Линклар

22 май куни эрта тонгда Хитойнинг Шинжон Уйғур мухтор вилояти маркази ҳисобланмиш Урумчи шаҳридаги бозорда содир этилган портлашда камида 31 киши ҳалок бўлгани ва 90 одам жароҳатлангани хабар қилинди.

Урумчи бозоридаги портлаш борасида тарқатилган хабарларда айтилишича, номаълум кишилар иккита машинада бозор ҳудудига кириб, одамлар устига бир қанча портловчи ускуналарни отган. Хитойнинг расмий Синхуа агентлиги воқеа гувоҳларига таянган ҳолда, бозорда камида ўнга яқин портлаш бўлганини хабар қилди.

Хитой марказий телевиденияси эса Хитой раҳбарияти портлашлар учун масъулиятни уйғур айирмачиларига юклаб, жамиятни огоҳликка чақиргани ҳақида хабар берди.


-Сўнгги маълумотларга қараганда воқеада 31 киши ҳалок бўлди ва 90 киши яраланди. Воқеа хақида хабар берилганидан сўнг Хитой Коммунистик партияси Бош котиби, Хитой Халқ Республикаси президенти ва Марказий ҳарбий кенгаш раиси Си Цзинпин бир қатор муҳим кўрсатмаларни берди. У террорчиларни тезда излаб топишни талаб қилиб, террорчилар қаттиқ жазоланишини айтди ҳамда яраланганларга тезкорликда ёрдам уюштириш, ҳалок бўлганларнинг яқинларига кўмак кўрсатишга кўрсатма берди. Шунингдек, у жамиятни огоҳликка чақириб, асосий жойларда назоратни қаттиқ кучайтиришга буйруқ берди, -деб билдирди Хитой марказий телеканали.

Хитой ҳукумати уйғур-айирмачилари хорижий экстремистик гуруҳлар кўмагида мамлакатдаги хавфсизликка таҳдид солаётганини таъкидлаб келади.

Бироқ Шинжондаги вазиятдан яхши хабардор бўлган экспертлар фикрича, Пекин тартибсизликларга сабаб бўлаётган ички сиёсатини, жумладан, уйғурларга нисбатан қўлланилаётган иқтисодий нотенглик ва диний мотивлар бўйича репрессияларни оқлаш учун терроризм таҳдидини бўрттириб кўрсатмоқда.

Сўнгги ойларда Шинжон Уйғур мухтор вилоятининг мусулмонлар яшайдиган ҳудудларида зўравонлик ҳолатлари кўпаймоқда. Масалан, 30 апрелда Урумчи шаҳар темир йўл вокзалида содир этилган портлашларда уч киши ҳалок бўлган, 79 киши жароҳатланган эди. Бу портлаш Хитой президенти Си Цзинпиннинг Уйғур мухтор вилоятига сафар қилган вақтига тўғри келган.

Қароргоҳи Германияда жойлашган Дунё уйғурлар конгресси матбуот котиби Дилшод Рашид мазкур воқеани шарҳлар экан, Хитой раҳбарияти бундай ҳолатларнинг олдини олиш ўрнига вазиятни янада мураккаблаштирувчи сиёсатни олиб бораётганини танқид қилган эди:

-Хитой президенти у ерга борганида вазиятни яхшилаш учун ҳеч қандай иш қилгани йўқ. Аксинча, у Хитой ҳарбийларини уйғурларга кўпроқ босим кўрсатишга чақирди. Бундан ташқари Си Цзинпиннинг нутқи уйғурларга нисбатан таҳдидларни кучайтирди ва турли фитналар учун асос яратди, -деб билдирган 1 май куни Ройтерс агентлигига суҳбат берган Дилшод Рашид.

Уйғур фаолларининг билдиришича, Хитой ҳукуматининг Шинжон Уйғур мухтор вилояти ҳудудига келажак 20-30 йилда 100 миллион хитойни кўчириб келиш режаси минтақадаги вазиятни янада таранглаштириши мумкин. Чунки мухтор вилоят ҳудудида уйғурлар ва этник хан хитойлари ўртасида тез тез низолар содир бўлиб туради. 2009 йилда Урумчида содир бўлган мана шундай тўқнашувлардан бирида 200 одам ҳалок бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG