Линклар

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Адҳамжон Аҳмадбоев сешанба куни Тошкент шаҳри ва вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари ходимларидан 16 кишини пора олганликда айблаб ёппасига ишдан ҳайдади. Тошкентнинг "Туркистон" санъат саройида бўлиб йиғилишда инспекторларнинг ҳайдовчилардан пора олаётган лаҳзалари видеотасвирда кўрсатилди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Адҳамжон Аҳмадбоев 20 май куни Тошкентдаги "Туркистон" санъат саройига Тошкент шаҳри ва вилояти Йўл хавфсизлиги бошқармаларининг барча шахсий таркибини йиғиб¸ бу тизимдаги порахўрликка оид фактларни очиқлади.

Мажлисда иштирок этган Озодлик манбасига кўра, вазир Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига қарашли бригадаларда хизмат қилаётган инспекторларнинг ҳайдовчилардан пора олаётганига оид видеотасвирларни намойиш қилдирган:

“Санъат саройининг катта экранида яширин камерада тасвирга туширилган ҳолатлар намойиш этилди. Бу тасвирларда Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг ҳайдовчилардан турли хил ҳолатларда пора олаётгани акс этган эди”, деди Озодлик манбаси.

Манбага кўра, томошадан сўнг вазир видеоставирларда кўрсатилган барча ходимларни саҳнага чиқартирган:

“Пора олган инспекторлар 16 киши экан. Ҳаммаси ҳам йўқ экан йиғилишда. Вазир борларини саҳнага чиқариб ҳамманинг олдида изза қилди ва уларнинг шу соатдан бошлаб ишдан ҳайдалганини айтди”, деди манба.

Исми сир қолишини истаган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мулозими ҳам шундай воқеа бўлганини Озодликка тасдиқлар экан, бу ҳолатларни текшириш юзасидан махсус комиссия тузилганини айтди:

“Ҳозир видеотасвирларда кўрсатилган инспекторларнинг пора олганига оид ҳар бир ҳолат алоҳида текширилаяпти. Икки-уч кун ичида бу текширув поёнига етади ва ҳолатларнинг оғир ва енгиллигига қараб¸ улар устидан жиноят иши қўзғатиш масаласи ҳал этилади”, деди мулозим.

Тошкент шаҳрида киракашлик қиладиган Сайфиддин инспекторларнинг ёппасига ишдан ҳайдалганидан хурсанд эканлиги айтади:

- Ўзи булар жуда наглий бўлиб кетган эди. Қоидани бузсанг ёки мошинангда аптечка бўлмай қолса¸ пора бериб қутулиш мумкин. Кейин ҳуда-беҳудага ҳам тўхтатишаверади, дейди Сайфиддин.

Бироқ Тошкент шаҳридаги бошқа бир ҳайдовчи фикрича, инспекторларнинг порахўр бўлишига ҳайдовчиларнинг ўзлари ҳам айбдор:

- Ҳозир йўл ҳаракати қоидасини бузганлар учун жарималар отнинг калласидай бўлиб кетган. Шунинг учун ҳайдовчиларнинг ўзлари ака протокол ёзманг, мана буни олиб қўйинг деб, инспекторларга ялинишади. Ёки инспекторнинг ўзи жариманг бунча, шунча берсанг жавоб бераман деб айтади, дейди яна бир тошкентлик ҳайдовчи.

Тошкентлик жамиятшунос Комрон Алиев, инспекторларни намойишкорона ишдан ҳайдаш янги вазирнинг коррупцияга қарши курашаётганини кўрсатиш учун қилинган томоша эканини айтади :

- Ички ишлар вазири янги келган одам. Албатта¸ янги келган одам ўзини кўрсатиши, аввало вазирлик таркибида тартиб ўрнатиши, коррупцияга қарши курашиши керак. Одамлар ана янги вазир келди, энди яхши бўлади деб айтади. Лекин порахўрликни камайтириш фақат вазирга боғлиқ эмас. Бу иллатни ҳукумат даражасида бир дастур тузиб тугатмаса¸ 10-15та мелисани ишдан ҳайдаш билан иш бўлмайди. Коррупцияга қарши кураш қўмитасими, агентликми ёки вазирликми ташкил қилиб, бу ишга қаттиқ киришилмаса, ижобий натижага эришиш қийин, дейди Комрон Алиев.

Фейсбукдаги "Тошкент ҳайдовчилари" гуруҳида ҳам ушбу воқеа қизғин муҳокама қилинмоқда. Муҳокамада иштирок этганларнинг аксарияти бу билан ички ишлар тизимидаги коррупцияга чек қўйиб бўлмаслиги ҳақида ёзадилар:

“Буларнинг ўрнига яна 16 тасини ишга олишади ва тамом”.

“Тошкент ва Тошкент виляоти бўйича бор-йўғи 16 тасини ишдан ҳайдабдими? Ха, ха, ха.... кулгили...”

“Уларнинг орқасини вазирлари ёпяпти. Қонун бўйича уларни порахўрлиги учун қамоққа ташлаш керак эди. Бироқ, уларни шунчаки ишдан бўшатган, холос.”

“Балиқ бошидан чирийди...”

“Ахир улар “ишлашаётганини” кўрсатишлари керакку. Албатта узатмаганлар ишдан ҳайдалган бўлиши керак...”
деб ëзди бу воқеани ижтимоий тармоқда шарҳлаган оддий ўзбекистонликлар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG