Линклар

logo-print

Ўзбекистонда ҳибс қилинган Ғарбий Урал концерни раҳбари Поздеев озод қилинди


Россиянинг Пермь шаҳридаги Ғарбий Урал машинасозлик концерни Бош директори Александр Поздеев Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қарори билан ҳибсдан озод қилинди. Тошкентдаги Россия Федерацияси элчихонаси иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Вадим Чекмазовнинг маълум қилишича, соғлиги ёмонлашган 59 яшар Поздеев дарҳол Россияга қайтган.


Тошкентдаги Россия Федерацияси элчихонасининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Вадим Чекмазов Ғарбий Урал концернининг Ўзбекистонда қўлга олинган раҳбари Александр Поздеев озод қилингани ва дарҳол Россияга қайтганини маълум қилди.

Элчихонаси расмийсига кўра, Александр Поздеевнинг соғлиги ёмонлашган ва айни пайтда стационар тартибда даволанишга муҳтож аҳволда.

Александр Поздеев 12 май куни Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги расмий чақируви билан Тошкентга борган эди. Унинг “Деҳконобод” калий ўғитлари заводи ишлаб чиқариш қувватини ошириш масаласи муҳокама қилинадиган йиғинда иштирок этиши керак айтилган эди.

Бироқ, Александр Поздеев Ўзбекистон ҳукуматидан Ғарбий Урал машинасозлик концернига бўлган 36 миллион доллар қарзини тўлашни талаб қилганидан сўнг 13 май куни қўлга олинди.

Россиянинг “Новости” ахборот агентлиги ўз манбасига таянган ҳолда, Александр Поздеев “калий заводига оид жиноят иши доирасида Ўзбекистон Бош прокуратурасига чақиртирилган ва шундан сўнг ҳибсга олинган”и ҳақида хабар тарқатган.

Россия элчихонаси расмийсидан олинган маълумотларга кўра, концерн раҳбарига нисбатан 4 та модда асосида валютани яширганлик, Ўзбекистон манфаатларига зид келувчи иқтисодий шартномаларни имзолаганлик каби айбловлар илгари сурилган эди. Ҳозирга келиб, Александр Поздеевдан бу айбловлар олиб ташландими ёки йўқми - бу номаълум қолмоқда.

Куни кеча Россия Ташқи ишлар вазирлиги россиялик тадбиркор Александр Поздеевнинг Ўзбекистонда ҳибсга олинишидан норозилигини билдириб, буни икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларига жиддий путур етказувчи ҳолат ўлароқ баҳолаган эди:

"Адлия органлари тарафидан ўзаро конструктив ҳамкорлик қилиш тайёргарлигининг йўқлиги туфайли Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги доимо юқори бўлиб келтган стратегик шериклик ва иттифоқдошлик муносабатларига соя солувчи турли миш-миш ва шубҳа-гумонлар пайдо бўлмоқда", дейилган эди Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Шунингдек, вазирлик баёнотида Ўзбекистон Россиянинг Тошкентдаги эчилиги вакилларига жаноб Поздеев билан кўришиш учун рухсат берилмаётгани ҳам қўшимча қилинган эди.

Россиянинг Пермь шаҳридаги Ғарбий Урал машинасозлик концерни расмийлариам "Тошкент расмийлари амалга оширилган ишлар учун Россия ширкатига ҳақ тўламаслик мақсадида мана шундай йўл тутмоқда" мазмунида баёнот тарқатган.

Ғарбий Урал машиносаозлик концерни расмий сайтига кўра, концерн таркибига кирувчи “ЗУМК-Инжиниринг” масъулияти чекланган жамияти Деҳқонобод калийли ўғитлар заводини қуриб битирган ва завод 100 фоизли қувват билан ишга тушган. 2011 йили мазкур объектни фойдаланишга топшириш тўғрисидаги Давлат комиссияси акти имзоланган.

“ЗУМК-Инжиниринг” масъулияти чекланган жамияти томонидан Ўзбекистон Республикасида 2007 – 2014 йилларда имзоланган ва амалга оширилган шартномаларнинг умумий қиймати 280 млн. АҚШ долларидан кўпроқни ташкил қилади”, деб хабар қилган Концерн расмий сайти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG