Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:23

Малайзияда масжид қураётган ганчкор уста - Осимхон Мўминов


“Ислом ва мусулмонлар”нинг навбатдаги қаҳрамони - тошкентлик 62 яшар ганчкор уста, Малайзияда муҳташам масжидлар қураётган ўзбекистонлик тадбиркор Осимхон Мўминовдир. 18 йил давомида бу давлатда Осимхон уста шарқона услубда безаган йирик масжидлардан бири Куала-Лумпур марказидаги Петронас миноралари ичида бўлса, яна бири миноралар ёнида жойлашган 8 минг кишилик улкан масжиддир.


Мактуб

Малайзияда қурувчилик қилаётган Осимхон Мўминов ҳақида Озодлик тингловчиси таҳририятига мактуб йўллади.

Мактубда Осимхон Мўминов Малайзияда муҳташам масжидлар қураётгани, ганчкорлик ва ўймакорлик амалий санъати асосида қурилаётган масжидлар катта эътибор қозонаётгани ҳақида ёзди. Бу давлатдаги тингловчилар кўмагида мухбир Осимхон устани топди.

Маълум бўлишича, 18 йилдан буён бу давлатда яшаб-ишлаётган тошкентлик ганчкор уста Osym Sdn Bhd номли қурувчилик, ганчкорлик хизматларини кўрсатувчи ширкат раҳбаридир. 1980 йилда очилган бу ширкат шу кунга қадар 150 дан ортиқ йирик лойиҳаларда иштирок этган, баъзи объектларни тўлиқ қуриб, фойдаланишга топширган.

Осимхон уста билан у киши қураётган масжидлар, Малайзиядаги ҳаёт, ибодат ва айни пайтда, Ўзбекистон ҳамда дунёдаги бугунги мусулмонлар хақида суҳбатлашдик.


Ҳунар

1975 йилларда ҳарбий хизматдан туғилган шаҳри Тошкентга қайтган қаҳрамонимиз ота-онасининг маслаҳати билан ҳунарга йўналтирилган ва ганчкорликни ўрганган.

Бир қарашда одмигина кўринган бу ҳунар эгаси 1996-1997 йилларда Малайзия пойтахти Куала-Лумпурдаги эгизак бино – Куала-Лумпур Сити Центр ёки дунёда яна бир ном - Петронас миноралари номи билан танилган комплекснинг ички қисмига ишлов беришда иштирок этган ва бинодаги масжидни ўзбекона амалий санъат услубида безаган.
Осимхон Мўминов Тошкентда.
Осимхон Мўминов Тошкентда.
21 ёшлигида тошкентлик машҳур ганчкор уста қўлига ҳунар ўргангани борган кезларида Осимхон бир кун келиб дунёдаги қудратли мусулмон давлати саналган Малайзия пойтахтидаги 8 минг кишига мўлжалланган машҳур Ал-Бухорий масжидига ўз қўллари билан нақш солишини тасаввур ҳам қилмагандир.

- Тошкентлик машҳур уста Маҳмуд Усмонов қўлида ҳунар ўрганганмиз. Маълумотимиз ўрта. Асосан, шу ганчкорлик ҳунарини ўрганиб, шунинг орқасидан иш бошлаганман. Тошкентда кўп объектларда қатнашганман. Сквердаги метро, Горький метро бекатлари, аввалги Ленин музейларига ишлов берганмиз. Аслида совет иттифоқи бўйлаб, шунақа объектлар қурилишида кўп юрганмиз, - дейди Осимхон Мўминов.


Махатҳир Муҳаммад ташаббуси

18 йилдан бери Малайзияда бунёдкорлик ишларини қилаётган Осимхон Мўминов у қурган ва қурилишида иштирок этган объектларнинг каттагина қисмини айнан масжидлар ташкил қилишини айтмоқда.

Малайзия собиқ боши вазири Махатҳир Муҳаммад 1990-1998 йиллар оралиғида Малайзияда 20 йиллик даврни ўз ичига олган янги иқтисодий дастур - Vision 2020 дастури асосида ислоҳотлар бошлаган эди.

Ўша дастурлар асосида Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар, хусусан эндигина мустақил бўлган Ўзбекистон билан Малайзия ўртасида ўзаро сиёсий-иқтисодий-маданий алоқалар ўрнатилган. Икки томонлама маданий-иқтисодий дастурлар асосида Малайзияга бориб қолган Осимхон уста ўша даврда омади кулган ўзбекистонлик оз сонли ҳунарманд-тадбиркорлардан бири бўлди.

- Ўша вақтда Ўзбекистонга борган Малайзиянинг аввалги бош вазири Махатҳир Муҳаммад Тошкент, Самарқанд ва Бухородаги ўймакорлик, ганчкорлик билан ишлов берилган масжидлар, тарихий обидаларни кўриб ҳавас қилган. Кейин шунақа усталардан бир гуруҳини Малайзияга таклиф қилганида, биз ҳам бориб қолдик, - дейди Осимхон Мўминов.
Осимхон устанинг ширкати соладиган нақшлардан намуналар.
Осимхон устанинг ширкати соладиган нақшлардан намуналар.


Шу тариқа, бу киши собиқ Бош вазир тавсияси билан Куала-Лумпурдаги қатор йирик масжидлар, давлат аҳамиятидаги биноларга шарқона амалий санъат услубида ишлов берган ўзбекистонлик ўймакор, ганчкор ва наққош усталардан бирига айланди.

1980 йилларда Малайзидаги қурилиш ширкатларидан бирининг таклифи асосида Осимхон Мўминов Osym Sdn Bhd номли қурувчилик ва ганчкорлик хизматларини кўрсатувчи қўшма корхона тузди. Айни пайтда ушбу ширкатнинг раҳбаридир.


Ўзбекистон ва Малайзия масжидлари

Биз Осимхон Мўминовдан Ўзбекистондаги тарихий ва янги қурилган улкан масжидлар билан Малайзиядаги масжидлар фарқи ҳақида сўрадик.

- Ўзбекистондаги масжид ва тарихий обидалар Малайзияникидан анча бой, қадимий. Амалий санъат ва наққошлик нуқтаи назаридан. Малайзияда қадимдан масжидларга унча безак берилмаган экан. Оддийгина қилиб, қуриб қўйилган. Биз келганимиздан кейин бизга кўпроқ масжидларга безак бериш ҳақида талаблар туша бошлади, - дейди Осимхон уста.
Осимхон Мўминов Малайзияда.
Осимхон Мўминов Малайзияда.
Йўли тушиб, Куала-Лумпурга борадиган ҳамюртларини Осимхон уста шаҳар марказидаги 8 минг кишилик Ал-Бухорий масжидига таклиф қилди.

- Асли авлоди бухоролик бўлган катта олим - Саид Мухтор ал-Бухорий, деган олим ўтган бу давлатда. Бу киши қурдирган қадимий масжид бор марказда. Бундан ташқари, Куала-Лумпур Сити Центр биносидаги масжидга ҳам биз ишлов берганмиз, - дейди ўзбекистонлик уста.


Ҳалол меҳнат қилган мусулмоннинг йўли очиқ

Малайзияда масжидлар қураётган ҳунарманд уста Осимхон Мўминов диний илқи ҳақидаги саволимизга жавобан ўзига “ҳамма қатори беш маҳал намоз ўқиймиз, холос”, деб таъриф берди.

- Исломда чуқур илмимиз йўқ. Шу беш маҳал намоз ўқиймиз, Қуръон ўқиб турамиз. Унақа махсус илм олмаганмиз, - дейди Осимхон уста.

Икки давлатдаги ибодат ва мусулмонлар учун шарт-шароитлар бобида ҳам суҳбатдош қисқагина жавоб берди:

- Менимча, у қадар катта фарқ йўқ. Малайзияда ҳам масжидлар очиқ турганига қарамай, намоз ўқийдиганам кўп, ўқимайдиган ҳам кўп. Ўзбекистонда ҳам шу. Мен ўтган йили бориб, 6 ой Ўзбекистонда бўлдим. 5 маҳал масжидга қатнаб намоз ўқидим. Ҳеч ким, ҳеч нарса демади, - дейди тошкентлик ҳунарманд уста.

Эътибор қилганингиздек, Осимхон Мўминов Ўзбекистонда мусулмонлар ва исломга амалдаги ҳукуматнинг бугунги муносабати, диндорларнинг айрим тоифаларига қарши таъқиб ва тазйиқлар, ибодатнинг чеклангани оид кузатувлар масаласида ортиқча тўхталишни истамади.

У киши ўз ҳаётидаги асосий принцип – 5 маҳал намозни вақтида ўқиш, ҳаромдан тийилиш ва ҳалол меҳнат қилиш эканини айтиш билангина чекланди.

- Тўғри ибодатини қилиб, тўғри ишини қилиб юрган, ҳалол меҳнатда бўлган одамларга ҳеч қаерда ҳеч ким ҳеч нарса демайди, менимча, - деб ҳисоблайди ўзбекистонлик ганчкор уста Осимхон Мўминов.

Хорижда юрган ўзбекистонлик мусулмонларнинг бугунги ҳаёти, юмушлари ҳамда Ислом ва мусулмонлар ҳақидаги хулосалари билан таништириш мақсадида қурганимиз навбатдаги суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:11 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG