Линклар

20 май куни Украина шарқидаги Донецк шаҳрида Россия тарафдори бўлган айирмачиларга қарши тинч норозилик акцияси ўтказилди. Мазкур акция украиналик миллиардер Ринат Аҳметовнинг ташаббуси билан уюштирилди. Айни пайтда, Россия Украина чегараси яқинидан ўз қўшинларини олиб чиқишга тайёргарлик кўра бошлагани хабар қилинди.

Украинадаги энг бой шахс ҳисобланган Ринат Аҳметов ташаббуси билан 20 май куни мамлакат шарқидаги Донецк шаҳрида Россия тарафдори бўлган айирмачиларга қарши тинч норозилик акцияси бўлиб ўтди.

Аҳметовнинг “Шахтёр” футбол жамоаси формасини кийган 400 чоғли одам Донецк шаҳри марказидаги Донбас-Арена спорт стадионига йиғилди.

Норозилик акцияси бошланганини билдириш учун кундузи соат ўн иккида минтақадаги аксар ишлаб чиқариш корхоналарида сиреналар чалинди.

Апрель ойида мустақил Донецк Халқ Республикасини эълон қилган россияпараст айирмачиларга қарши тинч намойиш ўтказаётган одамларга бирдамлик тимсоли ўлароқ автомобил ҳайдовчилари ҳам ўз машиналари сигналини чалди.

Ринат Аҳметов ўз видеомурожаатида Украина шарқидаги шаҳарларда ҳукумат биноларини эгаллаб олган россияпараст айирмачиларнинг хатти-ҳаракатлари “геноцид”га олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Ринат Аҳмедов

Ринат Аҳмедов



Аҳметов айирмачиларга қарши тинч норозилик акциялари давом этишини таъкидлади.

- Мен ҳаммага, биз тўхтамаслигимизни айтмоқчиман. Бизни ҳеч ким қўрқита олмайди, жумладан, ўзини Донецк халқ республикачилари деб атаётганларлар ҳам қўрқита олмайдилар. Марҳамат қилиб менга айтингчи, Донбассда Донецк Халқ Республикасининг ҳеч бўлмаса битта вакилини танийдиган одам борми? Улар ўлкамиз учун нима қилдилар? дея баёнот берди Ринат Аҳметов.

Украиналик олигарх исёнчилар минтақа учун ҳеч нарса қилмаганини аксинча, “безорилик ва талон-тарож” билан шуғулланаётганини урғулади.

Ринат Аҳметов Донбасс ўлкасидаги барча меҳнат коллективларини айирмачиларга қарши тинч намойишда қатнашишга чақирди.

Мол-мулки 12 миллиард АҚШ долларига тенг дея баҳоланган Ринат Аҳметов Украина шарқида жойлашган Донбасс минтақасидаги қатор ишлаб чиқариш корхоналарининг соҳибидир.

Сешанба куни БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича идораси Украинада бўҳрон бошланганидан бери камида 10 минг одам уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлгани, уларнинг аксарини қрим татарлари ташкил этишини билдирди.

Буни БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича идораси матбуот котиби Адриан Эдвардс 20 май куни Женева шаҳрида эълон қилди.

Эдвардс одамлар уйларини ташлаб кетиши жараёни март ойида Қримда референдум ўтказилишидан олдин бошланганини қўшимча қилди.

Айни пайтда 20 май куни Россия Мудофаа вазирлиги Кремл буйруғига мувофиқ Украинага чегарадош Брянск, Белгород ва Ростов вилоятларидан армия қисмларини олиб чиқишга тайёргарлик кўрилаётганини билдирди.

Украина Чегара хизмати расмийси Сергей Астаховга таяниб Украинадаги ахборот агентликларининг хабар қилишича, Москва чегарадан камида 10 километр масофада бўлган барча қўшинларини олиб чиққан.

НАТО Россия Украина билан чегарадош ўз ҳудудларига 40 минг қўшин жойлаштирганини тахмин қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG