Линклар

Ўзбек мумтоз қўшиқчилиги тарихида дутор, танбур ва доира жўрлигида ижро этилган мусиқа остида классик шоирлар ғазалларини қўшиққа солиб айта оладиган устоз санъаткорлар кўп эмас. Шулардан бири ўзбек мумтоз қўшиқлари ижрочиси, таниқли хонанда, Тожикистон халқ артисти, Ўзбекистон Давлат Санъатшунослик институти фахрий доктори Жўрабек Набиев Чодирхаёл эшиттириши меҳмонидир.


Ёши 71 дан ошган ҳофиз Жўрабек Набиев Тожикистоннинг Сўғд вилояти Жаббор Расулов туманида истиқомат қилади.

Таваккал Қодиров, Комилжон Отаниëзов, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов каби ўзбек ашулачилари ҳам ижро этган мумтоз қўшиқларга сайқал бериб ижро қилиб келаëтган Жўрабек Набиев ëшлигиданоқ Шашмақомга ошиқ бўлганини айтади.

Суҳбатдошимиз туғилган пайтда унга Абдуҳалим, деб исм қўйишди.

Бу даврда марғилонлик ҳофиз Жўрахон Султоновнинг юлдузи балқиб, довруғи достон бўлган пайт эди.

Ëш ҳофизнинг отаси ўғлим Жўрахон Султоновдек улуғ ҳофиз бўлсин, деб туғилганига бир ой бўлган Абдуҳалимнинг исмини Жўрабек, деб ўзгартирди.

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларига келиб Жўрабек Набиев ўзбек мумтоз қўшиқларининг таниқли ижрочиси бўлиб етишди, Тожикистон халқ артисти, Ўзбекистон Давлат консерваторияси профессори ва Санъатшунослик институти фахрий доктори даражасига етди.

Эй сабо, ҳолим бориб сарви ҳиромонимга айт,
Йиғларимининг шиддатин гул барги хандонимга айт.


Жўрабек Набиев Совет даврида, Марказий Осиë давлатлари орасида тиканли симлар тотилмаган, чегараларга миналар кўмилмаган, бориш-келиш учун виза зарур бўлмаган бир даврда ижод қилди.

1991 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон мустақил бўлганида, ўзбек ҳофизи Жўрабек Набиев паспортига Тожикистон фуқароси, деб ëзилди.

Ўзбек қўшиқчилик санъатининг Ўзбекистонда ривожланишини англаган ва ўз тақдирини Ўзбекистон билан боғлашни истаган ҳофиз шу мамлакатга бориб консерваторияда олти йил ишлади.

Лекин ўзбек мақомчилиги анъаналарини давом эттираëтган Жўрабек Набиевга паспорт беришмади. "Юз жабру жафо бирла ҳолимни хароб этма" деб қўшиқ айтган Жўрабек Набиевнинг ўзи жабр ва жафолар билан юзлашди.

- Худди бировнинг уйида юргандек эдим. Ҳужжатим йўқлиги боис ҳар қадамда турткилашди. Менку чидаб юраверар эдим¸ аммо фарзанд ва неваралар чидамади. Шуларни ўйлаб Тожикистонга қайтдим, дейди устоз санъаткор маъюс бир оҳангда.

Дилимнинг рангини гул билса бўлди,
Менинг кимлигимни эл билса бўлди.

Олис юлдузларга сиррим айтмирам,
Нолишимни тонгги ел билса бўлди.

Учарга ҳар қушдан пар топинмадим,
Парвозлар ҳадисин дил билса бўлди.

Суҳбат асносида Жўрабек Набиев Ўзбекистонда яшамаса ҳам ўзбек қўшиқчилигини сайқаллаб авлодларга етказишда давом этаëтганини айтади:

- Мадали ҳофиз¸ Болтабой Ражабов, Содирхон ҳофиз, Мулла Тўйчи ҳофизлар бошлаб берган ва Жўрахон Султонов давом эттирган қўшиқчилик санъатини давом эттириш нияти бир зум ҳам мени тарк қилмади. Миллат учун¸ маданият учун зарур деб билганим боис бу қўшиқларни айтишда давом этмоқдаман,- деган ҳофиз Озодлик тингловчиларига қўшиқларини хиргойи қилиб берди.

Ҳар киши кўрса мени ҳолим сўриб йиғлар мудом,
Йиғламайди бевафонинг раҳми келмайди ҳануз.

Зулфининг ҳар торини юз минг туман деб сотсалар,
Ошиғи бечоранг айтур нархи арзондур ҳануз.

Эй Навоий, айб эмас куйида ўлсанг ёрнинг,
Куйида ўлсанг анинг парвои келмайди ҳануз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG