Линклар

Россия концерни ўз раҳбарининг Тошкентда қўлга олиниши сабабларини маълум қилди


Александр Поздеев.

Александр Поздеев.

Россиянинг Пермь шаҳридаги Ғарбий Урал машинасозлик концерни расмийлари ширкат Бош директори Александр Поздеевнинг Ўзбекистонда ҳибсга олиниши юзасидан ўз позициясини маълум қилди.

Концерн матбуот хизмати 21 май куни Озодлик радиосига ширкат вице президенти Сухоносов томонидан бу борада махсус баёнот имзоланганини билдирди.

Баёнотда айтилишича, Поздеев 12 май куни Ўзбекистон иқтисодиёт вазирлиги расмий чақируви билан концерн томонидан бунёд этилган Деҳконобод калий ўғитлари заводи ишлаб чиқариш қувватини ошириш масаласи кўриб чиқлиши режалаштирилган йиғинда иштирок этиш учун Тошкентга келган.

Концерн раҳбари Поздеев йиғинда Ўзбекистон ҳукуматидан 36 миллион доллар қарзни тўлаб қўйишни талаб қилган. Шундан сўнг, 13 май куни Александр Поздеев қўлга олинган.

Ғарбий Урал машинасозлик концерни "Тошкент расмийлари амалга оширилган ишлар учун Россия ширкатига ҳақ тўламаслик мақсадида мана шундай йўл тутмоқда", деб ҳисоблайди.

Аввалроқ Россиянинг “Новости” ахборот агентлигининг ўз манбасига таянган ҳолда, Александр Поздеев “калий заводига оид жиноят иши доирасида Ўзбекистон Бош прокуратурасига чақиртирилган ва шундан сўнг ҳибсга олинган”и ҳақида хабар тарқатган эди.
XS
SM
MD
LG