Линклар

Қамоқда ўлган отаси рус қабристонига кўмилганини айтгани учун қамалган Зулфия очиққа чиқарилди

  • Шерзод

20 ёшли Зулфия Омонова 31 март куни ҳибсга олинган эди.

20 ёшли Зулфия Омонова 31 март куни ҳибсга олинган эди.

2013 йил апрелида Ўзбекистон қамоқхонасида вафот этган отасининг жасади қариндошларига берилмай руслар қабристонига дафн этилганини журналистларга айтгани учун “диний адоват қўзғаган”ликда айбланиб Ўшда ҳибсга олинган Зулфия Омонова Диншунослик тадқиқотлари институти унинг интервьюсида диний адоват йўқлигини тасдиқлаганидан сўнг 20 май куни суд ҳукми ўқилгунга қадар очиққа чиқарилди.

Шу йилнинг 31 март куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан қўлга олинган 20 ёшли Зулфия Омоновага нисбатан Қирғизистон жиноят кодексининг 299 -моддаси 1- банди билан “диний адоват қўзғаган”лик айблови қўйилмоқда.

- Зулфия Омонованинг уйи тинтув қилинганида “Хизбут-Таҳрир” ташкилоти варақалари топилган. Уни икки ойгача, яъни тергов якунлангунига қадар ҳибсда сақлаш бўйича Ўш шаҳар судининг қарори чиққан. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича тергов кетмоқда. Қирғизистонда “Хизбут - Таҳрир” ташкилоти экстермистик деб ҳисобланади ва бу ташкилот фаолияти тақиқланган, - деган эди Қирғизистон миллий хафсизлик қўмитаси матбуот котиби Рахат Сулайманов аввалги эштиришларимизда берган суҳбатида.

Маълумотларга қараганда, Зулфия Омонованинг уйини тинтув қилиш пайтида ашёвий далил сифатида мусодара қилинган компакт дискда “Хизбут - Таҳрир” партиясининг турли чақириқлари ва бундан бир йил аввал отаси ўлганидан аламзада қизнинг журналистларга берган интервьюси топилган.

Эслатиб ўтамиз, Зулфиянинг отаси Ҳабибулла Омонов Ўзбекистон суди томонидан 1999 йилда “Хизбут – Таҳрир” диний оқимига алоқадорликда ҳамда Ўзбекистон Конституциявий тузумига тажовузда айбланиб, 10 йилга қамалган эди. 2013 йилнинг 4 апрелида эса унинг қамоқда “юрак ҳуружидан вафот этган”и ҳақида хабар келган.

Омоновлар оиласига кўра, яқинлари ўз вақтида етиб келмагани боис марҳумнинг жасади Косон шаҳридаги рус қабристонига дафн этилган. Шундан сўнг марҳум оиласи Ўшда жаноза маросимини ўтказган. Ўша маросимдан сўнг Зулфия журналистларга интервью берган. Омоновлар оиласи ўша интервьюда Зулфия отасининг рус қабристонига кўмилганини айтгани учун “диний адоват қўзғаш”да айбланиб ҳибсга олинганини иддао қилган эди.

Ҳозирда уй қамоғига чиқарилган Зулфия Омонова ўзига нисбатан қўйилаётган айбловлар асосиз эканини айтмоқда:

- Мени ўша ҳолатимда бўлган ҳар бир одам бу гапларни айтса керак. Чунки мен 14 йил отасиз катта бўлганман. Мен 5 ёшимда отасиз қолиб, 14 йил дадамни ёнига бориб, унинг қийналган ҳолатларини кўриб, “чиқади”, деб турганимизда шундай вафот этиши, унинг хатто жасадини ҳам бермаслик... Мени ўрнимда бўлган ҳар бир одам бу гапларни гапирса керак эди. Мен у гапларни гапираётганимда хеч қандай диний низо ёки миллатлараро низо қўзиш мақсадим бўлмаган. Мени мақсадим, мусулмонларга “наҳот шундай адолатсиз бўлса, эй одамлар бизнинг устимиздан шундай ноҳақликлар бўлаябди”, дейиш эди, -дейди Зулфия Омонова.

Тергов жараёнида мазкур компакт диск қирғиз теологлари томонидан ўрганилган ва мутахасислар дискда “диний низо қўзиши мумкин бўлган чақириқлар бор”, деган хулосага келганлар.

Зулфиянинг адовкатлари эса бу эспертизага ишонмай, Зулфия туширилган тасвирни Диншунослик тадқиқотлари институтида теологик экспертизадан ўтказганлар. Институт томонидан берилган хулосада Зулфия нутқида диний адоват қўзиш чақириқлари бўлмагани айтилган.

Бундан ташқари Зулфия куч тизимлари томонидан “уйида тинтув ўтказилганида ашёвий далил сифатида Хизбут Тахрир дисклари олинди”, деган сўзларни хам инкор қилади.

- Мен 31 март куни СНБга бордим. Мени савол - сўроқ қилишди, кейин соат бешларда ИВСга олиб тушишди. Яъни мен ўз оёғим билан у ерга борганимда қамашди. Мен ҳеч қандай қочиб юрмаганман ёки орқамдан тушиб, излаб келиб, кўчадан машинасига солиб кетишмаган. Мени чақиришди, мен бордим, шундан кейин мени қамашди. Уйимизда ҳам хеч қандай тинтув бўлмаган. Уйимиздан ҳеч нарса топишмаган ҳам. Кейин менга ҳибс қилиш тўғрисидаги санкцияни бир ойга беришган, икки ойга эмас, - дейди Зулфия Омонова.

Унга кўра, мазкур иш юзасидан суд жараёни 27 май куни давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG