Линклар

Чоршанба куни Руминия пойтахти Бухарестда президент Траян Бэсецку билан учрашган АҚШ вице-президенти Жо Байден Москвага қарши санкциялар қўллашда ҳамжиҳат бўлиш лозимлигини таъкидлади.

Жаноб Байден Украинада 25 май кунига белгиланган сайловлар барбод бўлса Россияга қарши янада кучлироқ чора қўлланилиши ҳақида огоҳлантирди.

Руминия чегараларидан икки юз чақирим узоқликдаги Қримда Россиянинг агрессив ҳаракатларига тўхталган Байден НАТО уставининг бешинчи моддасини тилга олди.

Шу моддада Шимолий Атлантика ҳарбий альянсига аъзо бирон мамлакатга ҳужум қилиниши ташкилотга ҳужум қилингандек қаралади.

АҚШ вице-президенти Жо Байден, ўз чиқишида Руминия ҳукумати мудофаа ҳаражатларини икки фоизга оширганини олқишлади.

Қўшма Штатлар Руминиянинг Девесел шаҳри яқинида ракета ҳужумларига қарши мудофаа тизимлари базасини 2015 йилгача очишни режаламоқда.

Ўз навбатида президент Траян Бэсецку Байденга Қўшма Штатлар Украинадаги вазият боис Шарқий Европада ҳарбий ҳаво кучлари ҳозирлигини кенгайтиргани учун миннатдорчилик билдирди

АҚШ вице президенти Жо Байден чоршанба куни Руминиядан Қибрисга йўл олади.

Сафар давомида Байден Европа Иттифоқининг Украинадаги бўхрон боис Россияга нисбатан санкциялари масаласини муҳокама этади.

Россияга нисбатан санкциялар Никосия ҳукумати учун оғриқли масаладир.

Сабаби Қибрис банкларида россиялик сармоядорларнинг миллиардлаб евролари сақланади. Аввалроқ Қибрис ташқи ишлар вазири Иоаннис Касулидис Европа Иттифоқининг Россияга нисбатан кучлироқ санкциялари шундоқ ҳам қарзга ботган ўз мамлакати иқтисодини яксон этиши мумкинлигини таъкидлаган эди.
XS
SM
MD
LG