Линклар

logo-print

АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси ўз фуқароларига Хоруғга бормасликни тавсия қилмоқда


Чоршанба куни Хоруғда юз берган тартибсизликлар чоғида бир неча маъмурий бинога ўт қўйилган.

Чоршанба куни Хоруғда юз берган тартибсизликлар чоғида бир неча маъмурий бинога ўт қўйилган.

АҚШ элчихонасининг мазкур огоҳлантируви Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида 21 май куни рўй берган ва уч кишининг ўлимига сабаб бўлган воқеалардан сўнг тарқатилди.

АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Сюзан Эллиотнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида чоп этилмиш мактубда “АҚШ фуқароларига келаси икки ҳафта ичида Хоруғга сафар қилмасликни тавсия қиламиз”, дейилади. АҚШ элчихонаси бундай чекловни ўз дипломатлари учун ҳам жорий қилган.

Элчихона чақириғига чоршанба куни Хоруғда юзага келган тартибсизлик сабаб бўлди.

21 май кунги тартибсизликнинг юзага келишига Хоруғда рейд ўтказаётган махсус топшириқлар бажарувчи милиция отряди (ОМОН) ходимлари томонидан шаҳар марказида бир неча кишига қарата ўт очилгани сабаб бўлган.

Айни пайтда кечаги воқеаларни “бангфурушларга қарши амалиёт” ўлароқ талқин қилган Тожикистон Ички ишлар вазирлигига кўра, биринчи ўқни милиция томонидан тўхтатилган машина ичидаги контрабандачилар отган.

Сўнгги маълумотларга кўра, қонли воқеа чоғида 3 киши ҳалок бўлган, 7 киши яраланган.

Отишмадан сўнг ғазабланган оломон маҳаллий милиция ва прокуратура биносига ўт қўйган.

Бугун эрталаб Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маъмурий маркази Хоруғ шаҳрида содир бўлган воқеалар бўйича куч ишлатар тузилмалар раҳбарлари билан кенгаш ўтказган.

Тожикистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, Имомали Раҳмон масъул мулозимларга Хоруғда содир бўлган воқеани ҳар тарафлама ўрганиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш бўйича топшириқ берган.

Давлат раҳбари топшириғига кўра, воқеани ўрганиш учун президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Шерали Хайруллоев бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, Хоруғга юборилган.

21 май куни содир бўлган воқеалар расмийларнинг икки йил аввал Хоруғ марказида ноқонуний қуролли гуруҳга қарши ўтказган ҳарбий амалиётига гувоҳ бўлган хоруғликларни жунбушга келтирди.

2012 йилнинг 24 июль куни бошланган мазкур амалиётга вилоят миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари, генерал Абдулло Назаровнинг ўлими сабаб бўлганди. Ўша амалиёт чоғида қарийб 70 киши ҳалок бўлганди.

Орадан бироз вақт ўтгач, маҳаллий ноҳукумат ташкилотлари ва фаоллар кўмагида қуролли гуруҳлар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида сулҳ ўрнатишга эришилганди. Сулҳ шартларидан бири қуролларни топшириш ва Абдулло Назаров ўлимида айбдор бўлган кишиларни таслим қилиш бўлганди.

Генерал Абдулло Назаров ўлимида айбланган Оқил Аёмбеков 17 йилга, дала қўмондонларидан бўлган Толиб Аёмбековнинг ҳайдовчиси Ҳамза Муродов эса 16 йилга қамалганди.

Шунингдек, икки йил аввалги воқеаларда иштирок этганликда айбланиб, 14 йилга кесилган Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Хоруғдаги лидери Шерик Карамхудоев ҳамда 12 йилга кесилган хоруғлик Димон Ашуров ҳозир қамоқ жазосини ўтамоқда.
XS
SM
MD
LG