Линклар

Хоруғдаги отишмадан сўнг аҳоли суд, прокуратура, милиция биноларига ўт қўйди


Хоруғ шаҳрида ёқиб юборилган прокуратура биноси

Хоруғ шаҳрида ёқиб юборилган прокуратура биноси

Тожикистондаги Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маркази Хоруғ шаҳрида ҳукумат кучлари ва номаълум шахслар ўртасида содир бўлган 21 май кунги тўқнашувда уч киши ҳалок бўлди¸ етти нафари жароҳатланди.
Куппа-кундуз куни шаҳар марказида ўтказилган қуролли амалиёт одамлар норозилига сабаб бўлди.


Хоруғ шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимлари ва жиноятчиликда гумонланган шахслар ўртасида 21 май куни отишма юзага чиқди.

Бу отишма ортидан келиб чиққан тўполон оқибатида шаҳар суди, прокуратураси ва ички ишлар бўлими бинолари ёқиб юборилди.

Ҳар икки томондан уч киши отишма қурбони бўлди, етти киши оғир тан жароҳати олиб касалхонага ётқизилди.

Тожикистон Президенти матбуот хизматининг хабар беришича, “Хоруғ шаҳрида бир гуруҳ наркотик каонтрабандачиларини қўлга олиш амалиётида милиция ходимлари ва улар ўртасида отишма келиб чиққан”.

Хоруғ шаҳрида ўтказилган йиғилишда Тожикистон Ички ишлар вазири ўринбосари Абдулло Навжувонов милиция ходимларининг малакасиз ҳаракатини танқид қилган.

Вазир ўринбосари одамлар кўп бўлган жойда қурол қўллаш мумкин эмаслигини таъкидлаган.

Бу воқеадан сўнг, хоруғликлар кўчаларда баррикадалар ташкил қилган ва ҳукуматдан отишма содир қилган ички ишлар ходимларини жавобгарликка тортишни талаб қилган.

22 май куни Хоруғга Тожикистон президентининг мудофаа масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерали Хайруллаев ва Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳим етиб борган.

Томонлардан уч юз киши иштирок этган йиғилишда расмийлар одамларни тинчлантириш ва барқарорликни сақлаб қолишга ҳаракат қилган.

Озодлик манбасига кўра, бу воқеа сабабларини ўрганиш бўйича қўшма комиссия ташкил қилинган.

Манбанинг айтишича 22 май куни отишмада жароҳатланган милиция офицери Давид Ниёзбеков касалхонада вафот этган.

Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Тожикистондаги беқарор ҳудудларидан бири бўлиб қолаётгани айтилади.

2012 йилнинг 21 июлида Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Бадахшон вилоят бошқармаси бошлиғи Абдулло Назаров Ишкошим туманида ўлдириб кетилган эди.

Шундан сўнг Тожикистон махсус кучлари мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси генерали Абдулло Назаров ўлимига алоқадор шахсларни ушлаш бўйича Тоғли Бадахшон вилояти маркази Хоруғ шаҳрида махсус ҳарбий амалиёт ўтказган эди.

Ҳукумат расмийларига кўра, бу ҳарбий амалиётлар чоғида 30 нафар жанггари ўлдирилган, 40 нафари ҳибсга олинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG