Линклар

logo-print

Россияда қамоққа ҳукм этилган Ўзбекистон фуқароси жазони ўзбек қамоғига кўчириши мумкинми?


Қотилликда айбланган самарқандлик таксичилардан бири маҳкама залида. 2012 йил¸ 31 август.

Қотилликда айбланган самарқандлик таксичилардан бири маҳкама залида. 2012 йил¸ 31 август.

2012 йилнинг 31 август куни Москва шаҳар суди қарори билан қотиллик ва қароқчиликда айбдор деб топилиб¸ умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган Абдуғани Ғаниевнинг онаси Озодликка шу савол билан мурожаат қилди. Россия ҳуқуқшунослари¸ бундай “кўчириш”нинг принципда мумкинлигини айта туриб¸ бу каби савол жавоби Ўзбекистон ҳукуматининг ўз фуқароларини ҳақлари ва улар сўровларига қанчалик ҳурмат кўрсатишига бориб тақалишини таъкидладилар.

1991 йилда Самарқандда туғилган Абдуғани 2009 йилда онаси билан Россияга ишга келгунга қадар¸ Ўзбекистон ҳарбий ўқув юртига киришга ҳозирланган. Аммо 2009 йилда отасиз бу оиланининг уйи¸ уни боқиб келган шу уйдаги кичкина дўкончани сув босиб¸ ҳокимият зарарни қоплашдан бош тортганидан сўнг¸ она-бола ҳовлини тузатиш¸ Абдуғанини уйлантиришга пул ишлаш мақсадида Москвага келишган. Аввалига онаси ëнида ресторанда идиш-товоқ ювиб¸ юк тушириб юрган ëш йигит¸ кўп ўтмай ўзидан аввал Москвага келиб¸ яхшигина пул топаëтган маҳалладошлари билан бирга ишлашга ўтади. 2010 йилдан бошлаб онасига самарқандликларга қарашли бўлган мойкада ишлаëтганини айтган бу йигит¸ ўзининг суддаги иқрорига кўра¸ аслида тунда таксичилик қилиб¸ ўз аëл мижозларини ўлдириб¸ уларнинг қимматбаҳо нарсаларини талаш ва сотиш билан шуғулланишга ўтган.

2010 йилдан 2012 йил январида қамоққа олингунга қадар¸ Абдуғани суд қарорида таъкидланишича¸ камида уч аëлнинг ўлдирилишида бевосита қатнашган.

Москвада “қотил таксичилар” номи билан шов-шувга сабаб бўлган бу самарқандлик гуруҳ аъзолари 2012 йилнинг 31 август кунги Москва шаҳар суди қарори билан узоқ йиллик қамоққа ҳукм этилдилар. Мазкур гуруҳ бошлиғи деб топилган Абдуғани ва Хушнуд Тўрақуловлар умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилдилар.

Ҳозирда авф сўраш ҳаққидан ҳам мосуво қолаëтган Абдуғанининг ҳамон Москва ресторанларидан бирида идиш-товоқ ювиш билан шуғулланаëтган онаси яккаю ягона ўғлининг жазони ўташини Ўзбекистон қамоғига кўчириш ўзи ва ўғлининг ҳаëтда қолган сўнгги умиди эканини айтади:

- 2009 йил декабрь ойида ман йиқилиб¸ белим синди ишхонада. Операцияга пул керак эди. Балки болам ман туфайли шу йўлга кирдими деб ўйлайман. Ўзбекистонда бунақа иш қилмаган. Судланмаган бола эди. Ман учун қилган бўлса ҳам¸ болам нотўғри иш қилган. Ман ҳам онаман. Ўлдирилган қизларнинг онасини аҳволини тушунаман. Ҳамманинг боласи ўзига керак. Майли¸ қилган жиноятига яраша жазосини олсин умрбод. Фақат Россияда қолиб¸ ўлиб кетмасин болам. Иложи бўлса боламни Ўзбекистон қамоқхонасига ўтказишса. Бу ерда бир ўзимман¸ соғлиғимнинг мазаси йўқ¸ рус тилини яхши билмайман. Агар Ўзбекистон қамоғига ўтказилса¸ болам билан қайтиб¸ ҳар на у ерда унга сал нафим тегармиди¸ дейди Абдуғани Ғаниевнинг онаси Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Абдуғани¸ қолаверса¸ бугун Россия қамоқхоналарида сони кўпайиб бораëтган ўзбекистонлик маҳкумларни¸ улар ихтиëр қилган тақдирда¸ Ўзбекистон жазони ўташ муассасаларига кўчиришнинг ҳуқуқий асослари борми?

Бу савол билан Озодлик мухбири россиялик ҳуқуқшуносларга мурожаат қилди.

Москвада асосан меҳнат муҳожирлари дуч келаëтган ҳуқуқий муаммолар билан шуғулланиб келаëтган адвокат Илларион Васильев¸ бундай кўчирилиш учун умумий легал пойдевор борлигини айтади:

- 1993 йилда қабул қилинган Минск конвенцияси деб аталган келишув бор. Ана шу ҳужжат бошқа давлат ҳудудида жазони ўтаëтган маҳкумни ўзи фуқароси бўлган давлат қамоқхонасига кўчириш ҳолатини ҳам назарда тутади. Аммо бундай кўчиришнинг аниқ-тиниқ механизми ишлаб чиқилмаган. Мен ҳозиргача ўз тажрибамда Ўзбекистон фуқаросининг Россия қамоғидан ўзбек қамоғига кўчирилганини кўрганим¸ эшитганим йўқ. Маҳкумларнинг Беларус қамоғига кўчирилганини биламан ва улар орасида ўз мижозим ҳам бор. Лекин Россиядан ўз ихтиëри билан Ўзбекистон қамоғига кўчирилишни истаган одамни ҳозирча кўрмадим. Бу масала билан Россия Бош прокуратураси шуғулланади ва аниқ жавобни фақат улар бера олади¸ дейди Васильев.

Озодлик мухбири билан суҳбатда Россия Бош прокуратураси матбуот хизмати ходими бу масаланинг мураккаб ва чигал эканини таъкидлай туриб¸ кўчирилиш эҳтимоли мавжуд бўлса-да¸ Бош прокуратура бу юзадан қарорни фақат алоҳида олинган ишдан келиб чиққан ҳолда беражагини билдирди:

- Савол жуда жиддий. Бунга фақат Бош прокуратуранинг тегишли бўлинмалари махсус ўрганиб чиқиб¸ мутахассисларимиз хулоса чиқарганидан сўнг¸ жавоб беришимиз мумкин. Бу саволга жавоб бериш жараëнида иккала давлат қонунчилиги солиштириб чиқилади¸ қайси давлат фуқароси¸ қайси жиноятда айбланган¸ жазони қаерда ва қандай ўтамоқда¸ деган саволларга аниқ жавоб бўлиши керак. Бу бирданига жавоб берадиган саволлардан эмас¸ деди Россия Бош прокуратураси матбуот хизмати расмийси.

Асли ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Раъно Иброҳимова¸ Россия қамоқхонасидаги Ўзбекистон фуқаросини Ўзбекистон қамоқхонасига кўчириш имконсиз бўлмаса-да¸ деярли амалга ошириб бўлмайдиган иш эканини билдирди:

-Маҳкумда унақа имкон йўқ ва у ҳеч қаерга мурожаат қила олмайди. Жиноят Россия ҳудудида содир этилган бўлса¸ Россия ҳукм чиқаради ва Россиянинг ўзида жазони ўтайди. Айни пайтда¸ агарда Ўзбекистон ўзи ташаббус вилан чиқиб¸ ўз фуқаросининг жазони ўз ҳудудида ўтказишини сўраса¸ унда бу саволни муҳокама қилиш мумкин. Бошқа йўли йўқ. Бундай ташаббус билан Ўзбекистон Адлия вазирлиги¸ Ташқи ишлар вазирлиги ва Россиядаги Ўзбекистон элчихонаси ва ҳоказо тизимлар чиқиши мумкин¸ дейди Москвада ишлаëтган ўзбекистонлик адвокат.

Аммо Россиядаги аксар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари каби Ўзбекистон элчихонасига ëрдам сўраб бош урган Абдуғанининг онаси¸ улардан ëрдам кутиш умидидан аллақачон мосуво бўлганини айтади:

- Ўғлим қамалганида Ўзбекистон консуллигига ëрдам сўраб бордим. Ҳеч бўлмаса битта адвокат беринглар¸ умрбод қамалиб кетмасин шу болам деб. У ердагилар менга: “Сизга ким айтди болангизни Россияга олиб келинг деб. Нимага олиб келдингиз? Биласиз¸ бу ердан шунча боланинг ўлиги кетаяпти¸ қанчаси туҳмат билан қамалиб ëтибди?” деб ярамга туз сепган эди. Мен уларга “Сизлар бу ерда фуқаронгизга ëрдам бермасангиз нима қилиб ўтирибсиз? Сизларни нимага Каримов бу ерга ишга қўйган ўзи?” дедим. “Дам олишга қўйган¸ нимага қўярди!” дейишди менга жаҳл билан. Мен унда чора топиш йўли умуман йўқ эканда; чорасизликдан Ўзбекистонда азоб тортиб¸ уйимни сув босиб¸ пул оломай шу ерларга келганимни айтиб бердим. Шу гапимдан кейин улар аризамга ҳам жавоб ëзишмади¸ ҳеч нарса қилишмади¸ дейди Абдуғани Ғаниевнинг онаси.

Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги Консуллиги ходимларининг бундай жавоби ва ўзи ҳимоя қилиши шарт бўлганлар тақдирига бундай муносабати¸ Абдуғани ва бошқа ўзбекистонлик маҳкумлар илтимосини расмий сўровга айлантириб¸ улар номидан Россия Бош прокуратураси ва бошқа тегишли тизимларга мурожаат қилиш эҳтимолининг қарийб йўққа тенглигини кўрсатади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG