Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:33

Украина сайловлари ҳақида сиз билмайдиган саккиз факт


Украинада 25 май кунга режалаштирилган президент сайловларида “шоколад қироли” деб танилган йирик бизнесмен Петро Порошенконинг “газ маликаси” лақабини олган Юлия Тимошенко устидан ғалаба қозониши деярли тайин бўлиб турибди. Шундай бўлса-да¸ Украина сайловларининг тайин бўлмаган қатор жиҳатлар борки¸ уларга бир қараб қўйган яхши.

1.Тимошенко “зарғалдоқ инқилоби”нинг ягона маъбудаларидан эмас.
.
Албатта¸ “зарғалдоқ инқилоби” деганда кўпчиликнинг ëдига айнан Тимошенко келади. Аммо 2004 йилга келиб Украинада қандолат империясини қуриб¸ Канал-5 телестанциясини ишга туширган Петро Порошенко ҳам айнан шу инқилобнинг асосий молиявий ҳомийларидан бўлган. У шунингдек “зарғалдоқ инқилоби” шамолида ҳокимиятга келган президент Юшченконинг яқин иттифоқчиси ҳам эди. Юшченко сайловолди кампаниясини фаол қўллаган Порошенко¸ у президентликка келса¸ Бош вазирлик курсисига кўз тиккан¸ бироқ бу лавозимни “шоколод қироли”дан “газ маликаси” илиб кетган эди.

Юшченко томонидан Хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раиси этиб тайинланган Порошенкони олигархларга ҳуши йўқ Тимошенко ҳеч суймади ва бир-бирини коррупцияда айблаган иккала арбоб 2005 йилда вазифасидан истеъфога чиқарилди ва шу тарзда зарғалдоқчилар ҳокимияти фалаж ҳолга келди. Шунга қарамай Порошенко Юшченкога яқин одам бўлиб қолди ва собиқ президент олигархнинг эгизак қизларининг чўқинтирган вакил отасидир.

2. Тимошенко Россия билан бирга ишлашга қодир ягона арбоб эмас.

“Зарғалдоқ инқилоби” етакчиси¸ ғарбпараст сиëсатчи деган сифатларга қарамай Тимошенко доимо Кремл билан яқин алоқада бўлган ва бу яқинликдан яхшигина фойда ҳам кўрган. 90-йилларда айнан Россия газини импорт қилиш унга “газ маликаси” деган лақабни келтирди; 2009 йили Украина ва Россия ўртасида юзага чиққан газ бўҳронига барҳам беришга қаратилган музокараларда Путин айнан Тимошенко билан келишиш мумкинлиги ҳақида баëнот берган.

Қолаверса¸ Тимошенконинг яқинда шарқдаги сепаратчиларга қурол қўллашга қарши чиққани¸ уни Путиннинг одами деб билувчиларга қўл келди.

Айни пайтда¸ президент Кучма замонидан бери давлат бошқарувида ишлаб келаëтган Порошенконинг ҳам Россия билан дўстлиги¸ қолаверса Россияда шоколад фабрикалари бор. Яқинда у Украинанинг НАТОга қўшилиш истиқболи ҳақида Путинга ëн беришга тортадиган баëнот қилдики¸ бу ҳам унинг Москва билан дўстликни сақлаб қолиш нияти борлигини кўрсатди.

3. Сайловлар иккинчи босқичга кўчиши ва бу Тимошенко фойдасига ишлаши мумкин.

Украинада ўтказилган сўнгги ижтимоий сўров натижаларига кўра¸ сайловчиларнинг 44.4 фоизи Порошенко¸ атиги 8.4 фоизи Тимошенкога овоз бермоқчи. Бу эса¸ Порошенконинг биринчи босқич сайловларда ғолиб бўлиш учун лозим 50 фоизлик овоздан анча узоқлигини кўрсатмоқда.

Аммо Украинада “Тимошенко феномени” деб аталадиган бир ижтимоий ҳодиса борки¸ унга кўра “газ маликаси” ҳақиқий сайловларда башорат қилинганидан кўра 15 фоиз кўпроқ овоз олади. Агар бунинг устига умумсайловчининг 15 фоизи охирги дақиқага қадар кимга овоз беришини билмаслиги қўшилса¸ бу ҳам Тимошенко фойдасига хизмат қилиши мумкин.

Ҳатто биринчи босқичда Тимошенко Порошенкодан сезиларли кам овоз олган тақдирда ҳам¸ у сохтакорликлар ҳақида шикоят қилиб¸ 15 июнда иккинчи босқич сайлов ўтказилишига эришиши мумкин. Бундай вазиятда¸ Тимошенко тарафдорлари фаолроқ бўлиб¸ унга овоз берувчилар ҳам кўпроқ бўлиб чиқиши мумкин.

4. Порошенко баҳсга киришмайди.

Ҳозирга қадар Петро Порошенко сайловлардаги рақиблари¸ хусусан Тимошенко билан телебаҳс ўтказиш таклифини “пули тўланган томошада ўйнаб бермаслик” эътирози билан қатъиян рад этмоқда.

Бундай раддиядан ўз мақсадида фойдаланëтган Тимошенко эса¸ телемунозарага тайëрлиги¸ ўзи жавоб бера олмайдиган бирор савол йўқлигини айтмоқда.

“Порошенко ҳозирга қадар бирор марта очиқ баҳсда қатнашмади. Нимага? Сабаби¸ жамоатчилик учун муҳим саволларга жавоб беришдан қўрқади”¸ демоқда Тимошенко жумладан.

5. Ғарбнинг ҳамма қадриятлари ҳам қабул қилинаëтгани йўқ.

Яқинда Днепропетровск областида ўтказган сайловолди учрашувида Порошенко кўпчилик учун кутилмаганда¸ ўзининг бир жинсли никоҳга қарши эканини билдирди. Тимошенконинг бу масаладаги позицияси ҳозирча қоронғу. Муваққат Бош вазир Арсений Яценюк ўзининг “насроний ва юнон-католик” қадриятларига ҳурмати борлигини айтди ва шундан унинг ҳам бир жинсли никоҳга қарши эканига ишорат сифатида кўрилмоқда.

6. Сайловда номзоди қўйилган бошқалар ҳам бор.

Порошенко ва Тимошенкодан бошқа яна 19 нафар даъвогар расман рўйхатга олинган. Лекин номи кўпчиликка нотаниш бу президентлик ишқибозларининг сайловда ютиб чиқиш имкони деярли йўқлиги боис¸ матбуот уларга кўп ҳам тўхталмаëтир. Тўлиқ рўйхат билан мана бу ерда танишишингиз мумкин.

7. Алвидо Виталий.

Техник жиҳатдан¸ 25 май Виталий Кличко сиëсий каръерасида янги саҳифа очиши мумкин. Бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Порошенко фойдасига ўз номзодини қайтиб олди ва сайловдан кейин унинг Киев шаҳар ҳокими лавозимига тайинланиши кутилмоқда.

Украина пойтахтига ҳокимлик қилиш сиëсий жиҳатдан муҳим ва оғир иш. Ҳозирга қадар бу лавозимда ишлаганлардан бирортаси бу ишдан яхшилик билан кетган эмас. Оғир вазнли рақибларини бурчакка тиқиш билан танилган Кличконинг ўзини бу лавозимга келтириш билан рақибларини бурчакка қадайдими¸ йўқми¸ бу савол жавоби ҳозирча очиқ қолмоқда.

8. Буларнинг бари чиппакка чиқиши мумкин.

Украина президентлигига уч етакчи даъвогардан иккитаси миллиардер¸ бири миллионер.

Уларнинг барчаси кейинги ўн йил давомида сиëсатда бўлиб келган арбоблар. Шу боис¸ улардан бирортаси Украинада радикал ўзгаришларни талаб қилган Евромайдон сўровини қондира олмаслиги мумкин. Бундай пайтда эса¸ Украина тақдирини сайлов натижаси эмас¸ яна бошланиши мумкин янги Майдон ҳал қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG