Линклар

logo-print

Бугун Украинада президентлик сайлови ўтказилаяпти. Мамлакат расмийлари мазкур сайлов Россия билан бўлган зиддиятни бартараф қилишга ёрдам беришига умид қилмоқдалар. Расмийлар мамлакат шарқида жойлашган ва катта қисми россияпараст айирмачилар назорати бўлган икки вилоятдаги участкаларнинг ҳаммасида ҳам сайлов бўлиб ўтиш-ўтмаслиги ҳақида қатъий бир фикр айтолмаяптилар.


25 май куни ўтказилаётган президентлик сайловларида Украинадаги сайловчиларнинг қарийб 80 фоизи қатнашишга тайёр. “Илька Кучерива номидаги демократик ташаббуслар” жамғармасининг Разумков номидаги марказ билан биргаликда ўтказган умумреспублика сўрови натижалари ана шундан далолат беради.

УНИАН ахборот агентлигининг Украина Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, президентлик сайловларида хорижда юрган 400 минг нафар украиналик ҳам овоз беради. Вазирлик овоз бериш жараёнида давомат юқори бўлишига умид қилмоқда.

Айни пайтда Украина сайловчилар қўмитаси, агар Украина шарқида вазият ўзгармайдиган бўлса, сайлов куни 5 фоизга яқин сайлов участкаси очилмай қолиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Украина бош вазири вазифасини бажарувчи Арсений Яценюк бу галги президентлик сайлови мамлакат шарқидаги вазиятни барқарорлаштириш учун биринчи қадам бўлажагини билдирди. Россия президенти Владимир Путин эса Москва Украинанинг янги ҳокимияти билан ишлашга ваъда берди. Киев Москвани Украина шарқидаги айирмачиларни дастаклаётганликда айблаб келади.

Шарқий Украинадаги Донецк ва Луганск вилоятларида, айрим маълумотларга кўра, россияпараст жанггарилар сайлов участкаларининг қарийб ярмини эгаллаб олишган ёки ёпиб қўйишган. Улар сайлов комиссияларига таҳдид қилаётганига оид маълумотлар бор.

“Донецк Халқ Республикаси” лидерларидан бири Денис Пушилин 24 май куни “мабодо зарурат туғилгудек бўлса”, исёнчилар овоз бериш жараёнга тўсқинлик қилиш учун куч ишлатишдан тоймасликларини айтиб, таҳдид қилган.

Бу орада Киев овоз бериш кунида хавфсизликни таъминлаш учун ўн минглаб полициячи ва кўнгиллилар сафарбар қилинганини урғуламоқда.

Украина бош вазири вазифасини бажарувчи Арсений Яценюк кечаги мурожаатида “хориждан молиялаштирилаётган бандитлар”нинг сайловни барбод қилишга оид таҳдидларга қарамай, украиналиклар овоз беришга масъул эканларини қайд этди.

Яценюк сайловда ғолиб бўлган киши учун Европа Иттифоқи билан эркин савдо шартномасини имзолаш устивор вазифа бўлишига ишонишини таъкидлади.

Гарчи сайлов бюллетенларида 21 номзоднинг исми қайд этилган бўлса-да, сайловчилар улардан 18 нафари учунгина овоз берадилар. Чунки сайловга саноқли кунлар қолганда давлат раҳбари лавозимига талабгор бўлган бир неча киши ўз номзодини қайтариб олган.

Аввалдан ўтказилган сўров натижаларига кўра, сайловда номзод Петр Порошенко пешқадамлик қилиши мумкин, бироқ бу пешқадамлик унинг биринчи босқичдаёқ ғалаба қозонишига кифоя қилмаслиги тахмин этилмоқда. Унга энг асосий рақиб Батькившчина лидери Юлия Тимошенко бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Украинада навбатдан ташқари президентлик сайловлари собиқ давлат раҳбари Виктор Янукович февраль ойида Россияга қочиб кетганидан кейин белгиланган.

Якшанба кунги овоз бериш жараёнини ЕХҲТнинг мингдан зиёд кузатувчиси кузатиб боради.

Овоз бериш жараёни қарийб 12 соат давом этади ва маҳаллий вақт билан соат 20.00 да (Тошкент вақти билан соат 22.00 да) поёнига етади.

Сайловнинг дастлабки натижалари 26 май куни маълум бўлиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG