Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:52

Собиқ ҳарбий: 13 май воқеалари аслида 1 сентябрда бўлиши керак эди!


2005 йилнинг 14 май куни Андижон кўчаларидаги манзара.
2005 йилнинг 14 май куни Андижон кўчаларидаги манзара.
2005 йилнинг 13 май куни Андижонда рўй берган қонли воқеалар ҳақида турли ҳикоялар ëзилди¸ гувоҳлик кўрсатмалари берилди¸ уларнинг бош муаллифи ва мақсадлар ҳақида турли тахмин ва иддаолар илгари сурилди. Аммо ҳозирга қадар бу қонли воқеаларга оид асл ҳақиқат жамоатчиликдан олисда қолмоқда. Озодлик бу ҳақиқатни мисқоллаб йиғиш жараëнини давом эттириб¸ воқеа гувоҳларининг ҳикояларини жамоатчиликка тақдим этишда собит қолмоқда. Андижон воқеаларининг 9 йиллиги хотирланиши ортидан Озодликка ўзини 2005 йилнинг 13 майида Андижонда бўлган ҳарбий батальонлардан бирининг собиқ ҳарбийси деб таништирган шахс мурожаат қилди. 13 май воқеаларининг сирли ва мавҳум жиҳатларига оид ўз кузатиш ва хулосаларини бошқалар билан ўртоқлашиш¸ собиқ ҳарбийнинг айтишича¸ уни гапиришга ундаган. Ўз хавфсизлигига туғилажак таҳдидлар боис исми-шарифи¸ ҳарбий унвони ва ўзи хизмат қилган батальонга оид тафсилотлар очиқланмаслигини сўраган бу шахс (бу маълумотлар Озодлик таҳририятига тақдим этилди –муҳ) нинг Озодлик мухбири билан суҳбатини унинг ўз рухсати билан эътиборингизга тақдим этамиз.

Озодлик: 13 май воқеаларининг бошланғич нуқтаси¸ сизнингча қаерда?

- 2005 йилнинг май ойида Андижон туман судида акромийларнинг етти аъзосининг суди бўлаëтган эди. Ташқарида уларнинг тарафдорлари¸ яқинлари тўпланишган¸ кўпчилик қўллагани келган. Милициядагилар келиб¸ тарқалинглар дейишган. Улар тарқалмаган. Милиция билан тортишиб кетишган. 12 май куни кундузи шу ерда бўлган эркакларнинг ҳаммасини олиб кириб кетишган. Аслида бу воқеа бўлиши керак бўлган. Фақат 1 сентябрга мўлжаллашган акромийлар. Акромийларни топиб суҳбатга тортсангиз¸ нима деркан? Шу воқеа бўлиши керак бўлган. Буларнинг планида бўлган.

Озодлик: Нима бўлиши керак бўлган?

- Андижон воқеасини аслида 1 сентябрга планлаштирган булар.

Озодлик: Режалаштирилди¸ деганда айнан нима режалаштирилган? Ҳокимият олдига намойишга чиқишми ëки қуролли босқин?

- Қуролли бостириб ҳокимиятни олиш. Давлат тўнтариши десангиз ҳам бўлади.

Озодлик: Бунинг режасини ким қилган?

- Акромийлар бўлса керакда. Аниқ билмайман.

Озодлик: Сиз нимага асосланиб бунақа деяпсиз?

- Андижон воқеасида бўлган болалар¸ гаплашган болалар. Буларнинг плани бўйича 1 сентябрь куни бўлиши керак бўлган. Буларга қўшилиб Фарғона¸ Қўқон¸ Наманган кўтарилиши керак бўлган. Байрамга чиққан халқ қўшилиб кетиши керак бўлган. Андижонда бошланади. Водийда одамлар ҳокимиятга боради. Байрамда кўпчилик бўладию. Ҳамма ëқда бирдан одам кўтарилиб кетади¸ деб булар планлаштирган. 12 май куни қолган ўнтами¸ ўн иккитасини олиб киргандан кейин булар қўрққанда 12-дан 13-га ўтар кечаси ҳарбий қисмга бостириб киришган. Ҳарбий қисмнинг ичида МПР бор¸ биласиза МПР пулли хизмат¸ шунақа ҳарбий қисм бор Андижон марказида¸ шу ҳарбий қисмга ҳужумга ўтиб¸ у ердан қурол олиб чиқиб¸ қамоқхона билан ҳарбий қисмнинг ораси бир километр¸ қамоқхонага бостириб киришган. Қамоқхонадаги ҳамма одамни қўйиб юборишган улар. Ярим кечаси 1 дан 15 минут ўтганда бизга тревога келди. Демак улар соат бирларда бошлашган. Қамоқхонадаги ҳамма одамни қўйиб юбориб¸ булар СНБ¸ ҳокимият тарафга юришган.

Озодлик: Ўша куни соат нечада сизнинг базага чиқинглар¸ деб буйруқ келган?

- 01:15да.

Озодлик:
Базада воқеаларнинг шунақа ривожланиб кетишига тайëргарлик бўлганми? Кутилганми бу?

- Йўқ. Кутилмаган.

Озодлик: Тунги соат 1:15 да булар тревога бериб чиқарилаяпти-а?

- Тревога берган. Бизда ҳарбий қисм соат 3 да уже йиғилиб¸ йўлга чиққан. Бизнинг болалар СНБга чиқиб¸ СНБни қўриқлаган. Миллий хавфсизликда қаттиқ отишма бўлган.

Озодлик: Ўша куни ҳокимиятни олишди-а?

- Ҳа. Қурол йўқ¸ деб айтдида ўша куни судга берганман¸ деб айтган ака. 300 дан ортиқ автомат Калашников олиб чиқиб кетган ҳарбий қисмдан.

Озодлик: Сизларнинг ҳарбий қисмданми?

- Йўқ. Мен сизга айтдимку МПР бор Андижон марказида деб. Номерини эслолмайман ҳозир. Ўша ҳарбий қисмга кириб¸ улар қурол олиб чиқиб кетишган.

Озодлик: Сизнинг батальон қанақа тутди ўзини бу воқеаларда?

- Улар ҳаққоний тайëргарлик кўрган¸ йўлда кетаëтганда битта колоннага ҳужум бўлган. Тўхтатган битта колоннани.

Озодлик: Ким ҳужум қилган? Ким тўхтатган?

- Андижон воқеасида Акромий дейсизми¸ бошқа дейсизми – ҳужум қилган.

Озодлик: Андижоннинг қаерида ҳужум қилган?

- Андижонда ҳокимият йўли бор. Ҳозир эсимда йўқ исми. Кинотеатр билан ўшанинг орасида бўлган масофада ҳужумга ўтишган.

Озодлик: Колоннада бир машина махсус тайëргарликдан ўтган ҳарбийлар келаяптида¸ Акромийлар дейилаëтган гуруҳ уларга ҳужум қилаяптими?

- Колонна бизда тарқоқ келган. Ҳар битта взводга алоҳида жойлар берилган қўриқлаш учун. Охирги взводга¸ тўртинчи взводмиди эсимда йўқ¸ ўша взводга ҳужум бўлган. Қаранг¸ машинада келаëтган нарсага ташқаридан отиш осон. Болалар кутмаган бунақа бўлишини. Болалар учение деб ўйлаган. Бунақа воқеа бўлаëтгани ҳеч кимга айтилмаган. Просто тревога бериб машинада олиб кетган. Ўша ерда озгина отишма бўлган. Кейин улар ҳокимиятнинг олдига борган. Ҳокимиятнинг олдида уже гвардия бўлган. Ҳамма ўзига яраша объект олиб ҳимоя қилишган.

Озодлик: Энди бу тундаги воқеалар. Кундузи нима бўлди? Баъзи тахминларга кўра 10 минг одам йиғилган. Буларнинг аксарияти қуролсиз аëллар¸ болалар бўлган.

- Бу воқеада энди иккита тарафдаям айб бор. Мен ўзимча ўйлайман¸ энг катта айб акромийларда.

Озодлик: Нимага?

- Халқни олиб чиққан мана шулар бўлган. Эшикма эшик юриб¸ эшик тақиллатиб¸ чиқинглар¸ ҳокимиятга боринглар деб юришган.

Озодлик:
Ҳокимиятга нимага боринглар деб айтган?

- Президент келаяпти¸ вилоят ҳокими сайланадими – кўпчиликни алдов йўли билан олиб келишган. Ўзлари хотинларнинг орқасига бекиниб олишган.

Озодлик: Махсус кучлар шу ерга йиғилган ва қуроли йўқлиги кўриниб турган оломонга ўқ отганини тасдиқлайсизми?

- Бизнинг батальон отмаган. Биздан бошқа Тошкентдан келган батальон бўлган. Бизда шу СНБда отишма бўлган.

Озодлик: Сизнинг батальон отмаганини сиз қандай ишонч билан айтаяпсиз?

- Бизнинг болалар берган гувоҳликка асосланиб.

Озодлик:
Улар воқеа жойида бўлмагани учун отмаганми ëки ўзи умуман отмаганми?

- Ҳокимиятда бизнинг болалардан бўлмаган. Бизнинг болалар асосан ички ишлар¸ миллий хавфсизлик каби муҳим идораларни қўриқлашган.

Озодлик: У ерда отишма бўлмаган-а?

- Йўқ¸ битта миллий хавфсизликда отишма бўлган.

Озодлик: Ҳокимият олдидаги сизнинг батальондан бошқа қуроллилар ким эди?

- Уни аниқ айта олмайман. Тошкентдан келган батальон бор эди у ерда деб болалар айтишди. Аммо шундан кейин катта ротация бошланди. Андижон воқеасидан кейин ротация қилишди.

Озодлик: Қанақа ротация?

- Водийликларни Жиззахга¸ жиззахликларни водийга¸ қашқадарëликларни Қўқонга¸ қўқонликларни Қашқадарëга – маҳаллий халқни қолдиришмади.

Озодлик: Қўзғолон чиқса¸ ўзининг қариндош-уруғимни отмайман деб буйруққа бўйсунмаслиги мумкин¸ деган хавотир биланми?

- Шундай бўлса керак. Лекин жуда катта ротация бошланди.

Озодлик: Халққа ўқ отган асосий батальон Маҳмуд Худойбердиевга қарашли фақатгина президентга бўйсунадиган махсус батальон деган иддаолар бор. Нима дейсиз шунга?

- Йўқ.

Озодлик: Сиз қаердан биласиз қатнашган ëки қатнашмаганини?

- Именно бизнинг батальон ўқ отмаган. Бошқа ҳарбий частлар ҳам отмаган.

Озодлик: Ким отди унда?

- Менимча¸ Миллий хавфсизликнинг ўзининг спецнази бор. Ўшалар бўлиши мумкин.

Озодлик: Ўша спецназга айнан Маҳмуд Худойбердиев бошчилик қилади¸ деган тахминлар бор.

- Шунақа бўлиши мумкин. Чунки тўғридан-тўғри Миллий хавфсизликка бўйсунадиган катта базалар бор. Бизники каби батальонлар ташқи кучга мослашган¸ ички кучга мослашмаган. Ичкарида нима қилишни билмайди. Мен ишлаган батальон фақат ташқи таҳдидга мўлжалланган.

Озодлик: Бу гапингиздан Мудофаа вазирлигига бўйсунадиган ҳарбий қисмлар ўқ отмади халққа деган хулоса чиқаяпти. Булар буйруқ берилмагани учун отмадими ëки буйруқ берилса ҳам отмайдиган батальонми булар?

- Уни тўғриси билмайман¸ буйруқ берса отармиди¸отмасмиди. Лекин буйруқ берилмаган.

Озодлик: Батальонингиздаги йигитлар билан мана шу хусусда гаплашганмисиз? Нима дейишган? Буйруқ берса отармиди шулар?

- Тўғрисини айтсам¸ бошида болалар гапирди. Отмас эди. Ундан кейин СНБ қаттиқ текширишни бошлади бизнинг болаларни. Ҳар куни сўроқ савол.

Озодлик:
Нимани сўроқ савол қилди?

- СНБ сўроқ савол қилгандан кейин ҳеч ким гапирмасдан қолди.

Озодлик: Нимани сўроқ-савол қилди?

- Андижон воқеасида нима бўлган нима қўйган.

Озодлик: Гапирма деган топшириқ билан чиқарганми уларни?

- Шунақамикан деб турибман. Болалар яхши тайëргарлик кўрган болалар экан деб қолишдида. Ҳатто қандай туришимизгача билади деб. Кўпчилиги шу эски ҳарбийларми¸ деб қолишдида.

Озодлик: Шуларга нисбатан симпатия бормиди ëки масалан ўша куни кўчага чиққан халқнинг отилишига нисбатан бир эътироз¸ норозилик бормиди? Дастлаб ҳарбийларнинг муносабати қанақа эди?

- Болалар ҳаммаси шокда бўлган. Ортиқча гапирмаган. Акромийлар аëлларнинг орқасига бекиниб олган¸ деб гапирарди. Одамларнинг орқасидан¸ аëлларнинг орқасидан ўқ отиб¸ бошқа қилиб.

Озодлик: Ўша куни сиз майдонда йўқ эдингиз. Майдонда бўлсангиз¸ от деган буйруқ берилса¸ отармидингиз?

- Йўғе¸ қандай отасиз аëлларга.

Озодлик: Отмасангиз¸ ўзингизнинг каллангиз кетардику. Қўмондонингиз берган буйруқни бажариш сизнинг вазифангиз эмасми?

- Унақа буйруқни бизникидақа частларга бермайди. Тайëргарлик кўрган махсус одамлар бор. Шуларга берилади у. Бизники ташқи. Мана Сариосиëда фақат бизнинг ҳарбий қисм бўлган. Бўстонлиқ¸ Сариосиëга ўхшаган воқеаларда бизнинг ҳарбий қисмлар қатнашади.

Озодлик: Олдингда акромийлар¸ террорчилар турибди¸ от деса ҳам отмасмидингиз?

- Аëллар бўлгани учун отмайсизда энди.

Озодлик: Ҳатто ўзларингизнинг жонларингизни хавфга қўйиб бўлса ҳам?

- Барибир бир киши отмай битта ҳарбий қисм отса ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди.

Озодлик: Отганлар ҳақида фикрингиз нима? Буйруқни ким берди ва кимлар отди?

- Буйруқ тепадан келади. Отган Миллий хавфсизликнинг ходимлари бўлиши керак.

Озодлик: Андижон воқеаларидан қарийб 10 йил ўтиб ҳам жамоатчилик аслида нима бўлганига оид етарли маълумотга эга эмас. Чунки иккала томон айтаëтган гапларда ҳам қоронғу ва шубҳали томонлари кўп. Ҳукумат “булар террорчи¸ давлат тўнтариши қилмоқчи бўлган гуруҳлар эди” дейди¸ булар “Биз оддий ҳақ-ҳуқуқимизни нима қилиш учун чиққан эдик” дейди. Учинчи гуруҳ “Бу Миллий хавфсизлик хизматининг Зокир Алматовдан қутилиш учун¸ ИИВнинг кучини кесиш учун қилган фитнаси ва акромийлар ичига ўз одамларини қўйиб режалаштирган. Булар билиб-билмай шуларнинг режасига ўйнаб берган” деган тахминлар бор. Шу воқеаларни озгина кузатган одам сифатида хулосангиз. Нима бўлди ўзи ўша куни Андижонда?

- Буларнинг мақсади давлат тўнтариши бўлган. Бундан ортиқ нарса бўлмаган.

Озодлик: Сиз мана олий маълумотли одамсиз. Ўзбекистондаги бошқарув тизимини биласиз. Қандай қилиб давлат тўнтариши биттагина Андижонда бўлиши мумкин? Пойтахт Тошкентда бўлса¸ марказий ҳокимият Тошкентда бўлса?

- Мен сизга айтдимку¸ булар водийни кўтармоқчи бўлган ...

Озодлик: Водийни кўтаришда кимга таянган ва кимга таянмоқчи бўлган?

- Эсингизда бўлса¸ ўша пайтда Жириновский “Водий алоҳида бўлиб чиқиб кетса¸ Ўш қўшилса¸ катта давлат бўлади” деб айтган. Булар шу давлатни тузишмоқчи бўлган.

Озодлик: Кимга ишонган булар? Ўзича бир давлат қурмоқчи бўлган акромийлар деяëтган гуруҳ кимга ишонган? Буларнинг сони¸ маблағи кўп бўлганми?

- Буларнинг сони¸ маблағи ҳам кўп бўлган. Булар бирдан бойиганки¸ бир жойдан лотореяга катта пул ютиб олгандай булар тез бойиб кетган.

Озодлик: 23-50¸ боринки 100 бизнесменнинг Ўзбекистоннинг ҳамма ëғи назорат қилинадиган бизнес соҳасида топган пули билан наҳотки учта вилоятни Ўзбекистондан ажратиб олиб¸ алоҳида давлат қуришга етгулик маблағ ва куч-қудрат чиқади?

- Булар¸ халқ киргандан кейин¸ мана ҳозир Донецкда нима бўлди?

Озодлик: Донецкдаги воқеаларда Россиянинг қўли кўриниб қолаяпти. Буларнинг орқасида ким бўлган?

- Россия қилаяптими¸ бошқа қилаяптими¸ мақсад шу давлат парчаланиб кетсин¸ деган мақсад.

Озодлик: Мана шу воқеаларни бошлаган ва тугатганлар сони бир неча ўнта¸ балки бир неча юзта бўлган акромий деб аталаëтган гуруҳ аъзоларининг ўзими ëки уларнинг орқасида катта кучлар бормиди?

- Орқасида кимдир турганда. Ўзбекистондан эмас. Энди бундоқ ўйлаб қарасангиз¸ санкциялар ҳаммаси олиб ташланди. Унчалик қаттиқ санкция берилмади. Агар бошқа давлат шундай одам қирғини бўлса¸ ҳалигача президентни уже Қаддафийга ўхшаб ўлдириб ташларди ëки истеъфога чиқариб юборарди. Кимлар индамади?

Озодлик: Ғарб бир овоз чиқарди¸ кейин жим бўлиб қолди.

- Энди хулосангизни чиқариб олингда.

Озодлик: Нима хулоса чиқарай? Сиз айтиб берингда.

- Шу Украинага ўхшаган бўлиши керак эди аслида.

Озодлик: Россия турибди демоқчимисиз?

- Андижонгача ким билан алоқаси ëмон бўлган бўлса¸ шулардан биттаси турган. Ўзбекистон жуда муҳим жой ҳисобланади.

Озодлик: Сиз собиқ ҳарбий сифатида Андижон воқеаларига оид бирор-бир ҳужжат¸ жамоатчилик билмайдиган бирорта маълумотга эгамисиз?

- Штаб бошлиғи Зокиржон Алматов эди ўша пайтда. Яна Иноятов бўлган.

Озодлик: Президентнинг ўзи шахсан келганми Андижонга?

- Келган. 14 май куни келган. Алматов¸ Иноятовлар ҳаммаси 13 май куни шу ерда бўлган.

Озодлик: Отиш ҳақидаги буйруқни бевосита ким берган ...

- Уни энди Оллоҳ билади ким берганини.

Озодлик: Отишга¸ ўлдиришга тайëрланган контрактдаги ҳарбий болалар ҳиссиëтга берилганми? Қонларни кўриб¸ эшитиб¸ кўз ëш тўкканми?

- Эмоциялар¸ энди кўрсатмасликка ҳаракат қилишган болалар. Ичидан куйган болалар. Ичидан қандай куймайди? Ярмидан кўпи андижонлик болалар бўлган.

Озодлик: Сиз мана чиқиб кетгансиз. Балки ҳарбийларнинг бугунги қиëфасини билмассиз. Эртага халқ яна кўчага чиқса¸ оддий ҳарбийда юрган болаларга от деса¸ отадими?

- Ҳозир билмадим. Отиши ҳам мумкин¸ отмаслиги ҳам мумкин. 50ка 50. Яхши пулга ўрганганлар отади. Чунки иссиқ жойини йўқотгиси йўқ.

