Линклар

logo-print
22 майга ўтар кечаси Украинанинг Донецк вилояти Волноваха шаҳрида ҳарбийлар билан айирмачилар ўртасида келиб чиққан тўқнашувда тўққиз ҳарбий ҳалок бўлди. Расмий хабарга кўра, пайшанба куни россияпараст айирмачилар Донецк ва Луганск вилоятларидаги сайлов участкаларининг ярмидан кўпининг иш фаолиятини тўхтатиб қўйган.

Украина Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, бугун тунда Донецк вилояти Волноваха шаҳрида айирмачиларнинг ҳужуми натижасида тўққиз ҳарбий ҳалок бўлган, 17 аскар жароҳатланган.

Шунингдек, Украина Чегара хизмати маълумотига кўра, ​пайшанбага ўтар кечаси Луганск вилоятида россияпараст айирмачиларнинг чегарачиларга қилган ҳужумлари оқибатида бир неча чегарачи жароҳатланган.

22 май куни Киевда ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Андрей Парубий айирмачиларнинг ҳужумлари бартараф қилинганини айтди:

- Биз барча террорчилик ҳужумларини бартараф қилишга муваффақ бўлдик. Лекин афсуски, тунги тўқнашувларда Украина томонидан ҳам талофатлар бўлганини тасдиқлаймиз, - деди Парубий.

Чоршанба куни Украина ҳукумати президент сайловининг хавфсизлигини таъминлаш учун мамлакат шарқидаги айирмачиларга нисбатан махсус ҳарбий амалиётнинг сўнгги босқичи бошланганини маълум қилди.

- Кейинги бир неча кун ичида айирмачиларнинг ҳужумлари кучайиши кутилмоқда. Чунки Путин мафкурасининг мақсади 25 майга белгиланган президент сайловини барбод қилишга қаратилган, - деди Андрей Парубий.

Пайшанба куни ўзини “Луганск халқ республикаси”нинг “губернатори” деб атаётган Валерий Болотов вилоятда "ҳарбий ҳолат" эълон қилиш ҳақидаги буйруққа имзо чекди.

Бу ҳақда хабар қилган Озодликнинг украин хизматига кўра, Болотов бундай қарорга келишининг сабабини "бугун Украин армиясининг тинч аҳолига ҳужум қилган"и иддаоси билан изоҳлаган.

Болотов вилоятда тинчлик ўрнатиш учун Россия президенти Владимир Путиндан ёрдам сўради.

Чоршанба куни Россия Мудофаа вазири Украина чегараси яқинида тўпланган рус қўшинлари ўз позицияларини тарк этиб, ортга қайтаётганини билдирди.

Президент Владимир Путин Украинада 25 май куни ўтадиган президент сайловларига “қулай шароит” яратиш учун армияни чегара ҳудудидан олиб чиқиш ҳақида буйруқ берганини айтмоқда.

Украина расмийларининг билдиришича, Россия ҳарбийлари чегарадан камида 10 километр ичкарига кўчган. Бироқ Киев Россия армияси чегара ҳудудидан тўлиқ олиб кетилганини тасдиқламаётир.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен 21 май куни Сараевода қилган чиқишида Россия ҳарбийларининг чегарани тўлиқ тарк этганига “ишончли далиллар” йўқлигини билдирди.

Бош котибга кўра, Россия президенти Украина чегарасидаги қўшинларини олиб кетаётганини учинчи бор айтмоқда.

АҚШ Армия вазири Жон Макхю Украина чегарасидаги Россия армиясида кўчиш ҳаракатлари кузатилаётганини, бироқ ҳарбийларнинг тўлиқ кўчаётганини тасдиқлай олмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG