Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:27

Тошкентдаги заргарлик дўконида қалбаки тақинчоқлар сотилган


“Агробанк” мижозларга мажбурлаб лоторея сотмоқда. Тошкентдаги заргарлик дўконида қалбаки тақинчоқлар пулланган. “Ўзбекнаво” жонли куйлолмайдиган хонандага лицензия бермайди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Ўзбекистонда шошилинч хизмат рақамлари ўзгарди”

Ўзбекистонда 2014 йил май ойи иккинчи ярмидан шошилинч ва тезкор хизмат рақамлари ўзгармоқда (“Инсон ва қонун”, 20 май).

Эндиликда “0X” рақамлари “10Х”га, “0ХХ” рақамлари “10ХХ”га ўзгартирилади (масалан, 03 рақами 103, 050 эса 1050 тарзида). Шунингдек, 2014 йилнинг октябрь ойидан шаҳарлараро тармоқларга уланишда фойдаланилаётган “8” рақами халқаро стандартларга мос равишда “0” рақамига, халқаро алоқа тармоқларига чиқиш учун териладиган “8-10” олд рақами “00”га ўтказилади.

Тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида 3 ой давомида бир вақтнинг ўзида янги ва эски рақам тизими ишлаб туради.

“Агробанк” мижозларга мажбурлаб лоторея сотмоқда”

“Агробанк”нинг Наманган вилояти филиалларида пул жўнатмаларини олаётган мижожларга мажбурий равишда лоторея сотилмоқда (“Новий век”, 22 май).

5000 сўмлик лотореяни олишни истамаган фуқароларга эса турли баҳоналар билан пул жўнатмаси берилмаётир. Банкнинг вилоят бошқармаси бошқарувчиси ёрдамчиси телефон орқали суҳбатда лоторея ҳукумат қарорига асосан сотилаётганини айтган, аммо айнан қайси қарор ҳақида гап кетаётганини очиқламаган.

Газетага кўра, бундай ҳолат банк имижига салбий таъсир кўрсатади.

“Битирув кечаларини ресторанда ўтказиш қатъия тақиқланди”

Ўзбекистонда мактаб битирувчиларининг битирув кечаларини ресторан ва қаҳвахоналарда ўтказиши Халқ таълими вазирининг буйруғига асосан қатъиян тақиқланган (“Оила даврасида”, 22 май).

Бу ҳақда вазирликнинг таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Файзулла Аҳмедов маълум қилган. Вазирлик расмийсига кўра, якуний давлат имтиҳонини ўтказишда ўқитувчи ёки синф раҳбарларига қимматбаҳо совғалар бериш, ота-оналардан пул йиғиш ҳам ман этилган.

“Фарзандларимизнинг битирув оқшомларини дабдаба билан ўтказишига шароит яратиб бериш эмас, уларнинг қайси касб-ҳyнар эгаси бўлиши хусусида кўпроқ бош қотириш афзал эмасми? Бир кунлик “оқшом” ўтади-кетади. Лекин ўша кунги бир бемаза иш ҳам ёки хайрли бир юмуш ҳам умрбод ёдда қолади” деб ёзади газета.

Бу йил мамлакат бўйича 9-синфни 501 мингдан зиёд ўқувчи битиради.

“Тошкентдаги заргарлик дўконида қалбаки тақинчоқлар сотилган”

Тошкент марказидаги заргарлик дўконида тақинчоқларнинг кўп қисми қалбакилаштирилган арзон буюмлар экани аниқланди. Бу ҳақда хабар берган “На посту” газетаси дўкон номини очиқламаган. Аммо дўкон Шаҳло Зоировна исмли фуқарога тегишли экани айтилган.

Тадбиркор аёл мис ва кумуш аралаштирилган, таркибида олтин миқдори жуда кам бўлган тақинчоқларни сув текинга сотиб олиб, сўнгра харидорларга пуллаган. Давлат асиллик белгилари ўрнига сохта тамғалар урилган.

Қайд этилишича, фирибгарлик жинояти тасодифан очилган. Бир қиз дўкондан билагузук харид қилган. Уйига борганда отаси тақинчоқни лупада синчковлик билан текшириб сохта эканини аниқлаган ва ҳуқуқ идораларига мурожаат қилган.
“Ўзбекнаво” жонли куйлолмайдиган хонандага лицензия бермайди”

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг янги тартибига кўра эндиликда қўшиқчилар лицензия олиш учун бирлашма қошидаги Ижодий кўмаклашиш гуруҳининг Бадиий кенгашида имтиҳон топширади (“Даракчи”, 22 май).

Номзодга қўйиладиган биринчи талаб – жонли ижрода куйлаш олиш. Хабар берилишича, 6 май куни ўтказилган кенгашда 67 нафар талабгор хонандадан 52 нафари лицензия ололмаган.

Қайд этилишича, лицензияга талабгор хонанданинг куйлаш маҳорати, кийиниш маданияти ва ўзини тутиши ҳам назоратга олинади.

“Наманганда пиллачилик бўйича қонунбузарликлар аниқланди”

Наманган вилоятида пиллачилик соҳаси текширувида қатор қонунбузарликлар аниқланди (“Диёнат”, 22 май).

2013 йилда пилла хомашёси етиштирувчиларга ипак қурти боқиш учун 1,3 миллиард сўмдан ошиқ пул “Бош пиллахона” масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамига ўтказилган, аммо мазкур маблағ пиллакорларга тарқатилмай ишлатиб юборилган.

Натижада 500 га яқин фермернинг қонуний манфаатлари бузилган. Бундан ташқари, режада белгиланганидан камроқ хомашё етиштирилган. Текширувларда 2012 йилда ҳам пулларни талон‑тарож қилиш ва фермерлар манфаатига зиён етказиш ҳолатлари содир этилгани маълум бўлган.

Вилоят прокуратураси қонунбузарликлар бўйича 3 та жиноий иш қўзғатган. Маълумотларга қараганда, 2013 йилда вилоятда 49000 қути ипак қурти етиштирилган. Шундан 30 минг қути уруғ Хитойдан келтирилган.

“Севган йигити қамалган қиз қамоқхонада никоҳ ўқитишга рози”

Яхши кўрган йигити жиноят содир этиб озодликдан маҳрум этилган самарқандлик Г.Собирова қамоқхонада бўлса-да у билан никоҳдан ўтмоқчи (“Адолат кўзгуси”, 22 май).

Ҳуқуқий маслаҳат сўраб газетага мурожаат қилган фуқаро Собирова маҳкум билан никоҳдан ўтиш тартибини суриштирган. Ҳуқуқшунос И.Қурбоновга кўра, жазо ўтаётган маҳкум билан никоҳ жазо муассасаси жойлашган ҳудуд ФҲДЁ органи томонидан муассаса маъмурияти белгилаган бинода амалга оширилади.

Судгача эҳтиёт чораси сифатида қамоқда ушлаб турилган шахслар билан никоҳни қайд этиш эса тергов органи рухсати билан тергов изоляторида амалга оширилади.
XS
SM
MD
LG