Линклар

logo-print
Афғонистон Марказий банки раҳбарияти маълумотига кўра, Хитой банклари аксар афғон банклари билан доллар воситасидаги молиявий операцияларни вақтинча тўхтатди.

Марказий банк расмийси Нуруллоҳ Делаварига кўра, бу афғон тадбиркорларининг Хитойдан товар импорт қилишига тўсқинлик қилади.

Reuters агентлигининг Хитой банк тизимидаги манбага таяниб хабар қилишича, афғон банклари билан доллар олди-соттисининг тўхтатилиши Шинжон Уйғур мухтор вилоятидаги ҳужум билан боғлиқ.

Хитой ҳукумати ўттиздан зиёд одам қурбон бўлган ушбу ҳужум учун маъсулиятни "Шарқий Туркистон" исломий ҳаракати зиммасига юклаяпти. Расмий Пекин иддаосига кўра, ушбу ҳаракат Афғонистонда ҳарбий тайёргарликдан ўтаяпти.

22 май куни Шинжон Уйғур мухтор вилояти Урумчи шаҳридаги бозорда содир бўлган портлашда камида 31 киши ҳалок бўлди, 90 одам жароҳатланди.

Хабарларга кўра, номаълум кишилар иккита машинада бозор ҳудудига кириб, одамлар устига бир қанча портловчи ускуналарни отган.

Сўнгги ойларда Шинжон Уйғур мухтор вилоятининг мусулмонлар яшайдиган ҳудудларида зўравонлик ҳолатлари кўпаймоқда.

Хитой ҳукумати уйғур-айирмачилари хорижий экстремистик гуруҳлар кўмагида мамлакатдаги хавфсизликка таҳдид солаётганини таъкидлаб келади.

Бироқ Шинжондаги вазиятдан яхши хабардор бўлган экспертлар фикрича, Пекин тартибсизликларга сабаб бўлаётган ички сиёсатини оқлаш учун терроризм таҳдидини бўрттириб кўрсатмоқда.
XS
SM
MD
LG