Озодлик: Сизни бизга гапиришга ундаган нарса нима? Акромийларнинг бизда қурол йўқ эди¸ деган гапи бўлдими ëки бошқа ўзингизни қийнаëтган жиҳатлари ҳам борми?

- Ҳамма акромийларни оқлаб юборишади. Булар ҳам мард бўлиб¸ бундай чиқиб¸ “Биз бошлаганмиз шу ишни. Ҳақиқатан ҳарбий қисмга ҳужум қилганмиз. Қурол бор эди” деб биттаси чиқмадида.

Озодлик: Булар айтган буни. Фақат “Биз ўз ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилиб чиққанмиз. Бизда ҳеч қанақа терроризм ëки давлат тўнтариши йўқ эди” деяпти.

- Буларнинг мақсади 1 сентябрь бўлган.

Озодлик: Нимага асосланиб шунақа деяпсиз?

- Бизда махсус взвод бор. Халқнинг ичида юради. Ўшалар ўша куни ҳокимият ичида ҳам бўлишган. Ўшалардан эшитганман. Ҳокимият ичида халқ билан турган ўшалар. Булар “Аттанг 1 сентябрь куни бўлганда Андижон¸ Фарғоналар қўшиларди” деганда.

Озодлик: Шундан¸ махсус режа бўлган деган фикрга келдингизми?

- Режа бўлмаса қандай қилиб ҳарбий қисмга бостириб киради. Бу осон иш эмасда. Оддий милицияхонага қандай қийинчилик билан кирасиз. Энди ҳарбий қисмни тасаввур қилинг. Булар енгиллик билан кириб ўша ердан олиб чиқишган.

Озодлик: Сиз 13 май кунги воқеалар “тўғри бўлди. Шу йўл билан давлат тўнтаришининг олди олинди” деб ўйлайсизми?

- Йўқ¸ бу 2005 йилда бизда аҳоли ҳозиргига қараганда анча яхши яшаган. У пайтда аҳолининг чиқиш нияти ҳам йўқ бўлган. Уларнинг нияти фақатгина шу 1 сентябр бўлган. Бу 50 фоиз ҳақ гап.

Озодлик: Халқ қўшилармиди ўшанда?

- Қўшиларди. Наманган қўшиларди. Наманган олдиндан диндор халқ ҳисобланади. 1991 йилда бир марта алданган булар. Ўшанинг ҳисобига қўшилиб кетарди булар.

Озодлик: Фарғоначи?

- Фарғона эмас Қўқон кўтариларди. Шунинг учун ҳам кичкина шаҳарча Қўқонда катта ҳарбий қисмлар бор.

Озодлик: Ҳозирми?

- Ўша пайтда ҳам бўлган. Олдиндан. Анекдотга ўхшаган нарса бор. Каримов эрталаб турарканда “Қўқон тинчми?” деркан. “Ҳа”¸ деса¸ “Қолган вилоятларни бир кунда эплайман” деркан. Қўқон эскидан Қўқон хонлиги бўлгани учун Қўқон қўшилади¸ деб ўйлади улар. Лекин воқеалар 1 сентябрдан кутилмаганда 13 майга кўчгани боис¸ ҳеч ким чиқмади.

Озодликка 2005 йил 13 май куни Андижонда юзага чиққан қонли воқеалар ҳақида ўз кузатиш ва хулосаларини ҳикоя қилган Ўзбекистон Қуролли кучлари собиқ ҳарбийси¸ суҳбат сўнггида акромийлар деб аталувчи гуруҳ етакчи ва фаолларига мурожаат қилиб¸ 1 сентябрга белгиланган режалари ҳақида жамоатчилик олдига чиқиб ҳалол маълумот беришга чақирди.

2011 йилдан бери матбуот¸ хусусан¸ Озодлик радиоси саволларига жавоб беришдан бош тортиб келаëтган акромийлар деб ном олган Андижон воқеалари иштирокчилари собиқ ҳарбийнинг бу чақириғига муносабат билдириб¸ мазкур иддаоларга жавоб бериш истагини билдирса¸ Озодлик минбари улар учун ҳамиша очиқ!
XS
SM
MD
LG