Линклар

Украина президенти лавозимига номзод Петро Порошенко сайлов бюллетенларининг учдан бири қайта ишлаб бўлинганидан кейин мамлакатнинг 25 та ҳудуди, шу жумладан, Луганск ва Донецк вилоятларида олдинда бормоқда.


Украина Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматининг маълум қилишича, Порошенко учун сайловчиларнинг 54 фоиздан ортиқроғи овоз берган.

Иккинчи ўринда 13 овоз жамғарган собиқ бош вазир Юлия Тимошенко бормоқда. Учинчи ўринни эса 8,5 фоиз овоз билан Радикал партия лидери Олег Ляшко эгаллаб турибди.

Сайловда ғалаба қозониш учун номзод 50 фоиздан кўпроқ овоз олиши лозим.

Украина Марказий сайлов комиссияси тарқатган дастлабки маълумотларга кўра, якшанба куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг қарийб 61 фоизи иштирок этган.

Кечаги сайловда львовликлар энг фаол (77 фоиз сайловчи), донецкликлар эса энг пассив (14 фоиз сайловчи) бўлган.

Мамлакат шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятларида қуролли айирмачилар тўсқинлиги туфайли сайлов участкаларининг кўпи очилмаган.

Қримда яшовчи татарлар эса Херсон вилоятининг Новоалексеевка қишлоғидаги сайлов участкасида овоз берганлар. Озодлик мухбирининг хабар қилишича, улар президентлик сайловларида иштирок этиш учун Россия ва Украина чегараларидан уюшган ҳолда ўтганлар.

“Опора” фуқаровий кузатувчилар ташкилоти бутун мамлакат бўйлаб овоз бериш жараёнида 397 та қонунбузарлик қайд этган. Уларнинг аксарияти сайловолди ташвиқотига оид тартиб-қоидаларнинг бузилиши билан боғлиқ.

Порошенконинг асосий рақиби Юлия Тимошенко президентлик сайловлари ҳалол ўтганини тан олган, бироқ журналистларнинг: “Ўз рақибингизни сайлов натижалари расман эълон қилингунича ғалаба билан табриклайсизми?” деган саволини жавобсиз қолдирган.

Якшанба куни ўз штабида ўтказилган брифингда чиқиш қилган Порошенко президент сифатида биринчи галдаги вазифаси Украинадаги урушни тўхтатиш ва тинчликни қарор топтириш эканини айтди ҳамда давлат раҳбари ўлароқ биринчи сафари Донбассга бўлишини қайд этди.

Порошенкога кўра, Украина ҳеч қачон Қримнинг Россияга қўшиб олиниши ва мамлакат шарқидаги референдумлар натижасини тан олмайди. У украиналиклар Европа интеграцияси йўлини танлашларини билдирди. Шуниндек, у Россия президенти Владимир Путин билан учрашиш ҳамда “йиғилиб қолган масалалар”ни ҳал қилишга киришишга умид қилаётганини ҳам билдирди.

Россия президенти жума куни Санкт-Петербург шаҳрида қилган чиқишида Украинанинг янги маъмурияти билан биргаликда ишлашга ваъда берганди.

Айни пайтда, Оқ уй матбуот хизматининг маълум қилишича, АҚШ президенти Барак Обама Украинанинг янги президенти билан ҳамкорлик қилишга умид билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG