Линклар

logo-print

“Ўзбекистон ҳукумати 36 млн.доллар қарзни тўламаслик учун Поздеевни қамоққа олди”


Александр Поздеев 13 майдан бери Тошкентдаги ҳибсхоналардан бирида сақланмоқда.

Александр Поздеев 13 майдан бери Тошкентдаги ҳибсхоналардан бирида сақланмоқда.

Россиянинг Пермь шаҳридаги Ғарбий Урал машинасозлик концерни раҳбари Александр Поздеевнинг Тошкентда қамоққа олинганини шарҳлаган концерн вице-президенти Виталий Сухоносов 21 май куни мана шундай мазмунда баёнот берди.

Озодлик радиосига телефон орқали суҳбати берган Ғарбий Урал машинасозлик концерни биринчи вице-президенти Виталий Сухоносовнингг айтишича, ширкат раҳбари Александр Поздеев 12 май куни Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги расмий чақируви билан Тошкентга борган. Бу ерда у концерн томонидан бунёд этилган Деҳконобод калий ўғитлари заводи ишлаб чиқариш қувватини ошириш масаласи муҳокама қилинадиган йиғинда иштирок этиши керак эди.

Мазкур йиғинда заводнинг иккинчи агрегатини барпо этиш масаласи кўтарилган. Бироқ концерн раҳбари Поздеев йиғинда иккинчи агрегат барпо этилишидан олдин Ўзбекистон ҳукумати Ғарбий Урал машинасозлик концернидан бўлган 36 миллион доллар қарзини тўлаб қўйишни талаб қилган. Шундан сўнг, 13 май куни Александр Поздеев қўлга олинган.
Сухоносов Виталий.

Сухоносов Виталий.

-Бу биз 2011 йилдан 2013 йилгача бажарган ишларимиз учун тўланадиган ҳақ эди, -деди Виталий Суханосов.

Ғарбий Урал машинасозлик концерни вице президенти томонидан тарқатилган ёзма баёнотда эса “Ўзбекистон ҳукумати бажарилган ишлар учун ҳақни тўламаслик мақсадида Россия ширкатини ўз ҳудудидан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилаяпти”, деб билдирилган.

Виталий Сухоносовнинг айтишича, Ғарбий Урал машинасозлик концерни Ўзбекистонда мамлакат президенти Ислом Каримов ташаббуси билан илгари сурилган умумий қиймати 200 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошираётган эди.

-Биз ҳозир президентнинг реакциясини тушунмаяпмиз. Балки у бу ишга муносабат билдирганидан сўнг вазият ўзгарар. Аммо биз Ўзбекистонда жуда мураккаб лойиҳаларни амалга ошираётган эдик. Бу лойиҳаларни чала ташлаб кетиш бизнинг принципимизга тўғри келмайди. Аммо ҳамма нарса президентимиз Александр Поздеевнинг қачон ва қай тарзда озод этилишига боғлиқ бўлади, -деди Виталий Сухоносов.

Концерн вице – президенти орадан саккиз кун ўтган бўлса-да, Поздеевга Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан қандай айблов билдирилаётгани номълумлигича қолаётганини, ҳибсда сақланаётган Позднеевнинг олдига Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари ҳамда адвокатлар киритилмаётганини айтиб ўтди. Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлигининг Тошкентдаги йиғилишда иштирок этиш тўғрисидаги факсограммаси.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлигининг Тошкентдаги йиғилишда иштирок этиш тўғрисидаги факсограммаси.

Аввалроқ Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги ўз манбасига таянган ҳолда, Александр Поздеев “калий заводига оид жиноят иши доирасида Ўзбекистон Бош прокуратурасига чақиртирилган ва шундан сўнг ҳибсга олинган”и ҳақида хабар тарқатган эди.

Хабарларга қараганда, Ўзбекистонда амалга оширилган контрактлар баҳосини Ғарбий Урал машинасозлик концерни ошириб кўрсатгани факти бўйича иш қўзғатилган. Бироқ Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳозирча Александр Поздеевнинг қўлга олиниши сабаблари юзасидан расман билдирув эълон қилгани йўқ. Бу борда Бош прокуратурадан маълумот олиш юзасидан қилган ҳаракатларимиз ҳам самара бермади.

Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси катта маслаҳатчиси Вадим Чекмазов Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда Александр Поздеевга нисбатан 19 май куни Тошкент шаҳрида аппелляция суди ўтказилганини билдирди. Унга кўра, суд жараёнида адвокатларнинг Поздеевни ҳибсда сақлаш эҳтиёт чораси мамлакатни тарк этмаслик тўғрисда тилхат олиниб озод этиш чорасига алмаштириш тўғрисидаги илтимоси қондирилмаган.

Чекмазовнинг айтишича, Ўзбекистон прокуратураси Александр Поздеевни валютани яширганликда, Ўзбекистон манфаатларига зид келувчи иқтисодий шартномаларни имзолаганликда айбламоқда.

Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси расмийси Поздеевнинг олдига адвокатлар ва элчихона ходимлари киритилмаётганини ҳам қўшимча қилиб ўтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG