Линклар

Порошенко Украинадаги президентлик сайловида ғалаба қозонганини иддао қилди


Петро Порошенко.

Петро Порошенко.

Украина президенти лавозимига номзод Петро Порошенко якшанба кунги сайловларда ғалаба қозонганини эълон қилди.

Учта экзит-пол натижаларига кўра, у сайловнинг биринчи босқичидаёқ тақрибан 56 фоиз овоз олган.

Иккинчи ўринда 12 фоиз овоз жамғарган собиқ бош вазир Юлия Тимошенко бормоқда.

Якшанба куни ўз штабида ўтказилган брифингда чиқиш қилган Порошенко президент сифатида биринчи галдаги вазифаси Украинадаги урушни тўхтатиш ва тинчликни қарор топтириш эканини айтди ҳамда давлат раҳбари ўлароқ биринчи сафари Донбассга бўлишини қайд этди.

Порошенкога кўра, Украина ҳеч қачон Қримнинг Россияга қўшиб олиниши ва мамлакат шарқидаги референдумлар натижасини тан олмайди. У украиналиклар Европа интеграцияси йўлини танлашларини билдирди.

Порошенконинг асосий рақиби Юлия Тимошенко президентлик сайловлари ҳалол ўтганини тан олган, бироқ журналистларнинг: «Ўз рақибингизни сайлов натижалари расман эълон қилингунича ғалаба билан табриклайсизми?» деган саволини жавобсиз қолдирган.

Оқ уй матбуот хизматининг маълум қилишича, АҚШ президенти Барак Обама Украинанинг янги президенти билан ҳамкорлик қилишга умид билдирган.
XS
SM
MD
LG