Линклар

logo-print
Бу йил Ўзбекистонда умумий ўрта таълим мактабларини якунлаётган ўқувчиларга хонадонлар, ресторан ёки кўнгилочар боғларда "Битирув кечаси"ни ўтказиш яна тақиқланди. Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги халқ таълими бўлимларидан олинган маълумотга кўра, мактаб якунини нишонлашни истаган ўқувчилар зиёфату қутловларни мактабда, ўқитувчилар назорати остида, кундуз куни ўтказиши мумкин.


25 май куни республика бўйлаб умумий ўрта таълим мактабларида сўнгги қўнғироқ чалинади ва ўқув йили расман якунланади.

Тошкент шаҳрининг бир неча тумани ва Жиззах, Самарқанд, Фарғона вилоятларидаги халқ таълими бошқармаларидан олинган маълумотларга кўра, бу ўқув йили якунида ҳам мактабни тамомлаётган ўқувчиларга "Битирув кечаси"ни ўтказиш тақиқланганича қолмоқда.

Тошкент шаҳри Сергели тумани Халқ таълими бўлимининг ўзини таништирмаган ходими ўтган ўқув йили якунида жорий этилган тақиқ ҳануз амалда эканини айтди.

- Ҳеч қандай "Битирув кечаси", ресторанда зиёфат, деган нарсалар йўқ. Йўқ қилинган ҳаммаси. Фақат мактабда, сўнгги қўнғироқ чалинган куни ўқитувчилар назорати остида кундуз куни ўказишлиги мумкин. Музика, рақс - ҳаммасини мактабда ўқитувчилар назорати остида қилишлари мумкин. Мактабдан ташқарида бирорта тадбирга рухсат йўқ, - деди Халқ таълими бўлими масъули Озодлик билан суҳбатда.

Бу расмийнинг қўшимча қилишича, битирувчиларнинг оқшомлари шаҳардаги кўнгилочар боғларда йиғилиб, йил якунини ўзаро нишонлашига ҳам рухсат йўқ ва шундай ҳаракат бўлгани ҳолда "бунинг учун синф раҳбари ҳамда ота-оналар жавобгар бўлади". Расмий жавобгарлик қай кўринишда бўлишига ойдинлик киритмади.

Самарқанд вилоятидаги Халқ таълими бўлимларидан бирининг исмини айтмасликни истаган методисти мактабдан ташқарида бўладиган "Битирув кечаси"ни тақиқлаш ҳақида вазирлик кўрсатмаси ўтган йили тарқатилганини айтди.
Халқ таълими вазирлигининг "Битирув кечалари"ни чеклашга оид тавсияси.

Халқ таълими вазирлигининг "Битирув кечалари"ни чеклашга оид тавсияси.

- Ўша гап - ўша гап, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Энди бўлади баъзи мактабларнинг битирувчи синфлари бирлашиб, кундузи ресторанда "Битирув кечаси" қилишган. Ўқитувчилари, ота-онаси ҳам иштирок этгани учун биз ҳам индамадик. Лекин кечасида уни уйида-буни уйида "Битирув кеча" деган гаплар тўтахтилган, - деди самарқандлик методист.

Халқ таълими вазирлигининг 2013 йилнинг 18 майида республикадаги халқ таълими бўлимлари ва умумий таълим мактабларига йўллаган тавсияси нусхаси Озодликка ҳам келиб тушган эди.

Халқ таълими вазирлигининг "Битирув кечалари"ни чеклашга оид тавсияси.

Халқ таълими вазирлигининг "Битирув кечалари"ни чеклашга оид тавсияси.

Бу тавсияда, жумладан, шундай дейилган:

"Таъкидлаш жоизки, таълим муассасаларида ушбу маросимлар учун битирувчилардан маълум миқдорда маблағ йиғиш, мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларни турли қимматбаҳо совғалар билан сийлаш ҳамда тантаналарни ўқувчи ёки ўқитувчиларнинг хонадонларида, ресторан ёки қаҳвахоналарда катта маблағ талаб этадиган тарзда ўтказиш қатъиян ман этилади".

Вазирлик тавсияномасида асосий эътибор "Битирув кечалари" учун йиғиладиган маблағнинг катта бўлиб кетиши олдини олишга қаратилган.

Аммо, ўқитувчиларнинг сўзларига кўра, тақиқнинг асосий сабаби кейинги йилларда 15-16 ёшли мактаб битирувчиларнинг оқшомга белгиланган ва одатан, ота-она ҳамда ўқитувчилар назоратидан четда ўтадиган тадбирларида нохуш воқеаларнинг кўп рўй бераётганидир.

- 15-16 ёш бўладида битирувчилар. Ёш бола ҳаммаси. Ҳозир техника ривожланган... 15 ёшда ота бўлиб қолаётганлари бор. 15 ёшида она бўлиб қолаётганлари бор. Ичиб-чекиб, йўлдан чиқиб кетаётганлари бор. Жанжаллашиб, бир-бирини пичоқлаб қўяётганлар бўлаяпти,- деди Тошкент вилоятидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирининг ўқитувчиси.

У ўз раҳбарлигидаги синфда 30 га яқин ўқувчи борлиги, уларнинг ҳар бири учун жавобгар қилиб қўйилгани, ҳатто, кичик муаммо юзага чиққудек бўлса ҳам ишдан кетишидан хавотир қилишини айтади.

Зеро, вазирлик тавсиясида жазо чорасига ҳам аниқ ишорат берилган:

"Тадбирларни ўтказиш бўйича барча хавфсизлик чораларини кўриш таълим муассасалари раҳбарлари зиммасига юкланади."

- Шунинг учун мактаб директорилари кечаларни тақиқлаш билан муаммодан қутулмоқчида. Ўзиям тинч, ўқитувчисиниям ишдан ҳайдаб, ҳаммага ёмон кўринмайди. Боласиям тинч бўлади, - дейди тошкентлик ўқитувчи.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги эълон қилган расмий маълумотга кўра, бу йил мамлакатдаги жами 9 минг 739 мактабнинг 9-синфини 501 минг 564 ўқувчи тамомламоқда. (Бу ўтган йил битирган ўқувчилар сонидан қарийб 2 ярим минг нафарга оздир)

Битирувчиларнинг 450 мингдан ортиғи касб-ҳунар коллежлари, қарийб 47 мингдан ортиғи академик лицейларда ўқишни давом эттириш ниятини билдирган.

2011-2012 ўқув йилидан бошлаб, битирувчиларнинг мутлақо ҳаммасини ўрта-махсус ва ўрта-махсус кас-ҳунар таълим муассасаларига жалб қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинган эди.

Бундан ташқари, 2013 йилнинг январидан бошлаб, Республика ички ишлар вазирлиги ходимлари иштирокида коллеж ва лицей ўқувчиларининг дарсларга қатнови, ўрта-махсус таълим муассасаларини битирган ёшларнинг иш билан таъминланганини аниқлаш, назорат қилишга қаратилган тадбирлар ҳам йўлга қўйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG