пайтда 20 май куни Россия Мудофаа вазирлиги Кремл буйруғига мувофиқ Брянск, Белгород ва Ростов вилоятларидан армия қисмларини олиб чиқишга тайёргарлик кўрилаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG