Линклар

Ўзбекистонда мижозлар хориждан пул жўнатмаларини олиш учун соатлаб кутмоқда


Ипотека банкининг Бухоро вилоятидаги бўлими биноси олдида кузатилаётган навбат.

Ипотека банкининг Бухоро вилоятидаги бўлими биноси олдида кузатилаётган навбат.

Пул жўнатмаларини олиш учун фуқаролар банкларда соатлаб навбат кутаётгани тўғрисида хабар қилган тингловчи Ипотека банкининг Бухоро шаҳри марказидаги филиали биноси олдидаги навбатни суратга тушириб юборди.

Россиядан пул жўнатган меҳнат муҳожирининг Озодликка хабар қилишича, пулга навбат Каттақўрғон шаҳридаги банкларда ҳам кузатилган.

Ипотека банки вакилларининг айтишича, ўтган ҳафтада пайдо бўлган пул тақчиллиги муаммоси ҳал бўлган ва яқин кунлар ичида мижозлар ўз пулини навбат кутмай ола бошлаши мумкин.


Россияда ишлаётган каттақўрғонлик йигитнинг Озодликка айтишича, у ўтган ҳафтада икки дўсти билан биргаликда ҳаммаси бўлиб 2500 доллар пулни Каттақўрғонга жўнатган.

- Уйимиздагилар пулни олиш учун ўтган ҳафта охирида 3 кун навбатда турдилар, деди исми сир қолишини сўраган меҳнат муҳожири.

Худди шундай вазият Бухорода ҳам ҳукм сураётгани тингловчимиз жўнатган суратлардан кўриниб турибди.
“Суратлар 19 май куни эрталаб соат 11.30 да туширилган”, деди тингловчимиз. Унинг айтишича, бундай навбатни нафақат Ипотека банки, балки бошқа банклар, хусусан, Савдогарбанк, Миллий банк олдида ҳам кузатиш мумкин.

Тингловчимиз муаммо сабабини ўрганишга ҳам уриниб кўрган. “Ўтган ҳафтада нақд пул йўқлигини рўкач қилиб, умуман пул беришмаган экан, шунинг учун бу ҳафтада навбат пайдо бўлган”, деди исми сир қолишини истаган бухоролик тингловчимиз.

Ипотека банкининг Бухородаги филиали вакилидан олинган маълумот тингловчимиздан эшитган гапларнинг деярли такрори бўлди:

- Ўтган ҳафтада пулимиз йўқ эди. Шунинг учун мижозлар пулини бера олмадик. Ўтган ҳафтада Бухородаги биронта ҳам банкда пул бўлмади. Бу ҳафта пул келди ва шунинг учун навбат пайдо бўлди. Кунига 2 минг кишига хизмат кўрсатаяпмиз, деди Ипотека банки-Бухоро вакили.

- Сиз ишлаб турган банк биноси олдида шу соатда қанча мижоз навбатда турибди, деб сўрадик ундан.

- 10 кишининг атрофида, деди банк ходими.


Биз Ипотека банкнинг Тошкентдаги бош идораси билан ҳам боғландик.

Банк расмийси ўтган ҳафтада пул тақчиллиги юзага келганини тан олди.

- Ўтган ҳафтада Тошкентдан пул жўнатилмагани учун учун 3 кун, аниқроғи, 2 ярим кун хизмат кўрсата олмадик. Лекин кечадан (19 май – таҳр.) бери барча шаҳобчаларимиз соат 5 гача ишлаяпти. Пулини ололмаётган одам телефонларимизга қўнғироқ қилсин, масаласини зудлик билан ҳал қиламиз, деди Ипотека банкнинг Тошкентдаги бош идораси мутасаддиси.

Ўтган ҳафтада юз берган пул тақчиллиги сабабларини тушунтирар экан, у айнан мана бундай деди:

- Вилоятлардаги банклар ҳажмига қараб бир-биридан фарқ қилади. Бир хил банкларда пул тугаб қолса, ҳамма оғирлик битта банк зиммасига тушиб қолади. Тошкентда марказлаштирилган инкассация хизмати олиб борилади. Пул марказлаштирилган усулда республика бўйлаб тарқатилади. Ҳафтанинг ўртасидан бошлаб ҳажм кўпайиб кетиб қолса, янги ҳафтанинг душанба, сешанба кунлари пул етмай қолиши мумкин. Кейинги пайтларда шундай ҳолатлар бўлиб турибди, деди банк ходими.

Бу гапни мутахассис тушунмаса, банкнинг оддий мижози тушуниши қийин.

Лекин тушунарлиси будир: Ўзбекистон банкларида нақд пул тақчиллиги кузатилмоқда ва афтидан, бу тақчиллик такрорланмаслигига кафолат йўқ.

Пул жўнатмаларига оид яна бир муаммо. Эшиттиришимиз бошида тилга олганимиз меҳнат муҳожири дўстлари билан ҳаммаси бўлиб Каттақўрғонга 2500 доллар жўнатганини, пулни олиш учун онаси 3 кун навбатда турганини айтдик.

- 3 кун навбатда туриб, кирсалар, ўғлингизга айтинг, 2500 долларни бирданига беролмаймиз. Айтинг, пулни қайтариб олиб, 3 га бўлиб қайта жўнатсин, деган банк ходими, деди каттақўрғонлик меҳнат муҳожири.

Бу ҳолат сабабини эса, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг терроризмни молиялашни тақиқлашга оид амалий чора-тадбирлари ҳақидаги 10 майдаги 2528-сонли буйруғидан излаш керак.

Бу ҳужжатга биноан эндиликда хориждан пул юборувчи шахс Ўзбекистонга 1001 АҚШ доллари ёки шунинг қийматига тенг бошқа валютадаги маблағни жўнатиш учун ўтказма кодига қўшимча равишда шахсига оид барча маълумотларни илова қилиб жўнатиши лозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG